Туркманистон ва Ўзбекистон “заиф” мамлакатлар рўйхатидан ўрин олди
Туркманистон ва Ўзбекистон “заиф” мамлакатлар рўйхатидан ўрин олди
АҚШда жойлашган Brookings Institution тадқиқот маркази апрель ойининг бошида ривожланаётган мамлакатларнинг заифлик рейтингини нашр этди. Дунёдаги 141 давлат ўрин олган бу рўйхатда Туркманистон ва Ўзбекистон энг қўйидаги 35 ва 36 ўринларни эгалладилар.
Қиёслаб кўриш учун, Сомали ва Афғонистон етакчи ўринларни эгаллаган ушбу рўйхатда Марказий Осиёдаги Қозоғистон ва Қирғизистон 89 ва 73 ўринлардан жой олган.
Индекс маълумотлари ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда жамиятдаги сиёсий муҳитга, расмийларнинг ишлаш самарадорлиги, ишлаш услубининг очиқлиги ва улардан ҳисобот олиш имкониятининг мавжудлигига асосланган.
NBCA сўров ўтказган маҳаллий шарҳловчилар хорижий экспертларнинг бундай баҳо беришларига розилар. Улар Ўзбекистон ва Туркманистонда турмуш даражасининг пастлигига, сиёсий эркинликларнинг тақчиллигига ҳамда мулозимларнинг ўртасида порахўрлик авж олиб кетганига ишора қилмоқдалар.
Шу билан бирга, шарҳловчиларнинг қайд этишича бўйсунушнинг қатъий вертикалини бунёд этган туркман ва ўзбек расмийлари мазкур мамлакат фуқаролари томонидан кучли ва барқарор кўрилмоқда.
“Президент Ислом Каримовнинг авторитар ҳокимияти собиқ совет республикалари орасида энг барқарор саналади. Ҳолбуки мамлакатда бозор иқтисодиёти амалда йўқ ва заиф, вақти-вақти билан ижтимоий норозиликларнинг намоён бўлишига қарамай, режим ўзининг сиёсий барқарорлигини намойиш этмоқда. Бунга президентнинг 17 йил давом этган бошқарувидан сўнг яна бир бор навбатдаги муддатга сайланиши далил бўла олади”, - дейди ўзбекистонлик медиа-шарҳловчи.
Туркман ва ўзбек давлат бошқаруви тизимининг алоҳида хусусиятларидан бири – олий мансабдаги мулозимлари ўртасида ўтказилаётган мунтазам равишдаги ротацияси ва ишдан бўшатилиши бўлиб қолмоқда.
Мисол учун, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов сўнгги уч ярим ой давомида тўртта вилоят – Фарғона, Хоразм, Сурхандарё ва Самарқанд ҳокимларини алмаштирди. Шу билан бирга, собиқ ҳокимлар етарли даражада яхши ишламаганлари, ижтимоий дастурларни амалга оширишда, ислоҳотларни ўтказишда камчиликларга йўл қўйганликлари ҳамда очиқдан-очиқ коррупцияда айбланмоқдалар.
Туркманистонда ҳам ҳудди шундай сабабларга кўра вилоят ва вазирликлар раҳбарларини алмаштирмоқдалар. Бу мамлакатда ҳар бир олий мансабли мулозим олти ой синов муддати билан лавозимга тайинланади, аммо президент томонидан уларнинг ишида аниқланган камчиликлар важидан муддатидан олдинроқ мансабидан четлатилади.
“Хўжакўрсинга “пўстак” қоқишлар аҳолига президентнинг адолат ва қонунчилик ҳақида қанчалик қайғураётганини намойиш этмоқда. Аммо бу давлат бошқарувининг ислоҳотига, ижро ҳокимияти қонунчилик ҳокимияти олдида ҳисобот бермайдиган тизимнинг ўзгаришига олиб келмаяпти”, - дея қайд этади Ашхободаги NBCA шарҳловчиси.
Одамларнинг иқтисодий қийинчиликлардан, ишсизликдан келиб чиқувчи ижтимоий норозиликлари қисман кенг реклама қилинаётган популистик ижтимоий дастурлар – кам таъминланган оилаларга ёрдам, пенсия ва ижтимоий тўловларни хўжакўрсинга кўтаришлар билан ҳас-пўслашга уринилади.
“[Ўзбекистон ва Туркманистон] президентлари томонидан шахсан назорат қилинадиган углеводородлар, олтин ва пахта толаси экспортидан тушадиган даромадлар расмийлар элитасининг жиғилдонига равона бўлади ва кучли ҳокимият устида мустаҳкам туришга кўмак берувчи улкан репрессив аппаратни сақлаш учун бюджетни таъминлайди”, - дейди тошкентлик шарҳловчи.
Экспертлар вазиятни фақат кенг тизимдаги ислоҳотлар ўзгартириши мумкин дея ҳисоблайдилар. Бунинг учун энг камида давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси зарур, аммо ушбу икки мамлакат етакчилари бу нарсага интилмаяптилар, обрўли ҳалқаро институтларнинг расмий баҳо беришлари ва хулосалари самара бермаяпти.
“Расмийлар ўзларини ишончлироқ ҳис этиш учун ва турли таҳдидлардан йироқ бўлишга кўп векторли дея аталувчи ташқи сиёсат, яъни Россия, Ғарб ва Хитой каби давлатларнинг, яқиндан бери эса баъзи араб мамлакатларининг ҳам геосиёсий манфаатлари ўртасида ўйин қилишлар ёрдам бермоқда”, - дея тушунтиради шарҳловчилардан бири.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).