Марказий Осиё: Инсон ҳуқуқлари Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти диққат марказида
Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти ҳуқуқ муҳофазаси тузилмасининг мусулмон мамлакатлари ҳукуматларида инсон ҳуқуқлари масаласини олға силжитиш учун кўп куч сарфлашига тўғри келади.
Марказий Осиё: Инсон ҳуқуқлари Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти диққат марказида
Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти ҳуқуқ муҳофазаси тузилмасининг мусулмон мамлакатлари ҳукуматларида инсон ҳуқуқлари масаласини олға силжитиш учун кўп куч сарфлашига тўғри келади.
30 июнь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 38-йиғилишида таркибига инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил комиссиянинг низоми кирган резолюциялар пакети қабул қилинди.
Янги тузилма таркибига учта - Осиё, Араб ва Африка гуруҳларини тамсил этувчи 18 киши кирди.
Бугунги кунда мусулмон дунёси тараққиётнинг янги даври остонасида турибди, Шимолий Африка ва Яқин Шарқда бўлиб ўтган инқилобий воқеалар эса фундаментал ислоҳотлар зарурлигини кўрсатмоқда, дедилар ташкилотга аъзо мамлакатлар делегацияларининг анжуманда сўзга чиққан вакиллари. Шу боис демократияни олға суриш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш биринчи планга чиқмоқда.
Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти ёшлар форуми бош котиби Элшод Искандаров араб инқилоблари ижтимоий-иқтисодий сабаблар билан бир қаторда одамларнинг давлат бошқарувида “иштироксизлиги ва интеграциялашмаганлиги” оқибатида юзага келди ва эндиликда бу муаммони фақат демократик механизмлар орқали ҳал этишга тўғри келади, деган мулоҳазани билдирди.
Искандаров Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти доирасидаги янги тузилма кўп масалаларни “объектив” равишда тартибга солишда ёрдам беради, деб ҳисоблайди. “Инсон ҳуқуқлари масаласи билан бизнинг ўрнимизга бошқалар шуғулланмасликлари учун бу масала билан биз ўзимиз шуғулланишимиз керак”, - дея қайд этди у NBCA билан суҳбатда.
Айни пайтда Марказий Осиёда фаолият юритувчи ҳуқуқ ҳимоячилари комиссияни биринчи навбатда Ўзбекистон ва Туркманистонга эътибор қаратишга чақирмоқдалар.
Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти аъзоси бўлиб ҳисобланмиш бу икки углеводородга бой мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият аянчли аҳволда. Freedom House ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ўзининг “2011 йилда дунёдаги эркинлик вазияти ҳақида” деб номланган ҳисоботига инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият “ёмондан ёмонроқ” бўлган Яқин Шарқ, Шимолий Африканинг қатор мамлакатлари ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистон каби 47 та “эркин бўлмаган” давлатни киритди.
Amnesty International рейтингига мувофиқ, Ўзбекистон ва Туркманистон пенитенциар тизимларида қийноқлар кенг қўлланиладиган, халқаро текширув ўтказиш имкони йўқ бўлган мамлакатларлигича қолмоқда..
Ташкилоти қийноқлар мониторинги ва мусулмонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келган Тошкентдаги Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Ислом Ҳамкорлиги Ташкилотининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмасига бу муаммоларни таҳлил қилишга эътибор қаратишни тавсия қилди.
“[Ўзбекистонда] мусулмонлар фақат ибодат қилганлари учун уларни оммавий равишда ҳибсга олиш ва судлаш содир бўлмоқда, уларни, гарчи бу судда ўз тасдиғини топмаса-да, қандайдир диний оқимларга алоқадорликда айблашмоқда, судланганларни бирор-бир далил-исботсиз ислом террорчилари, дея аташмоқда”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Туркманистон Фуқаролик Демократик Уюшмасининг Нидерландияда яшаётган раиси Вячеслав Мамедов Ислом Ҳамкорлиги Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ишининг аниқ самараси кўриниши учун анча вақт ўтиб кетади, деб ҳисоблайди. Бу ташкилот доирасида янги қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиш зарурати ва уларни 57 та иштирокчи давлат ўртасида мувофиқлаштириш бўйича узоқ муддатли жараён билан боғлиқ.
“Мен ушбу комиссиянинг тавсиялари авторитар Туркманистон расмийлари томонидан инобатга олинишига шубҳа қиламан”, - дейди Мамедов пессимистик оҳангда.
Вазиятни яхшилаш учун ҳуқуқ муҳофазаси тузилмаси ҳукуматга “етарлича” таъсир ўтказа олиши керак бўлади.
“Инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида кўп ишларни амалга ошираётган БМТ, ЕХҲТ, ЕИ каби жиддий ташкилотлар Ўзбекистон ва Туркманистонда [инсон ҳуқуқлари соҳасида] ижобий ўзгаришларга эриша олмадилар, - дея қўшимча қилади Икромов. – Расмийлар уларнинг кўзини шамғалат қилиб, таъқиб ва қийноқ қўллашни давом эттирмоқдалар”.
Инга Сикорская, IWPRнинг Бишкекдаги бош муҳаррири.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.