Расмий Тошкент Астанага умид билан қарамоқда

Расмий Тошкент Астанага умид билан қарамоқда

Saturday, 18 April, 2009
.



Оммавий ахборот воситалари 2009 йил 14 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиёдаги транс-чегаравий дарёларнинг юқори ўзанида янги гидротехник иншоотларнинг қурилиши масаласи борасидаги позицияси” дея аталувчи баёнотини ёйинладилар. Мазкур баёнот қўшни давлатларда Қамбарота ГЭС (Қирғизистонда) ва Рогун ГЭС

(Тожикистонда) барпо этиш борасидаги режаларига тегишли.



Сув иншоотларини барпо этиш бўйича лойиҳаларни Россия инвестициялари ёрдамида амалга ошриш режалаштирилмоқда.



Ташқи сиёсий маҳкаманинг баёнотида айтилишича, транс-чегаравий дарёларда ГЭСларнинг қурилиши лойиҳалари “тижорат мақсадларини ва узоққа қараб кетган сиёсий мақсадларни кўзламоқда, уларнинг қурилиши оқибатларига лозим бўлган даражада эътибор бермаяпти ҳамда қўшни мамлакатларнинг ташвишларини мутлақо менсилмаяпти”.



“Ўзбекистон томонига кўра, транс-чегаравий дарёлар ҳавзасида ҳар қандай кўламли қурилиш минтақадаги барча мамлакатлар билан албатта келишилган ҳолда амалга оширилишини талаб қилади”, - дейилади баёнотда.



Дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган Ўзбекистон сув тақчиллигини бошдан кечириб келмоқда, шунинг учун ҳам сув иншоотлари мамлакатни суғориш мавсумида зарур миқдордаги сувдан маҳрум этиб қўяди. Ҳолбуки, бу давлатнинг иқтисодиёти пахта толасининг экспортига қарам бўлиб қолган.



Қўшниларининг ҳаракатларидан норози бўлган расмий Тошкент олдинроқ сув иншоотларининг лойиҳаларига техник талабларни кучайтиришни ҳамда БМТ назорати остида халқаро экспертиза ўтказишни таклиф этганди. Ўзбекистонлик расмийларнинг бу масала борасидаги позициясини расмий Ашхобод ҳам қўллади.



Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг мазкур баёноти Орол денгизини қутқариш халқаро фонди иштирокчи мамлакатларининг 28 апрелда ўтказилиши режалаштирилган саммити арафасида янгради.



NBCA шарҳловчилари Тошкент сув масаласида ўзининг қўллаб қувватланиши борасида Астананинг ваъдасини олганини истисно этишмаяпти. Негаки, сув ресурсларининг истеъмолчилари саналган бу икки давлатнинг манфаатлари бир-бирларига мос келади. Қозоғистон ҳам дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган бўлиб қўшни Тожикистон ва Қирғизистоннинг сув ресурсларига қарамлиги бор. Қирғизистон ва Тожикистонда эса минтақадаги жами сув ресурсларининг 80 фоизи шаклланади.



Қозоғистон бош вазири Карим Масимовнинг қўққисдан Ўзбекистон пойтахтига ташрифи ҳам Тошкент ва Астананинг иттифоқчилик позицияларига билвосита ишора қилиб турибди. Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, 3 апрель куни бўлиб ўтган ташриф чоғида томонлар “сув масаласида янгона жабҳада чиқишга” қарор қилдилар.



Аммо NBCA экспертларига кўра, томонларнинг сув масаласида ягона позицияда туришлари учун Қозоғистон ва Ўзбекистон бошқа йўналишларда ҳам ўзаро ён босишга тайёр бўлишлари лозим бўлади.



Тошкентдаги NBCA шарҳловчисининг айтишича, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбаев фақат Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг “Қозоғистон билан иқтисодий ва стратегик ҳамкорликни интенсификация қилишга” тайёр бўлган тақдирдагина Ўзбекистоннинг ғоясини қўллаши мумкин. “Икки президентнинг амбициялари” туфайли бундай ҳамкорлик шу чоққача ривожланмай келаётганди.



Аҳолиси 27 миллиондан ошиқ Ўзбекистон ва 16 миллион аҳолига эга бўлган Қозоғистон минтақада ўзаро етакчи ўринни эгаллаш бўйича яширин кураш олиб бормоқдалар. Бу эса ўз навбатида давлатлараро, шу жумладан, сув-энергетика муаммоларига оид келишувларнинг амалга ошишига ҳалақит беряпти.



“Агар Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳақиқатдан ҳам минтақада сувдан фойдаланиш масалалари бўйича ўз позицияларида охиригача бирга тура олсалар, Қирғизистон ва Тожикистон уларнинг талабларига қарши дош беришлари жуда ҳам қийин бўлади”, - дея қайд этади тошкентлик шарҳловчи.



У бу аҳволни Қирғизистон ва Тожикистон иқтисодий жиҳатдан “заифроқ эканликлари ва кўп нарсалар бўйича” ўзларининг шимолий қўшниларига қарамлиги билан боғлаяпти. Ҳар ҳолда, уларга Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали углеводородлар, транспорт коммуникациялари, озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари етказиб берилади, савдо ва юк транзитлари хизмати кўрсатилади.



Лекин муҳожирликка чиқиб кетган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Бишкек ва Душанбе “ўз позициялирини осонликча топшириб қўйишларига” ҳамда қўшни мамлакатлар босими остида ўзлари учун жозибадор бўлган сув иншоотларининг лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишдан воз кечишларига ишонмаяпти. Ушбу лойиҳалар Кремлнинг молиявий кўмаги остида амлага оширилиши кўзланмоқда



“Электр энергиясига катта эҳтиёжи бор бўлган Тожикистон ва Қирғизистон режадаги мазкур лойиҳаларни ҳар қандай вазиятда ҳам амалга ошириш учун ҳаракат қиладилар ва пировардида, катта ён босишларга бормайдилар”, - дея хулоса қилади Йўлдошев.



“Бари ўзгариши мумкин”, - дейди бошқа суҳбатдош. - Ўзбекистон ва Қозоғистон янги гидротехник иншоотларнинг лойиҳаларини амалга оширишда Қирғизистон ва Тожикистонга ўзларининг инвестициявий иштирокларини таклиф этадилар. Шу билан улар бу ГЭСлар фаолияти устидан биргаликда назорат ўрнатадилар ва ўз шартларини диктат қиладилар”.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists