Апелляциявий суд журналистга нисбатан ҳукмни ўзгартишсиз қолдирди
Апелляциявий суд журналистга нисбатан ҳукмни ўзгартишсиз қолдирди
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг апелляция ҳайъати 2009 йил 11 сентябрь куни мустақил журналист ва “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг аъзоси Дилмурод Саййиднинг шикоят аризасини кўриб чиқди ва унга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди.
Олдинроқ, 31 июль куни, ўпка сили касалигининг ўткир шакли билан оғриган журналист устидан 12,5 йилга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқарилганди. Уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг иккита - “Товламачилик” ҳамда “Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш” моддалари билан айблаган эдилар. (Ўқинг: “Ўзбекистон: Журналистни 12 йилга озодликдан маҳрум этдилар”).
Тергов фаразига кўра, журналист гўёки Самарқанд вилоятидаги “Фаравон ҳаёт йўли” машина-трактор паркининг раҳбари Аслиддин Ўринбоевдан фермерлар ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида танқидий мақола ёзмаслик учун товламачилик йўли билан пул таъма қилган.
Аммо кейинроқ, жабрланувчи Аслиддин Ўринбоев журналист билан юзлаштирилганида Дилмурод Саййид ундан пул таъма қилмаганини тан олди. Суд жараёнининг бошқа иштирокчиси ҳам ўзининг дастлаб берган кўрсатмаларидан воз кечди. Ҳолбуки, Дилмурод Саййидга қарши айблов айнан унинг кўрсатмаларига асосан қурилган эди.
Дилмурод Саййидга тергов ва биринчи суд инстанцияси давомида химоячилик қилган, ҳозир эса журналистнинг янги адвокат олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга ёрдам бераётган адвокат Руҳиддин Комиловга кўра, Дилмуродга қарши айблов унинг маҳаллий фермерларни ночор аҳволини матбуотда ёритувчи танқидий чиқишларига жавобан “қасос сифатида сохталаштирилган”.
Саййиднинг айбдорлиги борасида уни яхши билган ҳамкасблари ҳам ҳудди шундай гумон билдираяптилар ва журналист ўз эътиқоди учун жабрланиб қолди дея таъкидлаяптилар.
Уларга кўра, Дилмурод сўнгги пайтгача мамлакатдан чиқиб кетмаган ва эркинликда юрган, боз устига, ҳақиқатни ёзишдан қўрқмаган саноқли журналистлардан бири бўлиб қолган эди.
Шунга қарамай, баъзи маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва репортерлар ҳар ҳолда апелляция инстанциясининг адолатли қарор чиқаришига умид қилгандилар.
“Бир неча кун илгари Ўзбекистонга бориб келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) директори Янез Ленарчич Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари атрофида юзага келган аҳволни қониқарли деб тан олди, - дея ғазабланади тошкентлик журналист. Унинг бундай баёнотидан сўнг мен апелляция инстанцияси Дилмурод Саййидга оқлов ҳукмини чиқаради ёки қамоқ муддатини камайтиради дея умид қилган эдим”.
“Биз қониқиш ҳисси билан сўнгги пайтда... Ўзбекистон томонидан бир қатор мажбуриятларни амалга оширишда эришган прогрессни қайд этамиз”, -деган эди Линарчич 8 сентябрь куни Тошкентга ташрифи чоғида.
Тошкентда жойлашган Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг вакили Елена Урлаеванинг айтишича, Дилмурод Саййиднинг озодликдан маҳрум этилиши мавжуд режим қошида ўзбекистонлик журналистлар учун профессионал эркинликка умид йўқлигини яна бир бор кўрсатмоқда.
“Сўнгги пайтда журналистларнинг узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этиш амалиётининг тез-тез қайтарилиши, уларнинг оилаларига руҳий босимларнинг кучайтирилиши битта мақсадни кўзлаяпти. Расмийлар қандай бўлмасин журналистларнинг оғзини ёпишни истаяптилар”, - дейди у комил ишонч билан.
Сўз эркинлигини бостиргани ва журналистларни таъқиб этгани учун Ўзбекистон халқаро ташкилотлар томонидан кўп бора танқид қилинган. Бу мамлакат “Чегара билмас репортёрлар” нуфузли халқаро журналистлар ташкилотининг Сўз эркинлиги индексида энг қуйи, 162-чи ўринни эгаллаяпти.
Халқаро матбуот институти 2009 йил февраль ойида Ўзбекистонни яна журналистларга қаттиқ босим ўтказувчи мамлакатлар рўйхатига киритди.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)