Амнистия ҳар кимга ҳам насиб қилмаяпти
Амнистия ҳар кимга ҳам насиб қилмаяпти
30 ноябр куни Олий Мажлис (парламент)нинг юқори палатаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг ўн тўрт йиллиги муносабати билан президент Каримов томонидан ҳавола қилинган амнистия ҳақидаги қарорни маъқуллади. Қарорга кўра амнистия биринчи навбатда аёллар, вояга етмаганлар, қария ва чет эллик маҳбуслар, биринчи маротаба оғир бўлмаган жиноят содир қилиб судланганларга берилади. Хавфли рецидивистлар ҳамда миллий хавфсизликкка таҳдид солувчи таъқиқланган ташкилотларга алоқадор маҳбусларга амнистия берилмайди.
NBCAнинг шарҳловчиларига кўра, модомики, маҳбусларнинг аксари, хусусан, сиёсий маҳбуслар ҳаддан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинар эканлар, амнистия жуда чекланган доирадаги кишиларга берилиши мумкин.
"Ўзбекистондаги амнистия − бу тўғри маънодаги афв эмас. Ахир қамоқхоналардаги маҳбуслар ўта узоқ муддатларга ҳукм қилинганлар, шунингдек, тушунмовчилик ёки уйдирма, туҳмат билан ҳибсда ўтирган маҳбуслар жуда кўпчиликни ташкил қилади" − дея ҳисоблайди Ўзбекистондаги собиқ маҳбус.
Кузатувчиларга кўра, бадавлатроқ маҳбуслар тўлов эвазига озодликка чиқиш тўғрисидаги тегишли қарорни сотиб олиш учун амнистиядан фойдаланишлари ҳам мумкин. Шунингдек, махсус хизмат ходимлари томонидан "синдирилган" маҳбусларгина амнистияга тушиш эҳтимоли бор.
Қамоқхоналарни ўрганувчи Лондондаги Халқаро марказнинг маълумотларига кўра Ўзбекистонда ҳар 100 000 кишига 184 маҳбус тўғри келади. Бу миқдор тахминан эллик минг кишини ташкил қилади.
NBCAнинг айрим таҳлилчиларининг тахминича, амнистия тўғрисидаги қарорнинг имзоланиши Ғарб давлатларининг ишончини қозониш мақсадида қилинган сиёсий қадамдир. Чунки, бир қанча нодавлат ташкилотлар (Human Rights Watch ва Amnesty International кабилар) Ўзбекистон ҳукуматини журналистлар, жамоат фаоллари ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиларини турли сиёсий баҳоналар билан таъқиб остига олаётгани, шунингдек, қамоқхоналарда қийноқлар қўллаганликда кўп маротаба айблаган эди.
"Бу каби қадамлар Ғарб учун хўжа кўрсингагина қўйилган. Чунки Ўзбекистон Ғарб билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларини тиклашдан манфаатдордир", − дея ҳисоблайди NBCAнинг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиларидан бири.
(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади.)