Ўзбекистон Қирғизистон жанубидаги вазият борасидаги миш-мишларга тўлиб кетди
Ўзбекистон Қирғизистон жанубидаги вазият борасидаги миш-мишларга тўлиб кетди
Қўшни Қирғизистон жанубий вилоятларидаги аҳвол борасида ишончли ахборот йўқлиги боис, Ўзбекистоннинг Фарғона водийси шаҳарларида маҳаллий аҳоли миш-мишларга ишонишга мажбур бўлаяпти.
Ўзбекистондаги кузатувчиларнинг айтишларича, маҳаллий аҳоли 19 май куни Жалолободда, Ўзбекистон билан чегарадош Қирғизистоннинг жанубий вилояти маъмурий марказида оммавий тартибсизликлар ва қуролли тўқнашувлар содир бўлгани ҳамда уларда ўзбеклар ва қирғизлар иштирок этгани тўғрисидаги хабарлардан ташвишга тушганлар.
Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Қирғизистон жанубидаги ўзбек жамоасининг етакчиси ва Қирғизистон янги ҳукуматига тарафдор бўлган Қодиржон Ботировга қарши норозилик митинги уюштирилган. Митинг иштирокчилари Ботиров ўзининг чиқишлари билан “вазиятни миллий негизда издан чиқармоқда” дея билдирдилар. Бундан бир кун илгари у тахтдан ағдарилган президент Қурманбек Бакиевнинг қариндош ва уруғини қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида миллий низо чиқаришга уринаётганликда айблаган эди.
Ўзбеклар Қирғизистонда сон жиҳатдан иккинчи ўринда турадилар ва мамлакат аҳолисининг йигирма фоизини ташкил этадилар.
Жалолободдаги норозилик митинги бир-бирига қарши курашаётган томонларнинг фаол ҳаракат қилишга ундади, Ботировнинг ҳимоясига ўзбекларнинг катта гуруҳи тўпланди, жунбушга келган оламон эса Ботиров асос солган ва қурган Халқлар дўстлиги университети биносини вайрон қилишга бошлади.
Қирғизистон расмийларининг маълумотига кўра, тўқнашувлар натижасида кам деганда уч киши ҳалок бўлган ва етмишдан ошиқ киши яраланган. 19 май куни кечқурун Қирғизистоннинг муваққат ҳукумати Ботировга қарши жиноий иш қўзғагани ҳақида эълон қилди ҳамда Жалолобод ва унга ёндашган Сузоқ туманида фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий этди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон икки мамлакат ўртасидаги бир ярим ойдан бери ёпиб қўйилган чегарани янада кучайтирилган тартибда қўриқлай бошлади ва у ерга қўшимча ҳарбий техникани ташлади.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бу ҳақда ҳеч қандай хабар бермаганига қарамай, Жалободдаги тўқнашувлар ва хавотирли вазият ҳақидаги хабарлар мамлакат ичида тезда тарқала бошлади. Одамлар орасидаги миш-мишлар борган сари семира бошлади.
“Ўшдаги қариндошларимиз [Қирғизистоннинг жанубий пойтахти] у ерда ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги вазият ўта таранг аҳволга келгани айтдилар, - дейди Жалолобод вилоятига чегарадош бўлган андижонлик Акмал. – Ўзбекларга бандитлар ҳужум қилишган экан, шунинг учун ўзбеклар қирғизлар билан низо чиқариб қўймаслик учун тунда кўчада юрмасликка ҳаракат қилаяптилар.”
Андижон вилоятида киракашлик қиладиган маҳаллий ҳайдовчининг қайд этишича, унинг мижозлари “фақат Жалолобод ҳақида гапираяптилар, холос”.
“Гап-сўзлар тинмаган, - дейди у, - одамлар бундан кейин нима бўлишидан хавотирга тушдилар. Улар Ўш воқеаларининг қайтарилишидан қўрқаяптилар”.
1990 йилда Қирғизистон жанубидага Ўш ва Ўзган шаҳарларида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида содир бўлган тўқнашувлар юзлаб одамларнинг қурбон бўлишига олиб келган эди.
Андижондаги бошқа суҳбатдош “атрофдаги хавотирли муҳит” ва маҳаллий аҳолининг “яна бирор нарса бўлиш эҳтимоли пишиб етилаётгани” ҳақидаги гап-сўзларига ишора қилмоқда.
Шарҳловчиларнинг айтишича, жамиятдаги таранглик жиддий ва фақат одамларни бўлаётган воқеалар ҳақида объектив ахборот билан таъминлаш оқибатида аҳволни юмшатиш мумкин. Айнан объектив ахборот етишмовчилиги қаттиқ сезилаяпти.
Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячи Сурат Икрамов “ўзбекистонликларнинг аксарияти бўлаётган воқеалардан бехабар қолаётганига” ва шунинг учун турли миш-мишлар пайдо бўлаётганига ишора қилмоқда.
“На Ўзбекистон телевидениеси, на радио, на газеталар Қирғизстонда тартибсизликлар бошланганидан бери [6-7 апрель] бу ҳақда ҳеч қандай хабар берганлари йўқ. Негаки, инқилоблар ва давлат тўнтаришлари ҳақида хабар бериш бизнинг расмийлар учун ўлим билан тенг”, - дейди мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракатининг Тошкентдаги вакили Дилором Исҳақова.
Ушбу мақола National Endowment for Democracy фонди томонидан молиялаштириб келинаётган “Марказий Осий янгиликлар маълумотномаси” лойиҳа доирасида тайёрланган.