Ўзбекистоннинг НАТО билан ҳарбий ҳамкорлигининг муҳталам кенгайиши ҳуқуқ ҳимоячиларини ташвишга солаяпти
Ўзбекистоннинг НАТО билан ҳарбий ҳамкорлигининг муҳталам кенгайиши ҳуқуқ ҳимоячиларини ташвишга солаяпти
Россия ОАВ 5 март куни НАТОнинг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Роберт Симмонсга таянган ҳолда Тошкент НАТО қўшинларининг Ўзбекистонда бўлишига рози бўлгани ҳақида хабар бергандилар.
“Тушунишимча, АҚШ ушбу объектдан (Термиздаги авиабазадан) яна фойдаланишни бошлаган”, дея билдирди Симмонс.
АҚШ ўзларининг Афғонистондаги амалиётларини қўллаш учун 2001 йилдан бери Қарши-Хонобод базасидан фойдаланиб келган, аммо 2005 йилда Ўзбекистон расмийларининг талабига кўра, ўз контингентини базадан олиб чиқиб кетган. Бунга АҚШ Андижон фожеаси давомида ҳарбий қўшинлари томонидан тинч аҳолини ўққа тутган Ўзбекистон ҳукуматини қаттиқ танқид қилгани сабаб бўлган. Ўшанда бир неча юзлаб тинч аҳоли ҳалок бўлганди.
Кейинчалик ғарбий ахборот агентликлар аниқлик киритиб, АҚШ ҳарбий хизматчилари Термиздаги авиабазадан чекланган даражада фойдаланаётгани тўғрисида хабар бердилар. Бу ҳаво базаси 2001 йилдан бери Афғонистондаги халқаро тинчликни сақлаш кучларини қўлловчи Германия ҳарбий-ҳаво кучлари учун оралиқ база сифатида хизмат қилиб келган.
Расмий Тошкент ҳозирча НАТОнинг Хонободда қайта бўлиши ҳақидаги миш-мишларни инкор этиб бу хабарларни кенгайтириб шарҳлагани йўқ.
Термиздаги авиабазадан чет эллик ҳарбийларнинг ҳатто шундай кенгайтирилган ҳолда фойдаланиши ҳам NBCA томонидан сўралган ҳуқуқ ҳимоячиларини ва сиёсий шарҳловчиларни хавотирга солиб қўйган.
“Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи аксилтеррорчилик коалицияси кучларини авиабазаларга жойлаштириш борасидаги шов-шувли хабарлар қабатида орқа планга ўтиб қолади”, - дейди Тошкентдаги ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири.
Тошкентдаги Нодавлат ташкилотларидан бирининг юристига кўра, “НАТО контингентининг Хонобод ёки Термизга қайтарилиши борасидаги миш-мишлар” апрель ойида кутилаётган Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан санкциялари масалаларини қайта кўриб чиқиш арафасида овоза қилинмоқда.
“Ушбу воқеалар қабатида санкцияларнинг бекор қилиниши эҳтимоли бизни хавотирга солаяпти”, - дея таъкидлади юрист.
Тошкент халқаро ташкилотлар томонидан Андижон воқеаларини текширишга рухсат бермаганидан кейин ЕИ 2005 йилнинг ноябрида бу мамлакатга қурол етказиб беришга эмбарго киритди ва олий мартабали бир неча мулозимларга виза тақиқини жорий қилди. Санкциялар 2007 йилнинг октябрида бирмунча енгиллади ва саккиз нафар олий мартабали мулозимлар учун виза тақиқи олти ой муддатга бекор қилинди.
Экспертларга кўра, Ғарб билан барча жабҳаларда яқинлашаётган расмий Тошкент жавоб чораларини кутмоқда.
Бишкекдаги “Сиёсат, дин ва хавфсизлик” Ҳудудий тадқиқот марказининг президенти Ўрўзбек Мўлдалиев Ўзбекистонга нисбатан санкцияларига маълум даражада “юмшатувчи” тузатишлар киритилишини истисно этмаяпти.
“Санкцияларнинг асосий қисми олиб ташланиши эҳтимоли жуда катта. Бунда “Тошкентнинг Афғонистондаги аксилтеррорчилик операциясида фаол иштирокини инобатга олиб”, деган иборасини қўллашлари мумкин”, - дейди Мўлдалиев.
Аммо Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқи” уюшмасининг президенти Надежда Атаева НАТОнинг Ўзбекистондаги бўлишида ҳеч қандай ёмонлик кўрмаётганини билдирди. Унга кўра, бу глобал хавфсизлик масаласи бўлиб, боз устига Афғонистондаги толибларнинг фаоллиги сусаймаяпти ва у ердаги вазият Ғарб ва Ўзбекистонни бир ҳилда хавотирга солмоқда.
Шунингдек, у Ғарбнинг Ўзбекистонда бўлишидан “инсон ҳуқуқларини ривожлантириш учун фойдаланиш” ва дунё ҳамжамиятининг Андижондаги Фожеани унутишга йўл қўймаслик лозимлини қайд этмоқда.
“Айни пайтда ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва фуқаровий фаоллар Ўзбекистон ўз зиммасига олган инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларининг бажарилиши устидан назоратни кучайтиришлари ва инсон ҳуқуқлари бузилишлари қурбонларининг овозлари бунчалик унсиз бўлмаслигига эришишлари лозим”, - дея таъкидлайди Атаева.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).