Марказий Осиёга саҳро даф қилмоқда

Марказий Осиёга саҳро даф қилмоқда

Saturday, 7 July, 2007
, Марказий Осиё саҳроланиш жараёни олдида жуда ожиз қолаяпти. Экспертларнинг фикрича, фақат мониторинг фаолияти билан чекланиб қолаётган минтақа давлатлари имкон қадар тезроқ бу хатарга қарши курашда минтақавий қўшма тадбирларга киришишлари лозим бўлади.



БМТнинг саҳроланиш бўйича 2007 йилги маърузасида Африкада жойлашган Саҳрои Кабир жанубидаги ерлар билан бир қаторда Марказий Осиё ҳам жадал суръатда саҳроланиб бораётган дунёнинг энг заиф минтақаларидан бири бўлиб ҳисобланиши айтилади, дея хабар қилди Би-би-си 28 июнь куни.



Инсоннинг қурғоқ ҳудудлардаги табиий ресурслардан нотўғри фойдаланиши оқибатида юзага келган ерларнинг саҳроланиши минтақа мамлакатларидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга ҳамда глобал экологик тизимга аллақачон салбий таъсир кўрсата бошлаган, бу кескин сиёсий чоралар кўрилишини талаб қилади, дейилади маърузада.



NBCA таҳлилчилари маърузадаги хулосаларга қўшиладилар ва ердан нотўғри фойдаланиш, ўрмон ва бутазорларни кесиш, чорва молларини ҳаддан зиёд ўтлатиш ҳамда янги ўрмонзорлар учун зарур бўлган умумий сув заҳираларидан фойдаланишни мувофиқлаштириш даражасининг пастлиги минтақани кенг кўламда саҳроланиши юзасидан жиддий хатар остига қўяди, дея қайд этадилар.



Қозоғистон Миллий фанлар академияси академиги, саҳрошунослик мактаби асосчиси Сейфулла Абдраимов Марказий Осиёда саҳроланишга қарши курашиш усуллари ўта умумий характерга эга ва кўпинча фақат мониторинг билан чекланиб қолади, деб ҳисоблайди.



“Марказий Осиёга саҳро даф қилмоқда, шу билан бирга, у атроф-муҳит экологиясини ўзгартириб юбораяпти. Қозоғистоннинг ўзидаёқ бир ярим миллион гектар ер шамол эрозиясига учраган, эртага бу ерлар саҳрога айланади”, - дейди Абдраимов.



Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида жойлашган Қорақум ва Қизилқум минтақадаги энг йирик чўллар бўлиб ҳисобланади. Жадаллик билан емирилиб бораётган жой эса Оролбўйи ҳудуди ҳисобланиб, у фақат саҳроланибгина қолмай, тупроқнинг ҳаддан зиёд шўрланишидан ҳам бузилиб бораяпти.



Тупроқнинг емирилиши камбағаллик даражаси ошишининг асосий омилларидан биридир, чунки Марказий Осиёнинг қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи аксар аҳолиси қишлоқ хўжалик юмушлари билан банд, дея изоҳ беради Тожикистонда саҳроланишга қарши кураш бўйича конвенцияни амалга ошириш НҲТ тармоғи мувофиқлаштирувчиси Муаззама Бурҳонова.



“Ерни ҳаддан ортиқ зўриқтириш туфайли унинг ҳосилдорлигини йўқотиш қишлоқ аҳлининг ердан узилишига, уларда ерга хўжайинлик туйғусини йўқолишига, аҳолининг кўча бошлашига, камбағаллик ва ижтимоий тангликнинг кучайишига олиб келади”, - дея қайд этади Бурҳонова.



БМТ маълумотларига кўра, саҳроланиш бутун дунёда 100-200 миллион кишининг ҳаётига салбий таъсир кўрсатади ва яқин ўн йил ичида 50 миллиондан зиёд кишининг мажбуран кўчиб кетишига олиб келиши мумкин.



Экспертлар мелорация тизимини саҳроланиш хатарига мувофиқлаштирилган ҳолда тўла қайта қуриш зарурлиги ҳақида гапирадилар.



Хусусан, табиатдан фойдаланишни тартибга солиш соҳаси мутахассиси, қозоғистонлик Елемес Тулемисов чегаралараро сув заҳиралардан фойдаланиш жабҳасидаги келишмовчиликлар саҳроланишга қарши курашдаги асосий усул бўлмиш янги ўрмонзорларни кенгайтиришни хавф остига қўяди, дея қайд этади.



Марказий Осиёнинг катта қисми юқори ҳароратли, мавсумий қурғоқчилик узоқ давом этадиган ва ёғингарчилик кам бўладиган ҳудудга киради.



Тожикистон Қишлоқ хўжалик фанлари академиясининг бош илмий котиби Ҳикматулло Аҳмадов NBCAга берган интервьюсида минтақа мамлакатларининг биргаликда ишлашларигина саҳроланиш хатарини енга олишга ёрдам беришини айтди. Мамлакатлар ҳамжиҳатликда агротехник, ўрмон-мелиоратив, гидротехник тадбирларни ўтказишлари, шунингдек, ердан саводли фойдаланиш ва чорва ҳайвонлари боқишни тартибга солиш усулларини жорий этишлари лозим бўлади.



“Тупроқ бузилиши чегара билмайди, - дейди Аҳмадов. - Масалан, у бемалол Афғонистондан жуда кўп чанг ва қум олиб кириши ҳамда Тожикистондаги пахтазорларни яксон қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳамжиҳатликда ишламоқ керак – битта томоннинг ўзи ҳеч нарса қилолмайди”.



(NBCA бутун минтақадан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини эътиборингизга ҳавола этади)

Central Asia
Frontline Updates
Support local journalists