Ахборот террорчилигига қарши кураш сўз эркинлигини чеклаб қўйиши мумкин

Ахборот террорчилигига қарши кураш сўз эркинлигини чеклаб қўйиши мумкин

Sunday, 5 August, 2007
(МДҲ) аксилтеррорчилик маркази Марказий Осиё мамлакатларини кибертеррорчиликка қарши курашни кучайтиришга чақирди, бу ҳол, экспертларнинг фикрича, минтақада сўз эркинлиги даражасини пасайишига олиб келиши мумкин.



Июль ойи охирида МДҲ аксилтеррорчилик маркази раҳбари Андрей Новиков Ҳамдўстлик аъзолари томонидан ахборот террорчилигига қарши туриш “прием”ларини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида билдирганди.



Унга кўра, бу кибертеррорчилик марказида қолган Марказий Осиё мамлакатлари учун айниқса муҳимдир. Бундай кибертеррорчилик орқали террорчилик ташкилотлари ўзаро ахборот алмашаяптилар ва минтақа мамлакатларидан бўлган янги аъзоларни ўз сафларига жалб қилаяптилар, бу эса давлатларнинг миллий хавфсизлиги учун хатар уйғотади.



Бироқ NBCA томонидан сўралган экспертлар аксар кишилар Интернетдан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлган минтақани ахборот террорчилиги хуружига учраган жой, деб ҳисоблашга мойил эмаслар. Шу билан бирга, улар ушбу ҳодисага қарши кураш Марказий Осиёда мустақил оммавий ахборот воситалари ҳамда ўз сиёсий мухолифлари фаолияти устидан ҳар томонлама назорат ўрнатилишига айланиб кетиши мумкинлиги қайд этадилар.



Тожикистонлик сиёсатшунос Парвиз Мулложонов кибертеррорчиликка қарши системали курашни жорий қилишга уриниш яқиндагина (2001 йилдан бошлаб) Европа Иттифоқи мамлакатларида бўлганлигини, бироқ бу мамлакатларнинг аксар парламентлари айнан сўз эркинлиги чекланиб қолишидан чўчишиб, бу ғояни қўллаб-қувватлашдан “узил-кесил” бош тортганларини айтади.



Интернет тармоғи таъқиқланган ахборот тарқатишнинг асосий манбаси бўлиб турган бир пайтда, Internet World Stats сайтининг маълумотларига мувофиқ, Марказий Осиё аҳолисининг атиги 5 фоизи бутунжаҳон тармоғига кириш имкониятига эгадир.



Мулложоновнинг фикрига унинг қозоғистонлик ҳамкасби Олег Сидоров ҳам қўшилади, у ҳам минтақа “ушбу жараёнларнинг чеккасида” турганлигини қайд этади.



Сидоров минтақа аҳолиси учун ахборот очлиги бундан кўра кам бўлмаган хавф туғдириши мумкинлигидан огоҳлантиради. Шунингдек, у ахборот террорчилигига қарши курашни системалаштиришга уриниш [иқтидордаги расмийларнинг] оммавий ахборот воситалари ва ўз мухолифларига таъсир ўтказиш истаги билан боғлиқлигини таъкидлайди.



“Сохта террорчилик ташкилотларнинг пайдо бўлиши ҳукумат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот идораларига давлатга унча хайрихоҳ бўлмаган ташкилотларга нисбатан кескин хатти-ҳаракатлар олиб бориш имконини беради”, - деб ҳисоблайди сиёсатшунос.



Туркманистон ва Ўзбекистонда расмийлар буйруғига кўра интернет-фазо қаттиқ назорат қилинади ва [мазкур мамлакатларда] кўплаб мухолифат сайтлари бўғиб қўйилган. Тожикистонда эса ўтган ойда Жиноят кодексини ўзгартирдилар ва тармоқдаги туҳмат учун жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан модда киритдилар.



Тожикистонлик бошқа бир сиёсатшунос Ходи Абдужабор ҳукумат Интернет устидан назорат ўрнатиш юзасидан ҳаракат қилаётган мамлакатларда террорчилик ташкилотлари фаоллари “ўз ахборотини ёйинлаш учун янгидан-янги имкониятлари қидириб топадилар”, дея тахмин қилади.



Қозоғистонлик жамоат арбоби Петр Своик бунақа хатти-ҳаракатларни бошлаш учун аввал “камида ахборот террорчилиги деганда нима назарда тутилишини ва унинг оммавий ахборот воситаларида ўз фикрини эркин ифода этишдан нимаси билан фарқ қилишини очиқлаш” зарур, дея фикр билдиради.



(NBCA бутун минтақадан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини эътиборингизга ҳавола этади)

Central Asia
Frontline Updates
Support local journalists