Ўзбек шаҳридаги лойқа сув

Сув хўжалигига ётқизилажак сармоянинг мудом етишмаётгани шаҳар аҳлини сув билан таъминлашда узилишлар юзага келиши сабаб бўлмоқда.

Ўзбек шаҳридаги лойқа сув

Сув хўжалигига ётқизилажак сармоянинг мудом етишмаётгани шаҳар аҳлини сув билан таъминлашда узилишлар юзага келиши сабаб бўлмоқда.

Entrance to Angren's water treatment plant. (Photo: Georgy Vitryakov)
Entrance to Angren's water treatment plant. (Photo: Georgy Vitryakov)
Inside the plant, the purification equipment is badly in need of modernisation. (Photo: Georgy Vitryakov)
Inside the plant, the purification equipment is badly in need of modernisation. (Photo: Georgy Vitryakov)

Ўзбекистондаги саноат шаҳри бўлмиш Ангренда яшовчилар ўзларига сув мунтазам равишда берилмаётгани ва унинг ифлослигидан шикоят қилмоқдалар. Водопровод орқали сув суткасига бир неча соатгина берилади ҳамда кўпинча у ифлосланган ва бадбўй бўлади.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан 100 километр жануброқда жойлашган ва 170 минг киши истиқомат қиладиган шаҳарда сув таъминоти билан боғлиқ муаммо маҳаллий сув тозалаш станциясига кўп йиллардан буён сармоя етишмаётганидан бошланган. Инфратузилманинг абгорлиги ходимларни сув етказиб беришни таъминлаш учун қонун-қоидаларни айланиб ўтишга мажбур қилган.

Совет даврида Ангрен машинасозлик, каучук ва қурилиш материаллари заводлари бўлган саноат марказига айланганди ва бу корхоналар вилоятдаги кўплаб кўмир конлари ҳисобига ишларди.

Ўзини Илҳом деб таништирган ангренлик нафақахўр аҳоли крандан челак ва пластик идишларга қай тариқа сув ғамлашини тасвирлаб берди.

“Сувни тўкиб ташласангиз, идиш тубида албатта лойқа, чиқинди ёки қум юқи қолади. Ёмғир ёққан пайтда крандан лой ҳиди анқиб турган жигарранг сув оқади, - дейди у. – Ҳар доим аҳвол шу... Нима ҳам қилардик?”

Электрнинг ҳар куни ўчирилаётгани магистрал қувурлар орқали сув етказиб беришдаги тартибни издан чиқарган ва бу ҳолатни тармоқдаги кўплаб носозликлар янада мураккаблаштирмоқда. Шаҳар санитария-эпидемиология хизматида ишловчи манба IWPRга водопровод тармоғининг 90 фоизини таъмирлаш ёки алмаштириш зарурлигини айтди.

Вазият Ангрен яқинида яшаётган, водопроводга уланиб, сувни ўз эҳтиёжи учун ишлатаётган одамлар ҳисобига ҳам ёмонлашмоқда.

Расмийларнинг соғлиқни сақлаш соҳаси экспертлари сўзларига таянган ҳолда маълум қилишларича, сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар одамлар саломатлиги учун хавф туғдирмайди. Ангрен шифохонаси сув орқали юқадиган касалликлар ҳақида маълумотлар тақдим этишдан бош тортди, шаҳар санитария-эпидемиология станцияси эса сўнгги беш йил ичида одамлар водопроводдан эмас, балки қудуқдан ифлосланган сув ичгани бўйича фақат битта ҳолат қайд этилганини билдирди.

Шифокорлар сўзларига кўра, водопровод сувининг қайнатилиши унинг хавфсизлигини таъминлайди ва Ангрен аҳлига бу маълумот етказилган.

Ангренлик Диля ўз оиласи жўмракдан олинган сувни ичишдан олдин тиндиришини, бироқ қайнатмаслигини айтади.

“Уни қайнатиб нима қиламиз, ахир унга ишлов берилади-ку. Сувимиз туппа-тузук”, - дейди у.

