Ўзбекистон ҳукумати ишчи миграцияси мавжудлигини инкор қилмоқда

Расмийларнинг меҳнат муҳожирлиги муаммосини тан олишни истамаётгани уларни самарали ҳимоя қилиш учун асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ишчи миграцияси мавжудлигини инкор қилмоқда

Расмийларнинг меҳнат муҳожирлиги муаммосини тан олишни истамаётгани уларни самарали ҳимоя қилиш учун асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Uzbek migrant workers get little support from their government if they run into trouble abroad. (Photo: Andrey Kudryashov/IWPR archive)
Uzbek migrant workers get little support from their government if they run into trouble abroad. (Photo: Andrey Kudryashov/IWPR archive)

Хорижда ишлаётган юз минглаб ўзбеклар мутлақо ҳимояланмаган, чунки уларнинг ҳукуматлари меҳнат муҳожирлиги муаммоси мавжудлигини тан олмайди, дейдилар ҳуқуқ фаоллари.

Ўзбекистонлик ишчилар худди қўшни Тожикистон ва Қирғизистондан бўлган мардикорлар каби сўнгги йилларда тўп-тўп бўлиб чет элга кета бошлади. Ўз ватанидаги оғир иқтисодий вазиятдан қутилиш истагида бўлган одамлар Россия ва Қозоғистонда тузуккина пул топишга ҳаракат қилмоқдалар.

Шунга қарамай, Тожикистон ва Қирғизистон расмийларидан фарқли равишда Ўзбекистон раҳбарияти фуқароларнинг бошқа мамлакатга пул топиш учун оммавий равишда кетиш ҳодисасини (шунингдек, муҳожирлар уйга сезиларли миқдорда пул юбораётганини) тан олмайди, чунки ўзбек расмийлари мамлакат иқтисоди гуллаб-яшнамоқда, деган фикрда. Бунинг натижасида расмийлар муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқлари топталмаслиги учун ҳаракат ҳам қилмаяптилар, уларга нафақа ва пособиялар беришдан бош тортаяптилар ҳамда ўз фуқаролари чет элда ёмон муносабатга ёки ундан ҳам баттароғига дуч келган чоғда бирор чора кўрмаяптилар.

Афтидан расмийларнинг бунақа позицияда туришига муҳожирларнинг катта қисми нолегал экани сабаб бўлмоқда, улар гўё йўқ ва шунинг учун ҳам муҳожирларни мамлакат хорижида ўлдирганларида ёки улар нохуш вазиятга тушиб қолганларида давлат бунга аралашишига ҳожат йўқ, деган мулоҳазада бўлаяптилар.

РАСМИЙЛАР ФУҚАРОЛАРНИНГ ОММАВИЙ РАВИШДА КЕТИШ КЎЛАМИНИ ОЗАЙТИРИБ КЎРСАТМОҚДА

Ўзбекистон Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат муҳожирлиги масалалари бўйича агентлиги вакилининг сўзларига кўра, хорижда ишлаётган фуқаролар сони бор-йўғи бир неча минг кишини ташкил қилади, холос. Бироқ Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотларига кўра, аҳолиси 28 миллион кишини ташкил қиладиган республика фуқароларининг икки миллиондан беш миллионгачаси мамлакат ташқарисида, асосан Россия ва Қозоғистонда, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Кореяда тирикчилик қилиб юрибди.

Ҳозирда АҚШда яшаётган ўзбекистонлик таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, ишчи кучи оқими муҳожирлар томонидан ўз оилаларига юборилаётган пул жўнатмалари ҳисобига мамлакат иқтисодиётига сезиларли ҳисса қўшибгина қолмай, даражаси юқори бўлган ишсизлик юзага келтирмиш ижтимоий босимни ҳам сусайтирмоқда.

“Ҳар бир муҳожир йилига уйига камида 1500 доллардан жўнатаяпти, бу эса уларнинг Ўзбекистонда қолган оиласи учун анча катта пул, - дея изоҳ беради у. – Ўз меҳнати учун ҳақ олиш баробарида муҳожирлар янги ғоялар билан бойимоқдалар, корчалонлик малакасини ҳосил қилмоқдалар ва уларнинг айримлари уйларига қайтганларидан кейин ўз бизнесини очмоқда”.

Бироқ уларнинг бу ҳиссаси тан олинмай қолмоқда. Жамоатчилик одамларнинг пул топиш учун тўп-тўп бўлиб Россияга кетаётганини эътироф этиб турган бир пайтда Ўзбекистон ҳукумати мамлакат иқтисоди кундан кунга мустаҳкамланиб бораётганини урғулашдан чарчамаяпти.

1 сентябрь – Ўзбекистон мустақиллиги куни президент Ислом Каримов ўзининг мамлакат аҳолисига мурожаатида Совет Иттифоқи тарқалишидан бир йил олдинги 1990 йилдан то 2010 йилгача мамлакат ички ялпи маҳсулоти ҳажми 250% га ўсганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, 2010 йил охирига келиб мамлакатда ўртача ойлик маош ҳажми 500 долларга тенг бўлади. Бу рақам қўл етмасдай кўринади, чунки ҳатто расмийларнинг ўзлари июнь ойи учун берган маълумотларда ўша пайтда ўртача ойлик маош, энг оптимал валюта курсидан келиб чиқиб ҳисобланганда, 200 долларни ташкил этган.

“Расмий Тошкент ҳар йили миллионлаган иш ўринлари яратилаётганини билдириб ва мамлакатда ишсизлик даражаси юқори эканини тан олмай, кўп йиллардан буён улкан иқтисодий ўсиш билан мақтаниб келади, - дейди Йўлдошев. – Айни пайтда Ўзбекистон бошқа [собиқ совет] давлатлари, хусусан, Россия бозорларига ишсиз ишчиларни етказиб берувчи асосий мамлакат бўлиб қолмоқда”.

Ўзбекистонда фаолият юритувчи “Эзгулик” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти вакили Абдураҳмон Ташанов бунга шундай қўшимча қилади: “Бу пропагандистик кўзбўямачилик хўжакўрсин фаровонлик манзарасини пайдо қилади. Расмийларнинг қайсарлиги туфайли меҳнат муҳожирлари ҳатто энг минимал ижтимоий кафолатлардан ҳам маҳрум”.

IWPR мавзу юзасидан маълумот олиш учун Ўзбекистон меҳнат муҳожирлиги агентлиги билан боғланган пайтда агентликнинг исмини айтишни истамаган вакили бунақа муаммо борлигини тасдиқлашдан ҳам бош тортди.

“Муҳожир оқими йўқ. Ҳаммаси ўз меъёрида кетаяпти. Миграция ҳуқуқий доирада содир бўлаяпти, - деди у телефон орқали. – Агар ноқонуний муҳожирлар бўлса, бу биз шуғулланадиган масала эмас”.

МУҲОЖИРЛАР ҚОНУН ТАШҚАРИСИДА

Юқорида келтирилган изоҳлар қуйидаги асосий муаммони ўзида акс эттиради: Ўзбекистондан қонунга мувофиқ равишда меҳнат муҳожири сифатида қайддан ўтиб чиқиб кетиш жараёни шу қадар мураккабки, шу боис фуқароларнинг кўпчилиги буни четлаб ўтишга ҳаракат қилади.

Ўзбекистондаги таҳлилчиларнинг нодавлат лигаси бўлмиш Экспертлар ишчи гуруҳи муҳожирнинг ариза бериш жараёни икки ҳафта вақт олиши ва моҳиятан даромади кам ёки умуман ишсиз бўлганлар учун ўта қиммат эканини баён қилади.

Нима бўлганда ҳам, миграция агентлиги ариза берувчи кўпчилик фуқароларга чет элдан иш топиб бериш имкониятига эга эмас. Шунинг учун ҳам кўп ўзбекистонликлар таваккал қилиб, Россияга нолегал равишда чиқиб кетмоқда, баъзан улар иш топиб бериш бўйича берилган ваъдаларни бажара олмайдиган хусусий меҳнат агентликлари хизматларидан фойдаланмоқдалар.

Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида фаолият юритувчи “Нажот” ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳи раиси Ҳайитбой Ёқубов, агар бирор киши бир неча йил чет элда ишлайдиган бўлса, у хорижда қонуний ёки ноқонуний ишлашидан қатъий назар, мамлакат ижтимоий таъминот тизимидан чиқиб кетишини айтади. Совет давридан буён қарийб ўзгармаган бюрократик тизим одамлардан чет элда бўлган пайтда ололмайдиган ҳужжатлар тақдим этишни талаб қилади.

