Ўзбекистондаги миллатчилик хуружлари

Ўзбекистондаги миллатчилик хуружлари

8 февраль куни мустақил оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан 32 километр узоқликда жойлашган Чирчиқ шаҳрида куч ишлатар идоралари ёрдамида “ўзбеклар ва этник камчилик ҳисобланмиш қозоқ миллати вакиллари ўртасида юзага келган миллатлараро можаро”нинг бартараф қилингани ҳақида хабар қилдилар.

Бу ерда икки миллат вакиллари ўртасида бир неча тўқнашув бўлиб ўтган, аммо куч ишлатар идоралари икки этник гуруҳ вакиллари ўртасида пишиб келаётган йирик тўқнашувнинг олдини олишга муваффақ бўлдилар.

“Троицк туманида [Чирчиқ шаҳридаги мавзе] бир-бирига қарши чиқиш учун мингга яқин киши тўпланиши керак эди», - деди маҳаллий кишилардан бири.

Ички ишлар бош бошқармасининг туман бўлими ходими тартибсизликнинг олти нафар сабабчисига нисбатан миллатлараро низо қўзғаганлик учун жиноий иш очилганини айтди.

“Делолар сони яна кўпаяди, чунки ҳозир биз қозоқ ёшлари орасидан қарши томонни зиддиятга ким гижгижлаганини аниқлаяпмиз», - дея қўшимча қилди суҳбатдош.

Хабарларга кўра, таранглик ёшлар уяли телефонлари орқали бир-бирларига қозоқ миллатига мансуб миллий озчилик вакиллари ҳақида таҳқиромуз қўшиқ видеоролигини узата бошлаганидан сўнг икки ҳафта мобайнида зўрайиб борган.

“Видеодаги қўшиқ “қозоқлар”нинг ўзбекларга тенг эмаслиги ва ўзбек тилидаги уят гаплардан ташкил топган”, - деди чирчиқлик кузатувчи.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири мазкур қўшиқ тарқалганидан кейин 30 январдан бошлаб бир ҳафта мобайнида асосан ўсмир ёшидаги қозоқлар ва ўзбеклар ўзаро муштлаша бошлаганини сўзлаб берди. Ёшлар ўртасидаги дастлабки тўқнашув маҳаллий коллеж ҳудудида, Свято-Троицк эркаклар монастири ёнида бўлиб ўтган.

Айни пайтда қозоқ йигитлари ҳам уяли телефон воситасида хабар орқали қўшиқ муаллифлари номига ҳақоратли гаплар тарқата бошлаганлар.

Қозоғистон чегараси яқинида жойлашган Чирчиқ шаҳрида яшовчи 144 минг аҳолининг 40 фоизини қозоқлар ташкил қилади. Уларнинг кўпчилиги бу ерга сўнгги 10-15 йил ичида қозоқ-ўзбек чегарасидан 15 километр нарида жойлашган Жанубий Қозоғистон вилоятининг Атакент қишлоғидан кўчиб келганлар.

Улар ўз тарихий ватанларига кўчиб кетган русларнинг ўрнини эгалладилар.

Икки миллат вакиллари ўртасидаги муштлашувлардан сўнг маҳаллий аҳоли вакиллари ёшлар ўртасида миллатчилик кайфияти урчиб бораётганини ҳис қилаётганларини айтмоқдалар.

Ҳеч ким бундай жунбуш сабабларини аниқ айтолмаяпти. Айримлар фикрича, бунга қозоқ ва ўзбекларнинг расм-русумлари ва урф-одатларидаги фарқлар Ислом динига алоҳида эътибор билан ёндошадиган ўзбекларни қаттиқ ғижинтиргани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

“Чирчиқда яшаётган қозоқлар динга у қадар берилган эмас, диндаги барча кўрсатмаларга амал қилмайдилар, уларнинг туб миллат вакиллари тушунмайдиган ўз расм-русумлари бор”, - дея тахмин қилади ҳокимият ходими. Расмийнинг сўзларига кўра, радикал кайфиятда бўлган маҳаллий ёшларни қозоқ миллатининг ҳамма вакиллари ҳам масжидга бормаслиги, шунингдек, уларнинг ўзбек қизлари билан алоқа қилишлари ғижинтираётган бўлиши мумкин.

Чирчиқда яшайдиган рус миллатига мансуб талаба қиз ҳам бундай кайфият борлигини тасдиқлайди. У: “Бизга нисбатан ҳам салбий фикрлар мавжуд. Кўпчилик ўзбек йигитлари европача кийим кийиб юрганимиз учун бизни маҳаллий аҳолига ёмон таъсир қилаяпти, деб ҳисоблайди ва кўпинча миллатимиз ҳақида тўғри келмайдиган гаплар айтишади”, дея қўшимча қилди.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин. 

Conflict
Frontline Updates
Support local journalists