Коммунал сув таъминоти билан шуғулланувчи шаҳар ширкати (Водоканал) марказий ҳокимиятдан маблағ олмайди. Бу ташкилот ҳатто сув учун ҳақ тўлаши керак бўлган истеъмолчилардан ҳам кўпинча пул ундиролмаяпти. Шунинг учун ширкат ходимлари сув тозалаш станциясини таъмирлай олмаяптилар, станцияга янги жиҳозлар ўрнатиб, сув сифатини синовдан ўтказолмаяптилар.

Ангрен суви келиб чиқиш манбасига қараб турли йўллар билан – ультрабинафша нурлари, хлорка ёки озон билан тозаланиши лозим.

Шаҳар чеккасига берилаётган сув ерости манбаларидан олинади ва у ультрабинафша билан қайта ишланиши керак, аммо бу иш қилинмаяпти.

Айни пайтда ерусти сувлари хлорка билан қайта ишланиши лозим ва агар сув таъминоти икки соатдан кўпроқ тўхтатиладиган бўлса, Водоканал сувга кимёвий модда қўшиши керак. Аммо хлорка етарли эмас, шунинг учун ундан онда-сонда фойдаланилади. Бундан сувда лойқа кўпайган кузги ва баҳорги ёмғирли мавсумлар ҳамда сув орқали юқадиган касаллик тарқалган фавқулодда ҳолатларгина мустасно – бунақа пайтларда сувга хлоркани меъёрдан ортиқроқ миқдорда қўшадилар.

Бундай пайтларда жамият ичимлик сувида хлорка миқдори юқорилиги ҳақида огоҳлантирилиши лозим. Бироқ бу иш амалга оширилмаяпти, чунки маҳаллий ТВ-станция маблағ етишмагани туфайли ёпилиб қолгани учун расмийлар оммага эълон етказиш йўлини топа олмаганлар.

Кўп қаватли уйда яшовчи киши хлорка миқдори юқори бўлган сувни истеъмол қилишнинг хавфлилиги ҳақида билмаслигини айтади.

“Баъзан крандан хлорканинг ўткир ҳиди анқиб турган сув оқади. Ўйлашимизча, бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ”, - дейди у.

Шаҳар мулозимларидан бу борада изоҳ сўраб мурожаат қилганимизда, улар ичимлик сувининг сифати аъло даражада эмаслигини ва тозалаш тизими таъмирга муҳтож эканини билишларини айтишди.

Ангреннинг қуйи қисмидаги шаҳарлар ва қишлоқларда яшовчи кишилар бу йирик саноатлашган шаҳар томонидан Оҳангарон дарёсида оқизиб юборилувчи оқава сувнинг тегишли йўсинда қайта ишланмагани туфайли юзага келажак қўшимча хавф-хатар билан тўқнашмоқдалар.

Водоканал канализация учун ҳам, сув таъминоти учун ҳам жавоб беради ва собиқ ходимлардан бири Водоканалда ишлайдиган одамлар дарёни аммиак ва экстрементлар билан ифлослантирганлик юзасидан жаримага тортилмаслик учун рақамларни сохталаштиришлари керак бўлишини айтиб берди.

У ўз ҳамкасбларининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси талаб қилган синовни ўтказишдан турли важ-корсонлар билан қочганларини эслади, чунки синов ўтказилса, улар жаримадан қочиб қутулолмас эканлар. 

“Биз бу ишни қила оламиз, бироқ қилмаймиз”, - дейди у.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳам ночор аҳволда, чунки кучли назорат органига айланиш учун унда ресурслар йўқ. Қўмитада маблағ етишмагани учун синов ўтказиш чоғида Водоканалдан лаборатория асбобларини ишлатиш ва бошқа ёрдамларни сўрашга тўғри келади.

(Суҳбатдошларнинг исмлари уларнинг хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда ошкор қилинмади.)

Георгий Витряков – ўзбекистонлик журналистнинг тахаллуси.

 

Uzbekistan
Environment
Frontline Updates
Support local journalists