Ўзбекистон: меҳнат муҳожирлари қулликдан ҳимояланмаган
Ўзбекистон: меҳнат муҳожирлари қулликдан ҳимояланмаган
Ишсизлик даражасининг юқорилиги, турмуш даражасининг пастлиги ва кўп болали оилаларни боқишга ҳаракат кўпчилик ўзбекистонликларни, айниқса, олис туманларда яшайдиганларни пул топиш мақсадида бошқа юртларга чиқиб кетишга мажбур қилаяпти.
Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилотларининг маълумотларига кўра, 28 миллиондан кўпроқ аҳоли яшайдиган Ўзбекистондан уч миллиондан беш миллионгача бўлган одам Россия, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Кореяга пул ишлаш учун кетган. Ўзбек расмийлари эса меҳнат миграцияси мавжудлигини тан олмайди.
Чегарада ўзбекистонлик ноқонуний ишчиларни ишга ёллаш билан шуғулланадиган ва исми ошкор этилишини истамаган жанубий қозоғистонлик тадбиркорнинг NBCAга айтишича, уларни даладаги ишлар учун ёллаш фойдали, чунки улар “кўп ишлаб, кам ейдилар, уларга ҳеч қандай ҳужжатнинг ҳам кераги йўқ”.
Фуқароларнинг кўпи пул топиш учун мамлакатдан ноқонуний равишда чиқиб кетаётгани уларни ижтимоий ва тиббий ёрдамдан маҳрум қилмоқда.
Бу ишчилар кўпинча уларни Россия ва Қозоғистонга сотиб юборадиган қулфурушлар қўлига тушиб қолади. Қул “экспорт”ига бўлган талаб ёзда, сабзавот ва тарвузларни йиғиб-териб олиш мавсумида ошиб кетади.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари меҳнат эксплуатациясига оид фактлар юзасидан хавотир билдирмоқдалар. Чунки одам савдоси қурбонларининг жуда озчилигини асоратдан қутқариш имкони бўлмоқда.
Ўзбекистон шимолий-ғарбидаги Хоразм вилоятида жойлашган “Нажот” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи маълумотларига кўра, жорий йилнинг сўнгги бир неча ойи давомида мазкур вилоятнинг бир туманидан Россия далаларидаги ишлар учун 68 нафар киши қулликка сотиб юборилган.
“Уларни Ўзбекистоннинг абжир фуқаролари мамлакатдан олиб чиқиб, пудратчиларга сотиб юборишган”, - дейди фаоллари бир неча йилдан буён одам савдоси қурбонлари мониторинги билан шуғулланиб, ўз кучи билан мусибатга йўлиққан кишиларга ёрдам кўрсатиб келаётган “Нажот” гуруҳи раҳбари Ҳайитбой Ёқубов.
Ўтган баҳорда асоратга тушиб қолган 29 меҳнат муҳожири номидан ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилган икки нафар одам савдоси қурбони Россиянинг полиз плантацияларидаги қуллар меҳнати ҳақида гапириб берганлар. “Иш берувчилар адолат талаб қилган Хоразм вилоятининг Хазорасп туманидан бўлган Гавҳар Нуруллаевани белигача ерга кўмиб қўйиб, уни барча нарсадан мамнун эканини тасдиқловчи ҳужжатга қўл қўйишга мажбурлашган”, - дейди ҳуқуқ фаоли.
Июнь ойи охирида АҚШ Давлат департаменти жаҳондаги одам савдоси тўғрисида ҳисобот эълон қилди. Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, Ўзбекистон одам трафигини бартараф қилиш бўйича минимал стандартларга тўла жавоб бермайди ва мамлакатда мажбурий меҳнат қурбонлари бўйича жиддий статистика мавжуд.
Ўзбекистонда замонавий қулдорларга қарши кураш бўйича қонунчилик базаси бор. Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мамлакат ратификация қилган Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенцияни ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини таъқиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича 2012-2013 йиллар учун Қўшимча тадбирлар режасини тасдиқлади.
Мажбурий меҳнатга оид ҳолатларни камайтириш учун ҳуқуқ ҳимоячилари расмийларга муаммони тан олиш ва маҳаллий фаоллар билан яқиндан ишлашни таклиф қилишаяпти.
“Ҳуқуқ-тартибот идоралари тирик товар билан савдо қилувчиларнинг бир-иккитасинигина қўлга олаяптилар, уларнинг жуда кўпи эса озодликда қолмоқда, - дейди Ёқубов. – Биз милицияга уларнинг исмларини тақдим этаяпмиз, аммо мурожаатларимиз эътиборсиз қолиб кетаяпти”.
“Ҳатто кимнидир асоратдан қутқарган тақдиримизда ҳам, уйга қайтгач, улар ҳуқуқ фаоллари билан ҳамкорлик қилганлари учун милициядан дашном олаяптилар”, - дея қўшимча қилади Ёқубов.
Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институтининг “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастури раҳбари Елена Рябинина мажбурий меҳнат учун одам етказиб берувчи ва бундай кишилар меҳнатидан фойдаланувчи мамлакатларнинг расмийларини айблайди. “Кўпчилик одамларнинг аҳволи мушкуллиги уларнинг асоратга тушиб қолишига сабаб бўлаяпти, - дейди у NBCAга. – Меҳнат миграцияси оқимини юзага келтираётган сабабларни бартараф этиш, Ўзбекистоннинг ўзида мавжуд ижтимоий ва иқтисодий сиёсатни ўзгартириш лозим”.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.