Ўзбекистон: жамоатчиликни экология муаммоларини ҳал қилишга жалб этмоқчилар

Ўзбекистон: жамоатчиликни экология муаммоларини ҳал қилишга жалб этмоқчилар

“Экологик назорат тўғрисида”ги янги қонун Ўзбекистонда табиатни муҳофаза қилиш муаммоларини ҳал этишда давлатга ёрдам бериши лозим бўлган жамоатчилик нозирлари институти шаклланишига йўл очади. Аммо расмийлар фаолларга реал ваколатлар беришга ҳозирмилар?

“Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий мажлис (парламент) қўмиталари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Қонунни ишлаб чиққанларнинг асосий ғояси “атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш тизимида ноҳукумат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўрни ва ролини аниқлаш ҳамда давлатнинг муҳим дастурларини ҳал қилишда ноҳукумат ташкилотлари иштирокининг ҳуқуқий асосларини яратиш”га дохилдир. Бунда алоҳида ваколатлар бериладиган экология бўйича жамоатчилик нозирлари институтини шакллантириш таклиф қилинмоқда. Бунга экологик мониторинг ўтказишдан тортиб табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик бузилишини бартараф қилиш ҳамда бу ишга масъул бўлган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун чоралар кўриш бўйича тавсия ва таклифлар киритишгача бўлган ваколатлар киради.

Дунё мамлакатларининг 2012 йилдаги Экологик рейтингига мувофиқ, жорий йилда Ўзбекистон атроф-муҳит ҳолати соҳасида Қозоғистон, Туркманистон ва Ироқ қаторида яна энг паст ўринларни эгаллади. Рейтингни тузишда асосий экологик кўрсаткичлар қаторида ҳаво ва сув тозалиги ҳисобга олинган.

Ўзбекистондаги экологик офатнинг асосий ҳудуди тобора қуриб бораётган Орол денгизи жойлашмиш мамлакат шимолий-ғарбидаги Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистондир. Амударё суви камайиб бориши туфайли денгиз ҳажмининг кескин қисқариб кетиши намлик танқислиги ва янги чўл зонаси пайдо бўлишига ҳамда бу ҳудудда ер деградациясига олиб келди.

Тошкент, Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Фарғона вилоятларида металлургия ва кимё соҳасидаги саноат объектлари кўп бўлиб, улардан чиқаётган чиқиндилар, маҳаллий мутахассисларнинг эътирофича, ҳавони булғашга асосий ҳиссани қўшиб келмоқдалар.

Маҳаллий фаоллар жамоатчилик нозирлари ноқонуний дарахт кесиш, кўчалар тозалигини назорат қилишдан тортиб браконьерларга қарши курашгача бўлган бошқа экологик муаммоларни ҳал қилишда наф келтириши мумкин эди, деб ҳисоблайдилар.

Бироқ бу жабҳада самарага эришиш мақсад қилинган бўлса, жамоатчилик нозирлари фаолияти учун либерал шарт-шароит яратиш талаб этилади. Бу уларнинг қўллари боғланган бўлмаслиги, уларнинг ташаббуслари эса охиригача етказилиши учун керак.

“Чин маънодаги мустақил фуқаролик жамияти йўқ бўлгани ҳолда табиатни муҳофаза қилиш сиёсатида қонунбузарликларга қандай қилиб қарши туриш мумкин? – дейди экологик мавзуларда мақолалар ёзиб турувчи ўзбекистонлик журналист норози бўлиб. – Расмийларнинг ўзлари табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни бузаётган бўлса, экологияни сақлаб қолиш учун курашаётганларга эркинлик беришармиди?”

У “Орол ва Амударёни муҳофаза қилиш уюшмаси” экологик ташкилоти бир неча йил муқаддам Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги зовур коллектори қурилишига қарши судга даъво аризаси берганини мисол келтирди. Ўшанда фаоллар коллектордан оқиб келаётган ифлос сув Амударёга қуйилиши ва ичимлик суви ўлароқ ишлатилаётган сув жуда ифлосланиб кетишидан норози бўлгандилар. Бироқ бу судда экологлар юқтазганлар, коллектор эса тўла қувват билан ишлай бошлаган.

Ёки бошқа бир мисолни олайлик. 2007 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши мавзусини оммавий ахборот воситаларида ёритиш ва минбарлардан туриб сўзлашга махфий таъқиқ қўйилган. Сўнгги йилларда шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини янгилаш бўйича ҳукумат режаси доирасида, расмийлар кўрсатмасига биноан иқлим шароити ҳисобга олинмай, кўп йиллик эман ва чинорлар ёппасига кесиб ташланмоқда. Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбонида 2009 йили асрлик дарахтларнинг кесилишига оид жанжалли воқеаларни одамлар ҳали ҳам гапириб юришибди. Экология фаолларининг бу соҳадаги ҳар қандай ташаббуси барибир охири барбод бўлади, дея қўшимча қилди журналист.

Унинг сўзларини Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида ишлайдиган мутахассис ҳам қўллаб-қувватлайди. «Амалда [жамоатчилик] нозирлари сўзсиз босимга дуч келишлари хавфи бор», - деди у ўзаро суҳбат чоғида. Аммо бунақа қонун барибир керак, чунки у «етакчи давлатларнинг яшил сиёсати руҳига мос келади».

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

Uzbekistan
Environment
Frontline Updates
Support local journalists