Марказий Осиё: Навбатдаги саммит сув масалалари тўғрисидаги саволларни очиқ қолдирди

Марказий Осиё: Навбатдаги саммит сув масалалари тўғрисидаги саволларни очиқ қолдирди

Tuesday, 2 June, 2009
.



Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида 28 апрель куни Оролни қутқариш халқаро фонди (ОҚХФ) муассис-давлатлари раҳбарларининг саммити бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиёдаги бешта давлат: Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг давлат раҳбарлари иштирок этдилар.



Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, саммит давомида иштирокчилар Оролни қутқариш бўйича халқаро фонднинг фаолияти билан боғлиқ “долзарб муаммоларни” муҳокама қилиб олдилар. Музокаралар натижасига кўра қўшма баёнот қабул қилинди.



Марказий Осиё Интернет нашрларининг хабар беришича, форумнинг якуний ҳужжат лойиҳасига “сув муаммоларига тааллуқли киритилган бандлар кейинчалик ўчириб ташланган” бўлишига қарамай, саммит давомида сув муаммолари кенг кўламда муҳокама қилинмай қолган.



NBCA шарҳловчилари буни Марказий Осиёдаги бешта давлат позицияларининг келишиб олинмагани ҳамда компромиссга эришиш йўлидаги қийинчиликлар билан боғламоқдалар.



Минтақа мамлакатлари ўртасида сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича бир қатор келишмовчиликлар мавжуд. Ушбу сув ресурсларининг 80 фоизи дарёларнинг бошланиш қисмида жойлашган Тожикистон ва Қирғизистонда шаклланади.



Нефть ва газга бой Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган бўлиб, айниқса суғориш мавсумида қаттиқ сув тақчиллигини бошидан кечирадилар.



Қиш мавсумида Қирғизистон ва Тожикистоннинг сув омборларида сув захиралари тўпланади. Бу сувнинг бир қисми электр энергияси ишлаб чиқаришга, бошқа қисми эса минтақадаги барча давлатларга қарашли экин майдонларини суғоришга сарфланади.



Аммо келишмовчиликлар ҳар йили юзага келади.



Қамбарота ГЭС (Қирғизистон) ва Рогун ГЭС (Тожикистон) қуриш бўйича қўшни давлатларнинг режаларидан норози бўлган расмий Тошкент қурилажак гидротехник иншоотлар лойиҳаларига талабларни кучайтириш ва БМТ ҳомийлиги остида халқаро экспертиза ўтказишни талабларни кучайтиришни таклиф қилганидан кейин мамлакатлар ўртасидаги қарама-қарши туриш кучайиб кетди. (Қаранг: Узбекистан пытается заручиться поддержкой Казахстана в диспуте по водным вопросам, “Ўзбекистон сув масалалари бўйича мунозараларда Қозоғистоннинг кўмагини олишга уринмоқда”, RCA № 574, 2009 йил 27 апрель.)



Ўзбекистон расмийлари қурилажак янги гидротехник иншоотлар сув тақчиллигига олиб келишидан хавотирланмоқда. Бу ҳолат мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Маълумки, Ўзбекистон иқтисодиёти сувни кўп истеъмол қиладиган қишлоқ хўжалиги экини – пахта толасининг экспортига қарам бўлиб қолган.



Апрель ойининг бошланишида Жаҳон Банки Ўзбекистон расмийларининг ғоясини қўллаётгани маълум бўлди. Бундан ташқари, ушбу ташаббус Ашхобод ва Астана томонидан ҳам мақулланган.



NBCA таҳлилчилари Марказий Осиё давлатларининг раҳбарлари Оролни қутқариш бўйича халқаро фонднинг саммитида оғриқли сув масаласи бўйича қандайдир қарор қабул қиладилар дея прогноз қилгандилар, аммо бу нарса содир бўлгани йўқ.



Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг чиқишлари ҳамма ўз позициясида қолиб компромиссга бориш ниятларнинг йўқлигини кўрсатди.



Мисол учун, Туркманистон президенти Қурбанқули Бердимухаммедов “сув-энергетика балансини ўзгартириш бўйича келишилмаган чораларнинг кўрилишига йўл қўйилмаслик лозим” деб айтди. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов эса қўшнилар қуришни режалаштираётган гидротехник иншоотларининг лойиҳаларини “ўйламай амалга оширилаётган иш” деб атади. Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев бунга жавобан “Қирғизистон ўз иқтисодиёти учун сезиларли сарф-харажатлар ҳисобига тақдим этаётган сувни тўплаб бериш бўйича хизматлари учун” қўшни давлатлар пул тўлаши лозимлиги ҳақида билдирди.



“Бўлиб ўтган саммит Марказий Осий мамлакатлари раҳбарлари орасида конструктив диалог олиб бориш истаги ва ўзаро ишонч муҳити йўқлигини яққол кўрсатиб қўйди”, - деди Олма-Отадаги NBCA кузатувчиларидан бири.



Ушбу ҳолат сув-энергетика муаммосидаги энг қийин масала бўлиб қолмоқда ва у тез орада ҳал бўлиши даргумон.



“Тахминан ўн-ўн беш йил ўтиб ҳокимият устига рационалликда илғорроқ бўлган сиёсатчилар келадилар. Улар ёмон рақобатга эмас, балки кооперацияга интиладилар, ўшанда бу масалани ҳал қилиш мумкин бўлади”, - деди NBCA билан суҳбатда олмаоталик сиёсатшунос Айдўс Саримов.



Унга кўра, Марказий Осиё элитаси ўртасида ҳар томонлама етук минтақавий сув сиёсати учун зарур бўлган “интеграцияга қизиқиш” айни пайтда мавжуд эмас.



Тошкентлик мустақил иқтисодчи Комрон Алиев ҳам минтақадаги сув муаммосини ҳал қилиш учун узоқ вақт, сиёсий ирода ҳамда барча харажатларни биргаликда ва тенг кўтариш истаги керак бўлади деб ўйламоқда.



Қозоғистонлик иқтисодчи Сергей Смирнов Марказий Осиёдаги гидротехник иншоотлар тизими Совет Иттифоқи даврида минтақадаги барча мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олинган ҳолда яратилганини шунинг учун ҳам бу ердаги давлатлар ягона халқа воситасида боғланганини ва мамлакатлар раҳбарлари эртами-кечми, барибир музокара ўтказишга киришишга мажбур бўлишларини эслатмоқда.



“Муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли – келишувлар, холос”, - дея таъкидлайди Смирнов.



((NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)

Central Asia
Frontline Updates
Support local journalists