Россиянинг таълим борасидаги ташаббуси муҳожиротни кучайтиради
Россиянинг таълим борасидаги ташаббуси муҳожиротни кучайтиради
26 июнь куни Россия Федерациясининг Таълим ва фан соҳасини назорат қилувчи федерал хизмати Россия ўқув юртларига собиқ СССР республикаларидан ўқувчиларни қабул қилиш қонун-қоидаларини эълон қилди.
Мазкур қонун-қоидаларга мувофиқ, Туркманистон, Ўзбекистон ва бошқа айрим постсовет давлатларининг фуқаролари истисно тариқасида таълим тўғрисидаги миллий ҳужжатлар асосида [ўқув юртларига] қабул қилинадилар, мазкур ҳужжатларнинг муқобил ҳужжат бўла олишини тасдиқлаш учун эса россиялик расмийлар махсус гувоҳнома берадилар.
Бундан ташқари, туркманистонлик мактаб ўқувчиларининг аттестатлари ҳам (бу мамлакатда 2001 йилдан 2007 йилгача мактаб таълимининг 9 йиллик тизими амалда бўлганди) Россияда берилган шу каби аттестат даражасида тан олинади, бу эса уларга Россияда ўрта таълимни давом эттириш имкониятини беради.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда берилган дипломлар ва аттестатлар автоматик равишда Россиянинг шу каби ҳужжатлари даражасида тан олинади.
NBCA томонидан сўралган шарҳловчилар Москва томонидан қўйилган бу қадамларни ижобий баҳолайдилар ва Марказий Осиё ёшларининг ўқишни Россия Федерациясида давом эттиришга қизиқишларини таъкидлайдилар, нега деганда, миллий таълим моделлари ҳозирча Россия таълим модели билан рақобатлаша олмайди.
Айни пайтда бошқа сиёсатшунослар “Кремль ўқув даргоҳларига қабул қилиш шартларини юмшатиш билан постсовет ҳудудида ўз таъсирини тиклашга уринаяпти”, дея хавфсирмоқдалар.
NBCAнинг тошкентлик шарҳловчиси Сергей Ежков Москванинг келажакда собиқ совет республикалари ҳудудида яшовчи иқтидорли фуқаролардан ташкил топган малакали мутахассисларга эга бўлиш истаги ҳақида гапиради. Шу сабабли ҳам, унга кўра, Россия бу одамларга олий маълумот олиш имкониятини берар экан, ўз иқтисодий ва ижтимоий фаровонлигини таъминлашни кўзлайди.
“[Таълим олган] одамларнинг Россияда яшаб қолиш эҳтимоли кўпроқ ва уларнинг фақат бир-иккитасигина ўзларининг хароб ватанларига қайтиб келадилар”, - дейди Ежков.
Қулай шароитларни яратиш ва Россиядаги таълим муассасаларига кириш имкониятларини кенгайтириш [ҳозирда] Россияга асосан пул топиш учун кетаётган қирғизистонлик ёшлар орасидаям муҳожирлик кайфиятини кучайтиришини бишкеклик таълим бўйича эксперт Гайша Ибрагимова ҳам айтади.
У маҳаллий олийгоҳлардаги таълим сифати мутлақо рақобатбардошлигини, Кремлнинг таълимий ташаббуслари эса имкониятлар бера билиши ва тарихий умумияти туфайли жамиятда ижобий қабул қилинаётганини таъкидлайди. Бунда, Г. Ибрагимовага кўра, рус тилини билиш ҳам катта роль ўйнаб, бу Марказий Осиё республикаси аҳолисининг билим олишини осонлаштиради.
Бироқ Россия-Тожикистон (Славян) университети проректори Илана Тупайло “муҳожирот юзасидан хавфсирашлар”га қўшилмайди. У жаҳон таълим фазосига кириш даъво қилинаркан, “миллий таълим” доирасида чекланмаслик кераклигини қайд этади ва академик айирбошлашдан кенг кўламда фойдаланишга чақиради.
“Россия олийгоҳларида таълим олган мутахассислар диплом олганларидан кейин ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда давлатга ёрдам беришлари учун уларнинг зиммасига ватанга қайтиш мажбуриятини юклаш керак”, - дея таъкидлайди проректор.
(NBCA минтақадан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини эътиборингизга ҳавола этади)