Аждар Куртов: Россия постсовет мамлакатлари билан реинтеграция йўлини танлади
Аждар Куртов: Россия постсовет мамлакатлари билан реинтеграция йўлини танлади
Май ойи бошида Россия раҳбари Владимир Путин ўз президентлигининг устивор йўналишларини баён қила туриб, ташқи сиёсий йўналишни амалга ошириш бўйича қатор чора-тадбирларни белгилаб ўтди, бунда асосий йўналиш МДҲ давлатлари билан “кўп томонлама ҳамкорлик ва интеграция жараёнларини ривожлантириш” бўлиб ҳисобланади.
NBCA: Россия стратегик тадқиқотлар институти етакчи эксперти Аждар Куртовдан бу нима билан боғлиқлигини ва Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларида қандай ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб беришни сўради.
Аждар Куртов: Агар нарсаларни ўз номи билан атайдиган бўлсак, бу сиёсатнинг ўзак унсури реинтеграция бўлиб ҳисобланади. Путин Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан таассуфда эканини ҳеч қачон яширган эмас. У Совет Иттифоқи ва Россия қарийб синоним (маънодош) сўзлар экани ҳақида гапирганди.
Албатта, Россия ҳозирги ҳолатда Ғарб олами ва Хитойга ўзининг ким эканини кенг кўламда билдириб қўйиши қийин, аммо у ён-атрофдаги мамлакатларда позициясини мустаҳкамлаб олиши учун каттагина имконият бор. Бунинг учун таклиф қилинган восита ҳам маълум – бу Евросиё иқтисодий иттифоқини барпо қилишдир. Бу ерда гап 2015 йилга бориб бу иттифоқ шакллантирилган пайтда бирлашма фаолиятининг турли томонларини тартибга солувчи барча асосий ҳужжатлар қабул қилиниши лозимлиги ҳақида бормоқда. Яъни бунда гап бирлашмага қандайдир янги давлатларнинг қўшилиши муваффақият ёки муваффақиятсизлик кўрсаткичи бўлиши ҳақида бормаяпти, балки бу қўшилувнинг бирлашма сифатига нечоғли ижобий таъсир қила олиши хусусида бораяпти.
NBCA: Реинтеграция томон олинган йўналиш кўплаб таҳлилчилар, айниқса ғарблик таҳлилчиларнинг сўнгги йилларда Россия билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги алоқалар бир мунча совигани ҳақидаги мулоҳазаларини тасдиқламайдими?
Куртов: Мен Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалари совиган, деган фикрга қўшилмайман. Бу айёрона ташвиқот нуқтаи назаридир. Ғарблик таҳлилчилар алоқалар совиганини нималарда кўраётган эканлар? Россия иқтисодий муносабатларнинг бозор тамойилларига ўта бошлаганидами? Тўғри, 90-йилларда алоқалар товар айирбошлаш Россия миллий манфаатларига мос келмайдиган йўсин асосига қурилганди. Ўшанда биз Марказий Осиёга маҳсулотларни дунёдаги нархлардан икки баробар паст баҳода ёки ҳалигача қайтарилмаётган кредитлар ҳисобидан етказиб берардик.
Мен 1998 йили парламент қарори билан Ўзбекистон ўзига берилган кредитни давлат қарзи сифатида тан олмаслиги билдирилган вазиятни яхши эслайман.
Дарвоқе, улар тақрибан ярим миллиард доллар миқдоридаги кредитлар эди. Бу муаммоли вазият ҳалигача ҳал бўлгани йўқ.
Эндиликда умумбиродарлик каби советча мафкуравий фантомларга асосланувчи бундай сиёсатдан ҳақиқатан воз кечдик. Айтгандай, биз бундан фақат МДҲ ичидаги муносабатлардагина воз кечганимиз йўқ. Путин Давлат Думаси мажлисида сўнгги бор бош вазир сифатида ҳисобот билан чиққан пайтда, унга: “Биз “араб инқилоблари” натижасида нималарни йўқотдик?” дея савол беришди. Бунга Путин: “Биз ҳеч нарса йўқотганимиз йўқ, чунки бу ерда фақат бой берилган манфаат ҳақидагина гап бўлиши мумкин, холос”, дея мутлақо ўринли жавоб берди.
Дарвоқе, экспертлар Марказий Осиёда ҳозир муносабатлар совиши деб атаётган айрим жиҳатларнинг ташаббускори ҳам Россия эмасди. Ўзбекистон КХШТдан чиқиб кетишига ҳам Россия сабаб бўлди, деб ўйлайсизми? Йўқ, Россия бунинг ташаббускори бўлган эмас.
Объектив жараёнлар бор: улар шундан иборатки, мустақилликка эришган янги Марказий Осиё давлатлари уларни қура бошладилар, уни реал мазмун билан тўлдира бошладилар, сайёранинг бошқа қисмлари билан алоқа ўрната бошладилар; албатта, бу жараён бошқа томондан Россия билан алоқаларнинг сусайишига сабаб бўлди. Бу, бир томондан, табиий жараёндир, бошқа томондан қаралганда, бу жараённинг якуни нима бўлди? Марказий Осиё давлатлари бу жиҳатдан бойроқ бўлиб қолдими? Ҳечам ундай бўлгани йўқ, камида уч давлат – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон янаям ёмонроқ яшай бошлади.
Ва айнан шу ҳолат, менимча, Россия номига қандайдир танқидий ўқлар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Яъни бу мамлакатларнинг расмийлари ўз аҳолисига зўр муваффақиятларни тақдим қилолмаяптилар, Совет Иттифоқи таркибидан чиқишни иқтисодий статистиканинг реал фактлари билан оқлаёлмаяптилар, шунинг учун ҳам Россия номига турли бўлмағур гаплар ўйлаб топилаяпти.
NBCA: Бугунги кунда Россия, Туркманистон ва Ўзбекистон бир-бирига қандай янги нарса таклиф қила олиши мумкин?
Куртов: Туркманистон бўйича келтирилган мисол ўринсиз. Туркманистон биров билан илғор алоқаларни йўлга қўйишни истамайдиган бетараф мамлакатдир. МДҲ тузилмалари билан бўладими ёки бошқа тузилмалар биланми – бунинг аҳамияти йўқ, улар ўз ҳолича яшашни истайдилар. Дарвоқе, бу иқтисодий сабабларга кўра эмас, балки сиёсий сабабларга кўра шундай қилинади.
Ўзбекистонга келсак, бу ерда моҳиятан арзимасдай кўринган ташқи имо-ишораларни фарқлаш лозим... Барибир Ўзбекистон иқтисодиётига Россия ва умуман олганда, ҳар қандай хорижий сармояларни анча ўзига хос тарзда жалб қилиш йўли давом этмоқда.
Интервьюни NBCAнинг Бишкекдаги муҳаррири Юлия Горяйнова олди.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.