Ўзбекистон-Тожикистон: Рогун ГЭС атрофида вазият яна ҳам тарангалашади

Ўзбекистон-Тожикистон: Рогун ГЭС атрофида вазият яна ҳам тарангалашади

Wednesday, 10 March, 2010
IWPR

IWPR

Institute for War & Peace Reporting

, бироқ уни иқтисодий манфаатлар жиҳатидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш мумкин бўлади, дея ҳисоблайдилар NBCA экспертлари.



Ўзбекистондаги “Правда Востока” ижтимоий-сиёсий газетаси 19 февраль куни “Рогун ГЭС бўйича мустақил хаолқаро экспертиза зарур” дея аталувчи шарҳни босиб чиқди. Мақолада айтилишича, қурилиш лойиҳаси бўйича ҳужжатлар эскирган ва уларни қайта кўриб чиқиш керак.



Рогун ГЭС қурилиши бўйича лойиҳа ўтган юз йилликнинг 80-чи йиллар охирида тасдиқланган эди. Ўшанда Ўзбекистон ва Тожикистон собиқ Совет Иттифоқи таркибига киришган. Айни пайтда лойиҳа қиймати 2,5 миллиард долларга баҳоланмоқда.



Рогун ГЭС учун Тожикистоннинг жанубида, Вахш дарёси ўзанида юқори баландликдаги [335 метр] гидроиншоот қуриш лозим. Вахш дарёси Марказий Осиёдаги энг йирик дарёси бўлган Амударёнинг асосий ирмоғи саналади. Вахш Амударёнинг деярли учдан бир қисмига тенг сувини етказиб беради.



Дарёга тўғон қурилиши билан йирик сув омбори пайдо бўлиши тахмин қилинмоқда. Ундан энергетика ва ирригация мақсадларида фойдаланиш режаланган.



Тожикистон расмийлари ГЭС қурилиши эвазига арзон электр энергияси олиш йўли билан ўзининг ички эҳтиёжини қондиришга ҳамда эҳтиёжидан ортиғини Афғонистон орқали Покистон ва Эронга экспорт қилишга умид қилмоқда.



Бироқ дарёнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакат - Ўзбекистон расмийлари Рогун ГЭС қурилишиортидан Душанбе сув оқимини тартибга солишни ўз назорати остига олиш имкониятига эга бўлиб қолишидан хавотирда.Тошкент янги ГЭС сув тақчиллигига олиб келиши ҳамда асосий мамлакатнинг асосий экспорт даромад манбаи саналган пахтачиликка катта зарар етказишидан ташвишланмоқда. Шунингдек, Тошкент тўғон қурилиши сейсмик жиҳатдан ўта хавфли ҳудудда олиб борилаётгани ортидан юзага келиши муҳтамал техноген ҳалокатлардан ҳамда сув баланси бузилиши ортидан келиб чиқиши эҳтимол бўлган экологик ўзгаришлардан ташвишланмоқда.



Ҳудди шу сабабдан Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда Қамбарота ГЭС қурилишидан ҳам норози бўляпти.



“Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатларидаги таранглик поёнига етиб борди”, - дейди АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.



Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев февраль ойининг бошланишида қўшни Тожикистон ҳукумати раиси Оқил Оқиловни Рогун гидроэлектр станцияси қурилиши билан “шошилмаслик” тўғрисида огоҳлантирди. Бунга жавобан тожикистонлик бош вазир Ўзбекистон делегациясини қабул қилишга ва барча муаммоларни муҳокама қилиб олишга тайёрлигини изҳор этди.



NBCA ушбу мақолани ёзган вақтга келиб Ўзбекистон расмийлари Тожикистоннинг бу таклифга ҳеч қандай жавоб бергани йўқ.



2009 йил январь ойи охирига келиб бу мамлакатлар ўртасидаги баҳслар кучайиб кетди. Ўшанда Россия президенти Дмитрий Медведев Ўзбекистонга ташрифи давомида Тошкентнинг гидротехник иншоотлар қурилиши борасидаги расмий кўз қарашини қўллади ҳамда Тожикистон ва Қирғизистонни минтақа бўйича қўшниларининг фикрини ҳисобга олишга чақирди.



Россия Рогун ГЭС лойиҳасининг асосий инвестори саналади.



Расмий Тошкент бу масалада, шунингдек, Бутунжаҳон Банкининг розилигини олишга ҳам эришди. Унинг экспертлари Рогун ГЭС қурилишининг мустақил экспертизасини ўтказишга тайёрлар.



NBCA томонидан сўралган шарҳловчиларнинг айтишларича, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилган тақдирда томонлар консенсусга эришишлари мумкин. Мисол учун, улушга эга бўлган ҳолда лойиҳаларда иштирок этиш минтақада сув-энергетика муаммоларини анча юмшатишга ёрдам берган бўлар эди. Энергия воситаларининг алмашуви бўйича мамлакатлар учун мақбул позициялар ишлаб чиқариш, ресурслардан ўзаро фойдаланиш ва бошқарув масалаларини муҳокама қилиб олса бўлар эди.



“Иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб Рогун ГЭС қурилиши борасидаги муаммоларни муҳокама қилиш учун музокаралар ўтказишни бошлашдан маъно бор”, - дея тахмин қилади душанбелик Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг раиси Нуриддин Қаршибаев.



Тошкентлик мустақил иқтисодчи Дилмурод Холматов ҳам ҳудди шунга ўхшаш фикр билдирмоқда. Унга кўра, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни иқтисодий соҳага кўчириш лозим.



“Муносабатларни яхшилаш учун қўшма лойиҳалар лозим, молиявий манфаат бўлиш керак, - дейди Холматов. – Шунингдек, Тошкентнинг Тожикистондаги бошқа ГЭСлар қурилишларида ҳам иштирок этиш имконияти берилса, яхши бўларди”.



Аммо бундай вазиятда мамлакат раҳбарлари ўзларининг сиёсий амбицияларини тизгинлаб олишларига тўғри келади, дея қайд этадилар шарҳловчилар. Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг углеводородларга бой ва аҳолиси энг зич жойлашган мамлакат бўлиб, кўпинча иқтисодий воситаларга таянган ҳолда қўшниларига босим ўтказиб келади. Буни табиий газ етказиб беришни ва электр энергияси транзитини тўхтатиб қўйишлар мисолида кўриш мумкин.



Душанбелик сиёсатшунос Парвез Муллажоновнинг тахмин қилишича, Вахш дарёсининг юқори ўзанида улкан сув ҳавзасининг пайдо бўлиш эҳтимоли Ўзбекистон раҳбарларини ташвишга солиб қўйган. Бу ҳолат Тожикистонлик расмийларга сув оқимини назорат қилиш ва шу йўл билан Ўзбекистон томонидан қўлланаётган босимга муносиб жавоб чоралари кўрсатишга шароит яратиб беради.



“Агар объект сиёсий босим ўтказиш воситасига айланиб қолмаслиги борасида халқаро кафолатлар бериладиган бўлса, Ўзбекистон Рогун ГЭС қурилишига рози бўлиши мумкин”, - дея таъкидлайди Муллажонов. – Лекин консенсусга эришиш учун учинчи томоннинг иштироки керак бўлади”.



Агар иқтисодий жиҳатдан тил топиша олмасалар, мамлакатлар ўртасида зиддиятлар давом этаверади, дея суҳбатга қўшилади АҚШда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.



“Ўзбекистон ўзининг темир йўллари орқали Тожикистонга қарашли поездларнинг ҳаракатланишига чек қўйиши, юкларнинг транзити, Рогун ГЭС учун жиҳоз ва материалларнинг олиб кирилишига тўсқинлик қилиши, табиий газ етказиб беришни қисқартириши мумкин, - дея фикр юритади Йўлдошев. – Қўшнилар эса бу каби демаршга жавобан иситиш мавсумида ГЭС қувватларини бор кучи билан ишга солишлари, суғориш мавсумида эса сув оқимини сезиларли миқдорда камайтиришлари мумкин. Бундай чоралар Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимларида аграр секторга катта зиён етказиши мумкин.”



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)
Central Asia
Frontline Updates
Support local journalists