Стив Свердлов: “Ўзбекистон ҳуқуматини очиқ танқид қилиш вақти етди”

Стив Свердлов: “Ўзбекистон ҳуқуматини очиқ танқид қилиш вақти етди”

Стив Свердлов. (Фото: Хьюман Райтс Вотч)
Стив Свердлов. (Фото: Хьюман Райтс Вотч)

14 март куни Хьюман Райтс Вотчхалқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ўзбек расмийлари уларнинг мамлакатда 1996 йилдан буён фаолият кўрсатиб келган идорасини ёпишга мажбур қилаётгани ҳақида баёнот тарқатди.

2011 йилнинг 10 март куни, дейилади хабарда, Хьюман Райтс Вотч Ўзбекистон Олий суди вакилидан огоҳлантириш хати олди, унга мувофиқ, Адлия вазирлиги томонидан ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонасини тугатиш ҳақида даъво аризаси берилган ва бу масала бўйича маҳкама тингловлари бўлиб ўтиши лозим. Хьюман Райтс Вотч вакиллари судга таклиф қилинмаганлар.

Аввалроқ, 2010 йилнинг декабрь ойи охирларида Адлия вазирлиги Хьюман Райтс Вотчнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Стив Свердловга аккредитация беришни расман рад қилганди. Аккредитацияси рад этилгани ҳақида ташкилот вакилига Адлия вазирлигининг жаноб Свердловда “Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш тажрибаси” ҳамда “умуман олганда, минтақада ишлаш тажрибаси” йўқлиги келтирилган хати орқали маълум қилинган. Свердлов ташкилотнинг ўзбек расмийлари мамлакатда бўлишни рад этган олтинчи ходими бўлди.

Айни пайтда АҚШда бўлган Свердлов NBCAга берган интервьюсида расмийларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш идорасини ёпиш қарори юзасидан ўз фикрини билдирди, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳозирги вазият ҳақида ҳамда халқаро ҳамжамият расмийларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилишига эришиш учун қандай механизмларни қўллаши лозимлиги ҳақида сўзлаб берди.  

NBCA: Жаноб Свердлов, HRW Тошкентдаги идорасининг расмийлар томонидан ёпилишини нима билан боғлайсиз?

Стив Свердлов: Бу Ўзбекистон ҳукумати фикр эркинлиги, сўз эркинлиги ва бошқа ҳақ-ҳуқуқларга қарши шиддатли курашидан кейин ҳам ўзини яхши ҳис этаётгани ва бунинг учун ўзига ҳеч нарса бўлмаслигига ишончи комиллигидан далолат беради. Улар фуқаролик жамиятининг унини ўчирдилар, халқаро ҳамжамият ҳамда у ерда бўлаётган ҳодисалар гувоҳи бўлиши мумкин бўлган сўнгги мустақил овоз - Хьюман Райтс Вотч вакилларини ҳайдадилар, аммо шундан кейин ҳам жазосиз қолдилар.

Бу жуда даҳшатли феномендир. Ўзбекистонни иҳоталаш жараёни фақат инсон ҳуқуқлари вазиятининг ёмонлашишигагина олиб келгани йўқ, балки бу орқали ўзбек расмийлари бунақа ҳуқуқбузарликлардан кейин ўзларига жин ҳам урмаслигини тушуниб қолдилар.

Ўзбек расмийлари [Андижондаги қонли воқеалардан кейин]жорий қилинган санкциялар қарийб икки йил аввал олиб ташланганидан сўнг Европа Иттифоқи томонидан қўйилган биронта ҳам мезонни бажармаганига қарамай, президент Ислом Каримов Брюсселда [2011йилнинг январь ойида]қабул қилинди.

Хьюман Райтс Вотч фаолиятини Ўзбекистонда ҳар доим аккредитация бермаслик йўли билан тўхтатиб қўйишга уринганлар. 2009 йилда маслаҳатчимиз Тошкент аэропортиданоқ бадарға қилинганди. Бошқа тадқиқотчимиз Қарши шаҳрида ҳужум қурбони бўлди.

Мен Тошкент идорасига 2010 йилнинг май ойида директор бўлиб келдим. Ўша пайтдаёқ ўзбек ҳукуматига менга иш учун рухсатнома беришни илтимос қилиб мурожаат қилгандик, бироқ расмийлар бизнинг сўровномамизга олти ой жавоб бермадилар. Европа Иттифоқида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият муҳокама қилинишига бир неча ҳафта қолганида [2010 йилнинг октябрида] расмийлар менга бор-йўғи 30 кунга виза бердилар. Мен Тошкентга келдим, биз дарҳол аккредитация олиш учун ариза бердик ва 2010 йилнинг 24 декабрида рад жавоби олдик.

NBCA: Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳозирги вазиятни қандай баҳолайсиз?

Свердлов: Вазият аянчлилигича қолмоқда. Инсон ҳуқуқлари бузилиши изоляция сабабли тобора кучаймоқда. Хьюман Райтс Вотч ҳисобига кўра, 13 ҳуқуқ ҳимоячиси ҳалигача қамоқхоналарда қолмоқда. Ҳибсхоналардаги (шу жумладан, милиция бўлимларидаги) ҳамда қамоқхоналардаги мунтазам қийноқлар ва ёмон муомала ўта жиддий муаммолигича қолаётир. 

Ўзбекистонни "хабеас корпус” [habeas corpus] тўғрисида янги қонун қабул қилгани учун мақтайдилар – бу қонунга мувофиқ, судья маҳбуснинг ҳибсга олиниши қонунийлигини маъқуллаши учун уни судга шахсан олиб келиш зарур. Ҳамма бу ҳолат қийноқларга чек қўяди, деб ўйлаганди. Бироқ аслини олганда Ўзбекистонда хабеас корпус фақат қоғоздагина мавжуд. Ўзбекистон адвокатларнинг ўз мижозлари олдига киришлари билан боғлиқ бир қатор тузатишлар қабул қилганига қарамай, кўп адвокатлар уларни ўз мижозларига олдига ҳибсга олинишнинг дастлабки соатларида қўймаётганларини айтмоқдалар. У ерда адлия билан боғлиқ элементар муаммолар ҳар қадамда учрайди.

NBCA: Ислом Каримов билан сиёсий ҳамкорликни кенгайтираркан, Афғонистондаги стратегик вазифаларни ҳал қилиш йўлида Европа Иттифоқи ва АҚШ диктаторга эшик очмоқда. Сизнингча, Тошкентни инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашга мажбур қилиш учун асосий сиёсий ўйинчилар нечоғли таъсирли воситага эга?

Свердлов: Ҳар йили Европа Иттифоқининг ташқи сиёсий алоқалар бўйича қўмитаси томонидан чоп қилинадиган ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақидаги ҳисобот кўриб чиқиладиган ҳужжат мавжуд. Унда ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар тўлақонли бўлиши учун мамлакат бажариши лозим бўлган олти асосий мезон белгиланган.

Биз Европа Иттифоқи бу мезонларнинг бажарилишини талаб қилиб туриб олиши мумкин ва Тошкентга унинг мажбуриятлари ҳақида эслатиб қўйиши мумкин бўлган ҳар бир имкониятдан фойдаланиши лозим, деб ўйлаймиз - Ўзбекистон фақат ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга мувофиққина эмас, балки Европа Иттифоқининг ҳар бир аъзоси, ҳар бир ташқи ишлар вазири қарашларини белгилаб берувчи мазкур ҳужжат билан боғлиқ равишда.

Шунингдек, анъанавий усулдан фойдаланиш – ўрни келганда, очиқ баёнотлар билан чиқиш ўта муҳимдир. Биз қийноқлар, ҳуқуқ фаоллари, халқаро ташкилотлар билан боғлиқ вазият кундан кунга ёмонлашиб бораётган бир пайтда инсон ҳуқуқларининг бундай инқирози қабатида Ўзбекистон ҳукуматини очиқ танқид қилиш вақти етди. Унга имтиёзлар бериш, шу жумладан, иқтисодий имтиёзлар беришни бас қилиш пайти келди.

Биз Вашингтонда ҳам, Берлинда ҳам, Тошкентда ҳам Ўзбекистон учун юқори даражадаги ташрифлар нақадар муҳимлигини биламиз. Хьюман Райтс Вотч Ғарб ҳукуматлари Ўзбекистон ҳукумати билан учрашишига қарши эмас, аммо биз расмийларга нафақат уларнинг мажбуриятларини эслатиб туриш, балки ўзбек халқига Ғарб инсон ҳуқуқлари томонида туришини ҳам кўрсатиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистоннинг оддий фуқаролари Ғарб уларнинг фундаментал ҳақ-ҳуқуқларига бефарқ эмаслигини ҳис этишлари лозим. Бир томондан биз Ғарб Афғонистондаги ўз қўшинларига юк етказиб бериш учун Ўзбекистонга эҳтиёжи борлигини тушунамиз, бироқ бошқа томондан Ўзбекистон ҳам АҚШ ва ЕИга муҳтож.

NBCA:Ташкилотингизнинг Ўзбекистон бўйича бундан буёнги ҳатти-ҳаракатлари қандай бўлади?

Свердлов: Ҳозирча биз муҳтамал айбловлар ҳақида ёки идорамизнинг ёпилиш сабаблари тўғрисида расмий маълумотга эга эмасмиз. Лекин Ўзбекистон томони бизни бундан хабардор қилиши билан бунга очиқ жавоб қиламиз.

Агар расмийлар ўз мажбуриятларини бажариб, аккредитация берсалар, биз ҳатто эртага Ўзбекистонга қайтишга тайёрмиз.

Аммо бу вақтгача ғарб ҳукуматлари Тунис ва Ливиядаги вазият намунасини кўриб чиқишлари ҳамда Ўзбекистон режими билан ўз алоқалари ҳақида ўйлаб кўришлари лозим.

Интервьюни Камилла Абдуллаева (NBCAнинг Ўзбекистон бўйича контрибьютери тахаллуси) олди.

Ушбу  мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists