Ўзбекистон: Шантаж диндорларни қўрқитишнинг янги шакли сифатида

Ўзбекистон: Шантаж диндорларни қўрқитишнинг янги шакли сифатида

Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаоллари диндорларни шантаж қилиш ҳолатлари юзасидан ташвиш билдирмоқдалар. Фаолларга кўра, товламачилар диндорларни таъқиқланган диний гуруҳларга аъзолиги ҳақида милиция ва миллий хавфсизлик хизматига ёзиб бериш билан қўрқитмоқдалар. 

Ҳуқуқ фаоллари бундай воқеалар Қашқадарё вилоят судида ўн уч киши устидан бўлиб ўтган маҳкама жараёни туфайли юзага келмиш қўрқув муҳитида содир бўлаётганини қайд этадилар. Унда судланувчилар “диний-экстремистик ташкилотларга аъзолик ва конституциявий тузумга тажовуз қилганлик” учун узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилингандилар.

Февраль ойида суди тамом бўлган Нишон туманилик бу одамлар гуруҳи ўтган йили ҳибсга олинган ҳамда уларга нисбатан “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати”га аъзоликда ва “Жиҳодчилар” диний сиёсий оқимини ташкил қилганликда айблаб, жиноий иш қўзғатилганди.

Суръат Икромов бошчилик қилувчи Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи матбуот варақчасида товламачилар қурбонига айланган Нишон туманида яшовчи кишилардан ташкилот манзилига келган маълумотга ишорат берилади.

Унда шантаж учун диндорлар уйига келаётган товламачилар ҳеч қаерда ишламайдиган маҳаллий кишилар сифатида тасвирланади. Улар диндорларни милиция ё МХХга “Ҳизб-ут Таҳрир” ёки “Жиҳодчилар” каби таъқиқланган ташкилотлар аъзоси деб ёзиб бериш билан қўрқитиб, мол-қўй ёки пул беришни талаб қилмоқдалар, дейилади матбуот варақчасида.

Икромовнинг сўзларига кўра, бу одамлар ҳуқуқ-тартибот идораларининг штатсиз айғоқчиси бўлиб ҳисобланади. У бу одамлардан одатда диний экстремизм бўйича очилаётган ишлар сонини кўпайтириш учун фойдаланилишини айтади.

У товламачилик кампаниясини товламачилар “даромад” топадиган диндорларни қўрқитишнинг янги усули, деб атади.

NBCA Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиқ ўринбосари билан телефон орқали боғланди. Ўзини таништирмаган мутасадди ўзига бунақа ҳолатлар маълум эмаслигини ва бу ҳақда ҳеч нарса эшитмаганини айтди.

Маҳаллий аҳоли орасидан бир неча киши ҳуқуқ-тартибот органлари қўлига тушиб қолишдан қўрқиш уларни товламачилар талабларини бажаришга мажбур қилаётганини тасдиқлади.

“Сўнгги пайтларда менинг уйимга ҳар хил одамлар – эркаклар ва аёллар келиб, пул талаб қилишаяпти”, - деди Нишон туманидан бўлган диндор Асқар.

“Мен уларга икки марта пул бердим, бир марта ўн беш минг [тўққиз доллар] ва яна бир марта йигирма минг [12 доллар] сўм бердим”.

У милицияга бориб шикоят қилмоқчи бўлган, бироқ дўсти уни бу ишдан қайтарган.

“У милиция ёрдам бермаслигини, аксинча мени мунтазам сўроққа чақириши ва қора рўйхатга киритиб қўйишини айтди”, - деди Асқар.

Ўзини Холмамат деб таништирган бошқа бир нишонлик киши акаси яқиндаги судда “Жиҳодчилар”га алоқадорликда айбланиб судланган фермер қўшнисининг маҳаллий фирибгарлар қурбонига айланганини айтади.

“Ҳукм ўқилганидан кейин қўшнимнинг олдига Абдумўмин исмли бир киши келиб, ундан бир тонна буғдой беришни талаб қилган, - дейди Холмамат. – У қўшнимга, акс ҳолда, уни ҳам милицияга жиҳодчи деб ёзиб беришини айтиб, таҳдид қилган”.

Таҳдиддан чўчиган ва махсус хизматлар таъқибидан қўрққан фермер буғдойни товламачига берган.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов сўзларига кўра, ўтган йиллар мобайнида диндорлиги учун қамалганларнинг қамоқхоналарда даҳшатли қийноқларга дучор қилинаётгани ва бу диндорларнинг яқинлари ҳам таъқиб қилинаётгани ҳақида жуда кўп эшитганлар.

“Улар қийноқ қурбонига айлангандан кўра сўнгги пуллари ва моллари бериш яхшироқ эканини айтмоқдалар”, - деди Ташанов.

Икромов ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 10 минг чоғли диндор маҳбус бор. Одатда уларни конституциявий тузумга тажовуз қилганлик, экстремистик ташкилот тузганлик ва унга алоқадорликда айблайдилар. Улар жамият учун хавф туғдириши мумкин бўлган муҳтамал террорчи ўлароқ қабул қилинадилар.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.

 

Uzbekistan
Human rights
Frontline Updates
Support local journalists