Швецияда ўзбек имомига суиқасдда гумонланганлар оқланди

Швецияда ўзбек имомига суиқасдда гумонланганлар оқланди

26 июль куни Швециянинг Остерсунд шаҳар суди амалдаги ўзбек расмийларининг мухолифларидан бири бўлмиш дин олими ва диссидент, 54 ёшли Обидхон қори Назаровга суиқасдда гумонланган ўзбекистонлик эр-хотинга нисбатан оқлов ҳукми чиқарди.

Суд қарорига мувофиқ, “ҳужум сиёсий сабабга кўра амалга оширилганидан шубҳаланишга асос йўқ, бироқ судланувчиларнинг жиноятга алоқадорлигига оид далиллар ҳам етарли бўлмаган”.

Имомга суиқасд шу йилнинг 22 февраль куни амалга оширилган, ўшанда Назаровнинг Швециядаги уйи йўлаги олдида номаълум шахс унинг бошига қарата бир неча бор ўқ узиб, ғойиб бўлган. Шундан бери ўтган беш ой мобайнида Обидхон қори Назаров Швециядаги клиникалардан бирида кома ҳолатида ётибди. (Бу ҳақда “Қувғиндаги ўзбек уламосига суиқасд уюштирилди мақоласида ўқинг)

Асли Бухородан бўлган, айни пайтда Швеция жанубида яшаётган эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова шу йилнинг 15 май куни жиноятга шерикликда гумонланиб, ҳибсга олинганди. Уларга имомнинг яшаш жойини аниқлаганлик, жиноят содир этилган ҳудудни диққат билан ўрганганлик, суиқасдни амалга оширган киши учун машина ҳамда меҳмонхона ва квартира ижарага олганлик айблови қўйилаётганди.

Бироқ етарли далил бўлмагани туфайли судда бу версия рад қилинди. 18 июль куни бўлиб ўтган суд мажлисида иштирок этмиш “Озодлик” радиоси манбасининг маълум қилишича, прокурор Кристер Петерссон дин олимига суиқасд Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан амалга оширилганини билдирган.

Аввалроқ хорижда яшовчи ўзбек мухолифати вакиллари ҳам Обидхон қорининг кейинги йилларда кучайиб бораётган обрў-эътибори унга нисбатан суиқасд уюштирилишига сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилгандилар.

“Ўтган суд бу ишга Ўзбекистон махсус хизматлари аралашганига бизни яна бир бор амин қилди”, - деди дин олимининг Европа мамлакатларидан бирида яшовчи издоши NBCA билан суҳбатда.

Ўзбекистон расмийлари Назаров радикал исломий оқим раҳбари бўлиб ҳисобланади, дея билдириб келадилар. Расмий Тошкент уни диний-экстремистик ташкилот тузганлик ва унга раҳбарлик қилганликда айблайди, уни мамлакат ҳудудида қатор террорчилик хуружлари ва бошқа жиноятлар амалга оширилишида айбдор, деб ҳисоблайди. Обидхон қори Назаров ўзбек махсус хизматлари томонидан таъқибга учраганидан кейин 1998 йилда оиласи билан бирга Ўзбекистонни мажбуран тарк этганди. У ва унинг оиласи Швецияда 2006 йилдан буён қочқин мақомида яшаб келаётганди.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.


 

Rule of law
Frontline Updates
Support local journalists