“Агар бирор киши чет элда ишлаётган бўлса, у пул топиши мумкин, бироқ бунақа одамлар уйга қайтганларидан кейин улар, айтайлик, пенсия олишга умид қилмасалар ҳам бўлади, чунки улардан Ўзбекистонда ишлаганлари ва бу мамлакатга ижтимоий тўловлар тўлаганларини тасдиқловчи ҳужжатлар, яъни уларда бўлмаган ҳужжатлар талаб қилинади, - деган Ёқубов айнан шу сабабли “ҳатто муҳожирнинг уйида вояга етмаган фарзандлар қолган бўлса ҳам, хотини болалар учун пособия ололмайди”, дея қўшимча қилади.

ҲУКУМАТ ЧЕТ ЭЛДАГИ ФУҚАРОЛАР ҲИМОЯСИГА ЧИҚИШИ КЕРАК

Ўзбекистонлик ишчилар Тожикистон ва Қирғизистондан бўлган муҳожирлар каби, одатда, қурилиш майдонларида, фермаларда, ўрмонларда ёки умумий овқатланиш жойларида кам ҳақ тўланадиган ишларда ишлайдилар.

Йўлдошев сўзларига кўра, уларнинг кўпи кунига 15 соатлаб, ҳафтасига олти кунлаб ишлайдилар ва “одам яшаб бўлмайдиган ертўла ва бошқа жойларда ёки йил бўйи чодирларда” яшайдилар.

Нолегал ишчилар ўзлари ишлаётган мамлакат қонунлари томонидан ҳимояланмаган бўлиб, улар фақат иш берувчисининг карам-марҳаматига умид қилишлари мумкин, холос. Улар адолатсиз муносабат учун ёки иш пайтидаги бахтсиз ҳодиса учун товон пули ёхуд минимал иш ҳақи ҳам талаб қила олмайдилар. Шунингдек, муҳожирлар ўзларини депортация билан қўрқитувчи ҳуқуқ-тартибот идораларининг таҳқирига ва юлғичлигига ҳам чидашга мажбур.

“Мени ишлатадиган хўжайин учун бизнинг нолегал равишда ишлашимиз яхшироқ, - дейди Қозоғистонда ишловчи ўзбеклардан бири Шавкат Азизов. – Биз бу ерда ҳеч қанақа ҳақ-ҳуқуққа эга эмасмиз... бизни яхши боқмайдилар, бизга кам ҳақ тўлайдилар, биз билан қўпол муомалада бўладилар”.

Олмаоталик сиёсатшунос Дўсим Сатпаевнинг айтишича, “то ўзбекистонлик мардикорлар ҳақ-ҳуқуқсиз экан, улар Россияда ишлаш имконияти учун куч ишлатар тузилмалар ходимларига пул тўлашга рози бўлиб юраверадилар. Ажабланарлиси шундаки, нолегал муҳожирлар сони тобора кўпайиб бормоқда”.

Албатта, меҳнат муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқларининг бузилиши Ўзбекистоннинг эмас, балки қабул қилувчи мамлакат муаммоси бўлиб ҳисобланади. Бироқ Ўзбекистон расмийлари Москва билан ҳеч бўлмаганда легал меҳнат муҳожирларига асосий шарт-шароитларни яратиб бериш борасида келишиб олишга уринаётган Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарияти каби ўз фуқаролари ёнини олмаяпти.

Ўзбекистон миграция агентлиги Россия билан 2007 йилдан буён ўзаро шартнома борлигию бу шартнома ўзбекистонлик фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя қилинишини кафолатлашини қайд этади.

Шунга қарамай, ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон ҳукумати меҳнат муҳожирлигининг барча жиҳатларини (иш қидиришдан то муҳожирларнинг ватанга қайтишигача) тартибга солувчи халқаро шартномалар тузишини истамоқдалар. Гап БМТнинг 1990 йилда қабул қилинган Меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оилалари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги конвенцияси, шунингдек, Миграция соҳасидаги суиистеъмоллар ҳақида ҳамда Меҳнат муҳожирларини тенг имконият ва яхши муносабат билан таъминлаш ҳақидаги конвенция каби ҳужжатлар устида кетмоқда.

