Ўзбекистон: Экспертлари Ўзбекистондаги ислоҳотларни муҳокама қилиб олдилар
Ўзбекистон: Экспертлари Ўзбекистондаги ислоҳотларни муҳокама қилиб олдилар
“Замонавий Ўзбекистонда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар: ҳозирги аҳволи ва истиқболи” дея аталувчи халқаро форум уч кун давом этиб 22 июль куни ниҳоясига етди.
Конференция Фуқаролик жамиятини ўрганиш маркази, Сиёсий тадқиқотлар маркази, Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлиги, АҚШ Милиий демократик институти, Халқаро муносабатлар Европа институти ва Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакилларининг иштирокида ўтди.
O’zА Миллий ахборот агентлигининг хабар беришича, давра суҳбати иштирокчилари мамлакатда давлат ва жамият қурилиши соҳасида “тизимли ҳамда изчил амалга оширилаётган туб ўзгаришлар натижасида самарали фаолият кўрсатадиган мутаносиблик ва мувозанатли сақлаш тизими, хусусан, мустақил парламент, суд тизими ташкил этилганини таъкидладилар”.
“Амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш концепциясини рўёбга чиқариш борасида қўлга киритган ютуқлардан далолатдир”, - дея ёзади ҳукуматга қарашли сайт.
Расмийлар ислоҳотлар ўтказаётганларини 2008 йил бошида намойиш эта бошладилар. Ўшанда Ислом Каримов навбатдаги президент сайловларида ғалаба қозонган ҳамда табиий ресурслар ва стратегик жиҳатдан муҳим бўлган мамлакатни қаторасига учинчи муддат давомида бошқаришни бошлаган эди.
Аввалига мамлакатда ўлим жазоси бекор қилинди, шундан кейин суд-ҳуқуқ тизимининг ислоҳоти доирасида баъзи-бир қонунчилик меъёрлари либераллашди, бир неча сиёсий маҳбуслар озодликка чиқдилар, фақат партиявий рўйхатлар асасида шаклланнадиган мамлакат парламенти - Олий Мажлисда (Қуйи палатасида) депутатлар ўринлари сони кўпайди.
Тадбиркорликни қўллаш учун эса солиқ текширувларини камайтириш ҳамда маъмурий назоратни енгиллатишга қарор қабул қилдилар.
Эълон қилинаётган ютуқлар агар улар чиндан ҳам амалда қўлланадиган бўлса яхши бўларди, дея қайд этадилар NBCA шарҳловчилари.
Ўзбекистонда мустақил суд тизимининг йўқлиги важидан журналист ва ҳуқуқ-ҳимоячиларига сиёсий сабабдан сохталаштирилган айбловлар қўйиш давом этмоқда, ҳокимиятнинг барча жабҳалари илгаригидек ҳамон мамлакат президентининг назорати остида, оммавий ахборот воситалари эса мустақилликдан маҳрумлар ва махсус хизмат идоралари уларнинг фаолиятини хушёрлик билан назорат қилиб борадалар.
“Бундай шароитларда қандай қилиб сиёсий ёки иқтисодий ислоҳотлар ҳақида гапириш мумкин?” - дея қайд этади муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.
Давра суҳбатининг иштирокчиси, Германиядаги “Шарқий Европада бозор иқтисодиёти ва демократияни равожлантириш” бирлашмасининг раҳбари Детлав Краа NBCA билан суҳбат давомида Ўзбекистонда мавжуд сиёсий жараёнларнинг шаффоф эмаслигига ҳамда унга кўра, мамлакат парламентининг ўйнаётган заиф ролига ишора қилди.
“Қонун лойиҳаларнинг аксарияти ҳукумат томонидан парламентда кўриб чиқиш учун тақдим этилади, - дейди у. – Бу эса мамлакат парламенти сиёсатда сезиларли роль ўйнамаётгани, амалда ҳукумат қарорларини тасдиқловчи бир идора сифатида қолаётганини кўрсатмоқда”
Экспертга кўра, жамоатчилик депутатлар фаолияти устидан назорат ўрнатмас экан, ҳокимият қонун ишлаб чиқарувчи тармоғининг ишлаш самарадорлигига эришиб бўлмайди.
Голландиялик сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича консультант, Европа Кенгаши Ассамблеясининг аъзоси Жан Дирк Блау кўп партиявийлик тизимининг киритилишини прогресс дея ҳисоблагани билан, расмийлар қандайдир партиянинг парламентда бош ролни эгаллаб олишига йўл қўя олмайдиларми дея шубҳаланмоқда.
“Муаммолар бор”, - деди у NBCA билан суҳбатда.
Россиядаги “Тренд” экспертлик агентлигининг директори Михаил Виноградов суҳбатга қўшила туриб, ахборот олишга йўл тўсиб қўйилгани важидан ҳақиқий аҳволни таҳлил қилиш қийин кечади, деб айтмоқда.
“Ҳар доим ҳам вазиятга реал баҳо бериш имконияти бўлмайди”, - дейди Виноградов. У Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар билан яқинроқ танишиш учун форумда иштирок этгани келган эди.
Аммо, экспертга кўра, Ўзбекистоннинг кичик бизнесга маъмурий босимни чеклаш ҳамда тадбиркорларнинг солиқ текширувлари миқдорини камайтириш бўйича тажрибаси жуда ҳам қизиқарли бўлиши мумкин.
Ўзбекистон иқтисодиётининг изоляцияланиб қолиш муаммолари ҳақида бошқа шарҳловчилар ҳам гапирмоқдалар.
Суҳбатдошлардан бири коррупция даражасининг юқорилиги ҳамда қўшма корхоналар томонидан олинаётган маблағларнинг номутаносиб тарзда тақсимланиши билан боғлиқ инвесторлар учун мавжуд қийинчиликларга ишора қилди.
“Ўзбекистоннинг эришган энг асосий ютуғи – барқарорлик бўлиб бу ерда кенг кўламли ижтимоий норозиликлар кузатилмайди, - дея қайд этади Берлин федерал ери Савдо-саноат палатасининг раиси Кристиан Визинхюттер. – Аммо бу каби барқарорлик ҳам ривожланишга тўсқинлик қилиши мумкин”.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)