Ўзбекистон: Хонобод ва Андижонда нималар бўлди ўзи?
Ўзбекистон: Хонобод ва Андижонда нималар бўлди ўзи?
Оммавий ахборот воситалари 26 май куни бир гуруҳ қуролланган жангарилар портловчи мосламалардан фойдаланган ҳолда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳар Ички ишлар бўлими (ИИБ), Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ва қўшни Қирғизистоннинг жанубий чегараси яқинида жойлашган Хонобод шаҳрига кираверишдаги чегараолди блок-постига ҳужум қилгани ҳақида хабар бердилар.
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг расмий хабарига биноан отишма давомида битта милиция ходими ва ҳужум қилган бандитлардан бири яраланган.
Қуролланган гуруҳ воқеа содир бўлган жойдан кетиб яширинишга эришган.
Бир неча соат ўтиб Андижон вилоятининг маъмурий марказида шахси аниқланмаган ҳудкуш ўзини-ўзи портлатгани ва оқибатда битта милиция ходими ҳалок бўлиб бир неча маҳаллий фуқаролар яралангани маълум бўлди.
“Дастлабки маълумотларга кўра, босқинчилар гуруҳи Андижон вилояти ҳудудига қўшни Қирғизистондан кириб келган”, - дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати ёйинлаган хабарда.
Ўзбекистон расмийлари бир томонлама тартибда Қирғизистон билан чегаранинг ушбу участкасини ёпиб қўйдилар.
Қирғизистон Чегара хизмати вакиллари “чегара-ўтказиш масканларидан ташқарида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтилишига йўл қўйилмаган. Ўзбекистон томони қандайдир фактлар тақдим этадиган бўлса, Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати биргаликда текширув ўтказишга ҳамда мазкур воқеаларга алоқадор шахсларни қидириб қўлга олиш бўйича кўмак беришга тайёр”, - дея билдирдилар.
Андижон вилоятидаги манбалар вилоят марказида ҳамда ён-атрофдаги шаҳар ва қишлоқларда жамоатчилик тартибини сақлашнинг кучайтирилган тартиби жорий қилингани ҳақида маълум қилдилар.
“Кўчаларда милиция ходимлари автоматлар билан туришибди. Улар одамларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текширяптилар, - деди манба. – Шаҳарга кираверишда бешта БТР турганини кўрдим”.
“Ҳаммага уйдан чиқмасликни маслаҳат беришмоқда, - деди у, - кўчаларда одам деярли юрмай қўйди, ҳамма қўрқиб қолди”.
NBCA суҳбатдошининг қайд этишича, участка нозирлари “икки кун аввал” андижонликларнинг уйларига кириб ҳамманинг ҳужжатларини текшириб юрган эдилар.
Маҳаллий журналистлардан бирининг айтишича, вазият “жуда мураккаб”. Унинг Миллий хавфсизлик хизматида ишлайдиган таниши “Ўзбекистондан бир ой давомида ҳеч қаерга чиқмаслик” борасида огоҳлантирган.
Ўзбекистон ичкарисидаги шарҳловчиларнинг қайд этишича, расмий шахслар изоҳ беришдан йироқлар, ҳукуматга қарашли матбуот эса Бош прокуратуранинг хабарини ёйинлаш билан чекланиб қўя қолган. Шунинг учун ҳам, аниқ ахборотнинг йўқлиги бўлиб ўтган воқеани таҳлил қилиш имкониятини қийинлаштирмоқда.
“Маҳаллий мутасаддилар интервью беришдан бош тортмоқдалар, ҳеч ким Хонободда қандай жангарилар гуруҳи бўлганини ва аслида нималар содир бўлганини аниқ тушунтириб бера олмаяпти”, - дея тушунтирди Тошкентдаги журналистлардан бири.
Экстремистик гуруҳларга қарши кураш спецификаси билан яхши таниш бўлган Ўзбекистон кучишлатар тизимининг собиқ ходимларидан бири номи ошкор этилмаслик шарти билан Хонобод ва Андижонда содир бўлган воқеалар кўринишидан, Ўзбекистон армиясининг Фарғона водийсига кириб келган жангарилар гуруҳига қарши кўламли операцияда “якуний босқичнинг исталмаган натижаси” бўлиб қолганга ўхшайди.
“Кўринишидан, [қуролли ҳужум ва ҳудкуш амалга оширган теракт билан] жангарилар Ўзбекистон армияси қўшинларидан чекина туриб намойишкор амалиёт ўтказиб кетганга ўхшайдилар”.
Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий хабарида ҳужум қилган жангариларнинг шахси ҳақида аниқлик киритилгани йўқ, аммо ўз номларини ошкор этишни истамаган Ўзбекистон кучишлатар тузилмаларининг оммавий ахборот воситаларидаги вакиллари блок-постга ҳужумни Ўзбекистон Исломий ҳаракати (ЎИҲ) жангарилари амалга оширдилар деган фаразни илгари сурдилар.
Ушбу ҳаракат жангарилари томонидан 1999-2000 йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистонга бир қатор хуружлар уюштирилган эди.
Ўзбекистон расмийлари Ўзбекистон Исломий ҳаракатини Тошкент ва Бухорода 2004 йил баҳор-ёз мавсумида содир этилган террорчилик актларини содир этишда ҳамда 2005 йилда Андижонда ҳукумат қўшинлари тинч намойишни отиб ташлаганидаги қонли фожеага тааллуқлилиги борасида айблаган эдилар.
Маҳаллий матбуот вақти-вақти билан ҳаракат фаоллари ёки унинг Ўзбекистон ва қўшни мамлактлардаги фаолиятига алоқадорликда гумонланган шахсларни ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларни чоп этиб туради.
Аммо муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ҳозирги воқеаларни уларда исломий террорчилар иштироки билан ўхшашлик қидирмасликни маслаҳат беради.
Ундаги бор маълумотларга кўра, “экстремистик хуружлар дея аталувчи олдинги воқеаларда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг қўли бор”.
Тошкентда жойлашган ва рўйхатга олинмаган Ўзбекистон “Бирдамлик” ҳаракатининг етакчиси Дилором Исҳақова Хонобод ва Андижонда содир бўлган воқеалар ортидан келиб чиқадиган оқибатлардан хавфсирамоқда.
Унга кўра, энди расмийлар учун Қирғизистон билан чегарани ёпиб қўйишга баҳона топилди. Ёки ҳеч бўлмаганда, улар чегара назоратини кучайтириб юборадилар ва икки мамлакат ўртасидаги муносабат ёмонлашиб бораверади.
“Энди чегарага катта қулф осиб қўйишга баҳона топилди”, - дейди у.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)