Туркманистон-Ўзбекистон: Инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятнинг яхшиланишига умидлар оз

Туркманистон-Ўзбекистон: Инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятнинг яхшиланишига умидлар оз

Sunday, 8 March, 2009
, дея қайд этадилар NBCA шарҳловчилари.



Экспертлар ушбу ҳисоботда қайд этилган ҳолат икки мамлакат ҳукуматларини вазиятни яхшилашга қаратилган чора кўришига ундаса керак, дея ўйланиб қолдилар.



Марказий Осиё янгиликларини ёритишга ихтисослашган мустақил оммавий ахборот воситалари 28 февраль куни АҚШ Давлат департаментининг 2008 йилда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича ҳисоботида Ўзбекистон ва Туркманистон ҳали-ҳамон собиқ СССР ҳудудидаги энг авторитар мамлакатлар қаторида қолаётганини хабар қилган эдилар.



Ҳисобот муаллифларининг қайд этишларича, “камтарона” яхшиланган аҳволга қарамай, Туркманистон ва Ўзбекистонда жиддий ҳуқуқбузарликлар давом этмоқда, расмийлар илгаригидек сиёсий ва фуқаролик эркинликларни қаттиқ чекламоқдалар, маҳбусларни қийнаш ва уларга шавқатсиз муносабатда бўлиш, ноқонуний ҳибсга олишлар, шахсий ҳаётга аралашувлар, сўз эркинлиги ва йиғилишлар ўтказиш эркинликларни чеклашлар тўхтагани йўқ,



Ҳисоботда туркманистонлик собиқ фаол ва сиёсий маҳбус Гулгелди Аннаниязовнинг ўн бир йилга озодликдан маҳрум этилгани, икки ҳафта давомида қамоқхонадан фарқ қилмайдинган руҳий касаллар шифохонасида мажбуран даволангани ва мунтазам қийноқларга солинган RFE/RL радиосининг штатдан ташқаридаги мухбири Сазақ Дурдимурадовнинг ҳибсга олиниши эсга олинади.



Шунга ўхшаш аҳвол Ўзбекистонда ҳам қайд этилмоқда. Бу мамлакатда ўтган йили октябрь ойида қорақалпоғистонлик мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Солижон Абдураҳмонов 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Уни банг моддаларини сақлаш бўйича сохталаштирилган айбловлар билан ҳибсга олган эдилар.



Ўзбекистонда 2008 йил давомида диний сабабларга кўра оммавий ҳибсга олишлар ҳам давом этди.



NBCA томонидан сўралган экспертлар Ўзбекистон ва Туркманистонда инсон ҳуқуқлари атрофида юзага келган аҳволнинг тез орада тузалишини кутмасликни маслаҳат беришади. Негаки, бунинг учун жуда кўп вақт керак бўлади.



“Афсуски, [бу мамлакатларда] ҳамма нарса декларация даражасида қолмоқда, бу эса бизни жуда ташвишлантирмоқда”, - дея қайд этади Болгарияда жойлашган Туркманистон Хельсинки фондининг етакчиси Тажигул Бегмедова.



Туркманистон расмийларининг либераллаштириш тўғрисидаги ниятлари ҳақидаги хабарлар матбуотда пайдо бўлгани билан, амалда ҳамма нарса бошқача кўринишга эга.



Мисол учун, ҳуқуқ ҳимоячилари учун маҳбуслар ҳақидаги ахборот олиш имконияти аввалгидек чеклаб қўйилган. Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар билан пенитенциар тизимини ислоҳ қилиш бўйича ҳамкорлик кузатилмаяпти.



“Расмийлар мард бўлиб аввалги режимнинг хатоларини тан олсалар ҳамда ислоҳотлар ўтказиш лозимлиги тўғрисида ҳеч қўрқмай гапира бошласалар, ўшанда ҳақиқатдан ҳам вазиятнинг яхшиланишини кутса бўлади”, - дея қўшиб қўйди Бегмедова.



Айни пайтда сиёсий маҳбуслар ва ўзгача фикрловчилар Туркманистон турмаларида сақланмоқда. Улар 21 йил ҳукмдорлик қилган ва 2006 йилнинг декабрида вафот этган собиқ диктатор Сапармурад Ниязовнинг ҳаётлигида қамалган эдилар.



Шарҳловчилар авторитар ўтмишдан қутилишга интилаётган мамлакатда ҳуқуқ ҳимоячилари атрофидаги вазият яхшиланишининг кўрсаткичи сифатида энг аввало сиёсий маҳбусларни оқлаш бўлиб қолиши лозим деган ягона фикрга келмоқдалар.



Ўзбекистондаги аҳвол ҳам бундан яхши эмас. “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” Ассоциациясининг маълумотларига кўра, бу мамлакатда 25 нафар сиёсий маҳбуслар панжара ортига ташланган. Ўзгача фикрловчиларнинг аксарият қисми эса расмийларнинг таъқибидан хавфсираб мамлакатни тарк этишга ва муҳожирликка юз тутишга мажбур бўлганлар.



Самарқандда жойлашган ва рўйхатга олинмаган Ҳуқуқ ҳимоя ташаббуслари марказининг раҳбари Комилжон Ашуров Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоя вазиятини таҳлил этувчи АҚШ Давлат департаментининг ҳисоботи маҳаллий ҳуқуқшуносларга ижобий таъсир кўрсатганини айтмоқда.



“Ақалли Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти шу ҳақда гапираётгани ва ёзаётгани кишини қувонтирмоқда”, - дейди у.



Ҳисобот ҳуқуқ ҳимоячиларининг “тор доирасида” қизғин муҳокама қилинмоқда, дея қайд этади у. Шу билан бирга ушбу ҳисоботнинг ортидан расмийларнинг жавоб чораларини истисно этиб бўлмайди. Ашуровнинг нуқтаи назарига кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқ ва эркинликларнинг бузилиши ҳолатлари ҳисоботда ошкора тилга олиниши ҳукуматни ҳеч бўлмаса “қандайдир чора” кўришга ундаса керак.



“[Ўзбекистон расмийлари ҳуқуқларнинг бузилишини] тан олмасалар ҳам, аҳволни қандайдир йўл билан енгиллатишлари керак-ку”, - дея умид қилади ҳуқуқ ҳимоячиси.



Шарҳловчилар расмийларнинг ҳисоботига жавоб реакцияси борасидаги умидлари сўнгги пайтда Ашхобод ва Тошкентнинг Ғарб билан диалоги кенгайишга қаратилган ишларни амалга ошираётганлари билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Расмийлар ҳар қанақасига мамлакатдаги ҳаётнинг позитив томонларини намоён этишга уринмоқдалар ва либерал шиорларни очиқчасига декларация қилмоқдалар.



Сўнгги йилларда Марказий Осиёдаги ушбу икки авторитар мамлакатлар халқаро ҳамжамиятнинг фикрларини очиқ эътиборга олмаган ҳолда ўз билганича яшаб келган эди.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)
Central Asia
Frontline Updates
Support local journalists