Хорижда ишлаётган марказий осиёликлар бахтсиз ҳодисаларга олиб келувчи хавфли шароитларда ишлашга мажбур бўлибгина қолмай, Россияда миллатчилар ҳужуми нишонига ҳам айланиб қолмоқдалар.

Москвадаги инсон ҳуқуқлари бюроси ўтган йил мобайнида Россияда 11 нафар ўзбек мардикори ўлдирилгани, олти ўзбекистонлик эса жиддий тан жароҳати олгани ҳақида маълум қилади. “Нажот” ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳи маълумотларига кўра эса, яна тўрт муҳожир шу йил ёзида ўлдирилган.

Россиянинг Новосибирск шаҳрида ишлаётган, ўзини Баҳром деб таништирган муҳожир IWPRга кейинги пайтда ўзбек муҳожирларининг ғойиб бўлиб қолиш тенденцияси тобора кучайиб бораётгани ҳақида гапириб берди. Йўқолиб қолган кишиларнинг қариндошлари бунақа ҳолатда кўпинча маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қиладилар, аммо бу фойда бермаяпти.

Ёқубов сўзларига кўра, меҳнат муҳожирларининг ўлдирилиши ёки йўқолиб қолиши бўйича ўзбек расмийлари кўпинча текширув ҳам олиб бормаяптилар.

Унинг ишонишича, агар Ўзбекистон ҳукумати амалдорлари россиялик ёки қозоғистонлик ҳамкасбларига бу ҳодисаларни текшириш ҳақида илтимос билан мурожаат қилганларида эди, бу ишлар бўйича жиноий ишлар қўзғатиш эҳтимоли кўпроқ бўларди. Бироқ у ўз тажрибасига таянган ҳолда бунақа ҳолат мутлақо кузатилмаётганини айтади.

“Ўзбекистон Бош прокуратурасида меҳнат муҳожирлари билан ишлаш бўйича бўлим бор ва биз уларга йўқолиб қолган муҳожирларни қидириш бўйича чора кўриш илтимоси билан юзлаб хатлар жўнатдик. Афсуски, бугунги кунда прокуратура ёки бошқа давлат агентлиги йўқолганларни қидириш бўйича ёрдам бергани юзасидан бирорта ҳам мисол келтира олмайман, - дейди Ёқубов. – Улар бизга қарийб ҳеч қачон жавоб бермаганлар. Фақат бир марта улар нолегал муҳожир мамлакатни тарк этаётган пайтда расмийларни огоҳлантирмагани учун ҳеч қанақа ёрдам беролмасликларини айтиб, жавоб қилган бўлдилар”.

Муҳожирлар хорижда нохуш ҳодисага дуч келган пайтда расмийлар уларга фаол ёрдам беришини исташ билан бир қаторда Ёқубов муҳожирлар Ўзбекистондан кетгунча уларни ҳимоя қилиш бўйича мамлакатнинг ўзида қатор тадбирлар амалга оширилиши лозимлигини айтади. Масалан, муҳожирлар учун уларнинг маоши ҳамда фавқулодда харажатларни қоплаш учун пул ўтказиб туриладиган банк ҳисоб рақамлари очилиши каби.

“Агар бу муҳожирлар қонуний (легал) иш топганларида, бу ҳақда элчихонага маълум бўларди ва улар Ўзбекистон ҳукуматига ижтимоий тўловлар тўлаб турган бўлардилар, расмийлар эса уларнинг яшови билан кўпроқ қизиққан ва [улар йўқолиб қолган тақдирда] уларни қидириш учун пул топган бўлардилар”, - деди у.

Шоҳида Сарварова ва Камилла Абдуллаева – Ўзбекистондаги журналистлар тахаллуси.

Мазкур мақола IWPRнинг Европа Комиссияси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиёда оммавий ахборот воситалари орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ҳуқуқий таълим” ҳамда Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан молиялаштириладиган “Ҳуқуқни ҳимоя қилиш масалалари, зиддиятларни ёритиш ва ишончни мустаҳкамлаш бўйича ахборот дастури” лойиҳалари доирасида тайёрланган.

IWPR Европа Иттифоқи мамлакатлари ёки Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги қарашларини мутлақо акс эттирмайдиган мазкур мақола мазмуни учун масъулиятни тўлалигича ўз зиммасига олади.

 

Kazakhstan
Economy
Frontline Updates
Support local journalists