Марказий Осиё: Гидроиншоотларнинг экспертиза қилинишига талаблар минтақадаги муносабатларнинг яхшиланишига олиб келмайди
Марказий Осиё: Гидроиншоотларнинг экспертиза қилинишига талаблар минтақадаги муносабатларнинг яхшиланишига олиб келмайди
Ўзбекистондаги Press-Uz.Info ахборот агентлиги 3 март куни дунёдаги оммавий ахборот воситаларининг ҳамда чет эллик экспертларнинг Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари БМТ ҳомийлиги остида транс-чегаравий дарёларда қурилиши режалаштирилаётган янги гидроиншоотларнинг лойиҳаларини халқаро экспертизадан ўтказиш зарурлиги тўғрисдаги ташаббуси борасида билдирган фикрларини шарҳловчи материалини чоп этди.
Икки мамлакат президентларининг қўшма баёноти Қурбанқули Бердимухаммедовнинг февраль ойи охирида Тошкентга расмий сафари давомида, қўшни мамлакатлар - Қирғизистон ва Тожикистоннинг ўз ҳудудларида янги гидроэлектростанциялар қурилиши борасида давом этаётган фаоллиги қабатида янгради.
Россия инвестициялари ёрдамида Қирғизистонда Қамбарота ГЭС ва Тожикистонда Рогун ГЭС қурилиши режалаштирилмоқда. Бу лойиҳаларнинг амалга оширилиши икки қўшни мамлакатга сув омборларида кўпроқ сув тўплаш ва пировардида, кўпроқ электр энергия ишлаб чиқаришга имконият яратиб беради.
Олдинроқ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ушбу лойиҳаларни амалга оширишдан аввал янги гидроэлектростанциялар қуриладиган бўлса сув оқими қанчага ўзгаради ҳамда янги барпо этилган тўғонлар минтақа экологиясига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини текширишни таклиф қилган эди.
Дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган Ўзбекистон ва Туркманистон сув тақчиллигини бошидан кечираётганлари учун ҳам ушбу гидроиншоотлар уларни суғориш мавсумида зарур миқдордаги сувдан маҳрум этишидан хавфсирамоқда. Негаки, икки мамлакатнинг иқтисодиёти пахта толаси экспортига қарам бўлиб қолган.
NBCA томонидан Ўзбекистон ичида сўралган экспертлар турли фаразларни билдиришяпти, лекин уларнинг барчаси бир фикрда якдиллар: Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги гидроэнергетик диалогнинг ҳарорати ошиб кетиши муқаррар.
Баъзи таҳлилчилар халқаро экспертиза ўтказиш талабини халқаро ҳуқуқ меъёрларига таянишга ҳамда минтақавий муаммоларга халқаро ташкилотларнинг эътиборини жалб этишга уринишда Каримовнинг салмоқли ва дастакланган қадами каби баҳоламоқдалар.
Гидроэнергетика бўйича тошкентлик мутахассис Ўзбекистон позициясини «ҳаққоний ва мантиққа таянган» дея атамоқда. Негаки, айни пайтда Марказий Осиё ўткир сув тақчиллигини бошидан кечирмоқда. Минтақадаги асосий дарёлар – Сирдарё ва Амударёнинг сувдаги таъминланганлик даражаси кўп йиллик ўртача меъёрнинг 70 фоизидан ошмаяпти.
Бу аҳволда нафақат суғориш учун зарур сув миқдорининг, балки ичимлик суви ҳажмининг ҳам пасайиш хавфи мавжуд.
«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенцияларининг талабларига мувофиқ, транс-чегаравий дарёларнинг сув оқимидан фойдаланиш, шу жумладан, гидротехник иншоотлар қурилиш бўйича барча қабул қилинажак қарорлар экологияга зарар етказмаслиги, қўшни мамлакатлар аҳолисининг манфаатларига зид келмаслиги лозим», - дейди мутахассис.
Сиёсатшуносларга кўра, расмий Тошкентнинг қўшни мамлакатларда ГЭС қурилиши масаласида қаттиқ туриб олган позициясини Туркманистон томонидан ҳам қўлланиши минтақа ичидаги давлатларнинг ўртасидаги муносабатларни мураккаблаштириб юбориши мумкин.
Болгарияда истиқомат қилаётган туркманистонлик иқтисодий таҳлилчи Аннадурди Хажиевга кўра, бундай масалаларни ҳал қилиш учун «учинчи томон»ни таклиф этиш «зарур». Бундай ҳакам сифатида Ўзбекистон томони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти номзодини таклиф этмоқда.
«Марказий Осиёдаги экин майдонларини суғориш учун минимал ресурслар қўшни давлатларга босим қилиш учун баҳона бўлишини ҳамма тушунади. Шунинг учун ҳам можаролардан ҳоли бўлиш учун ушбу мунозараларда халқаро тузилмалар иштирок этиши керак», - дейди у.
Акс ҳолда, минтақадаги мамлакатлар бир-бирлари билан келиша олмайдилар.
Лекин, муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Қирғизистон ва Тожикистондаги гидроэнергетик иншоотлар лойиҳалари ўтган асрнинг 80-чи йилларида, шўролар даврида ишлаб чиқилганига ишора қилмоқда. Шунинг учун ҳам қўшни мамлакатлар гидроиншоотларнинг ишончли ёки хавфсизлигини ўзлари мустақил равишда аниқлаб олиш салоҳиятига эгалар.
«Улар [лойиҳалар] барча зарур экспертизадан ўтиб бўлган, аммо Ўзбекистон кўринишидан, қўшни мамлакатларга сиёсий босим ўтказиш учун алоҳида талабларни илгари сураётганга ўхшайди».
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)