Ўзбекистон: диндорлар яна ҳибсга олинмоқда
Ўзбекистон: диндорлар яна ҳибсга олинмоқда
6 апрель куни Тошкентдаги Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи диндорларнинг ҳибсга олиниши бўйича қатор ҳолатлар ҳақида маълумот қилди. Сўнгги кунларда Тошкент вилоятида ўн бири киши, Бухорода эса ўн тўрт киши ҳибсга олинган.
Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов бу 2012 йил бошидан буён қўлга олинганларнинг қариндошлари мурожаат қилмиш ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан қайд этилган мусулмонларнинг оммавий ҳибсга олиниши бўйича учинчи ҳолат эканини айтади.
Кўпинча бундай ҳибсга олишлар “профилактика” мақсадида сохта айбловлар асосида амалга оширилади. Гарчи расмийлар буни диний экстремизм тарқалиб кетишига қарши кураш билан изоҳласалар-да, бундай ҳибсга олишлар доимо ҳам асосланган, судланувчиларнинг айблари эса исботланган бўлавермайди.
“Милиция ходимлари диндорларнинг уйларига беш-саккиз киши бўлиб келиб, уларнинг уйларида санкцияланмаган тинтувлар ўтказиб, гумонланган шахсни олиб кетадилар”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Одатда қўлга олинганлар 2-3 кун давомида вақтинча сақлаш ҳибсхонасида тутиб турилади, сўнг улар махфий равишда жиноий ишлар бўйича туман судига олиб келинади ва у ерда уларга адвокатнинг иштирокисиз “милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаганлик” ёки “майда безорилик” каби айбловлар қўйилади.
“Сценарий бир хил, - дейди Икромов. – Бундай айбловлар милиция ходимларига қўлга олинган диндорни ўн кундан то ўн беш кунгача ҳибсда сақлашга санкция олиш имконини беради, ҳибсхонада сақлаш чоғида эса унга нисбатан диний экстремизм бўйича сохта жиноий иш қўзғатилади”.
2011 йилнинг декабрь ойида Андижон вилоятида диндорларни оммавий ҳисбга олиш ҳолати кузатилганди, ўшанда Олтинкўл туманида истиқомат қиладиган йигирмага яқин ёш йигит “ваҳҳобийликда” айбланиб, ҳибсга олингандилар.
“Статистикага мувофиқ, ҳар йили Ўзбекистон қамоқхоналаридан икки юзга яқин диндорнинг жасади яқинларига қайтарилади, - дейди Икромов. – Уларнинг кўпи қийноқ қўлланганидан кейин жон таслим қилгани маълум”.
Бу каби сўнгги ҳолат жамоатчиликка жорий йилнинг февраль ойида Навоий шаҳридаги 64/46-сонли колониядан “Ҳизб-ут-Таҳрир” диний-экстремистик партияси фаолиятида иштирок этганлик учун 13 йилга озодликдан маҳрум қилинган 41 ёшли маҳбус Абдураҳмон Сагдиевнинг жасади қариндошларига жўнатилганда маълум бўлди.
Барча ҳолатлар бўйича, Суръат Икромовнинг сўзларига кўра, суд-тиббий экспертиза хулосаси мавжуд.
Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, айни пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарида диний мотивлар бўйича қамалган беш минг чоғли маҳбус сақланмоқда.
Дунёдаги диний эътиқод эркинлиги бўйича АҚШ комиссияси ўзининг 2012 йилги ҳисоботида диний эркинлик бўйича мавжуд вазият учун Ўзбекистонни танқид қилган ва диндорлар тазйиқ остига олинаётгани учун Ўзбекистонни “алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакат” ўлароқ эътироф этган.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.