Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида ҳарбий иштирокдан ўзини олиб қочяпти

Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида ҳарбий иштирокдан ўзини олиб қочяпти

-сиёсий блок – Коллектив хавфсизлик шартномасининг (КХШТ) таъсири кенгайишидан хавотирланган ҳолда эҳтиёт чораларни кўрмоқда.



Бошланиши 14 июнь кунига белгиланган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг навбатдаги саммити арафасида Интернет нашрлар ҳарбий-сиёсий блок доирасида режалаштирилган Тез таъсир коллектив кучларини (ТТКК) тузиш бўйича битим имзоланмай қолиши ҳам мумкин дея хабар берган эдилар.



Ferghana.ru веб-ресурсинининг Россия оммавий ахборот воситаларига ишорат билан 4 июнь куни чоп этган материалида айтилишича, бу ҳол Ўзбекистоннинг янги армия гуруҳи фаолиятига фақат принципиал шартлар асосида қўшилишга розилик бераётгани билан боғлиқ.



Расмий Тошкент Коллектив хавсизлик шартномаси ташкилоти барча масалаларни овоз бериш йўли билан эмас, балки консенсус асосида, яъни, барча тарафларнинг умумий розилиги асосида ҳал қилишни таклиф этмоқда.



Бундан ташқари, Тошкентга кўра, агар бу миллий қонунчиликларга зид келадиган бўлса, Коллектив хавсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги можароларни ҳал қилиш учун ҳарбий бўлинмалар иштирокига тақиқ жорий этилиши лозим.



Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ҳарбий-сиёсий блоги таркибига Россия, Беларусь, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Арманистон каби мамлакатлар кирган.



Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Тез ҳаракатланувчи коллектив кучлар дея аталувчи армия гуруҳи 2000 йилда тузилган эди. Унда ҳарбий таҳдидларга қарши бирга кураш олиб бориш учун Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирок эмоқдалар.



Кремль тавсиясига биноан 2009 йил февраль ойида Тез ҳаракатланувчи коллектив кучларга қараганда қудратлироқ бўлган Тез таъсир коллектив кучлари армия тузилмасини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Россия учун КХШТ асосий ҳарбий-стратегик таъсир воситаси саналади.



Янги мобил кучлар 20 минг кишидан иборат бўлиб, унинг таркибига Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг ҳарбий қўшилмалари, шу жумладан, танк, артиллерия бўлинмалари ҳамда Каспий ҳарбий-денгиз флотининг қисмлари кириши режаланган.



Аммо Ўзбекистоннинг позицияси ушбу ғоянинг амалга ошишини қийинлаштирмоқда.



NBCA шарҳловчиларининг қайд этишича, Ислом Каримов Ўзбекистон ҳудудида ўзи назорат қила олмайдиган ҳарбий контингентни жойлаштиришдан хавфсирамоқда. Негаки, Марказий Осиёдаги ушбу республиканинг минтақа бўйича қўшни мамлакатлари билан таранг муносабатлари сақланиб қолмоқда, улар эса ўз навбатида шу ташкилотга аъзо бўлиб келаяптилар.



Ушбу хавотирлар яқинда Қирғизистон чегараси яқинида жойлашган Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида маъмурий бино ва чегара блок-постига қуролланган жангариларнинг ҳужум содир этганларидан кейин янада кучайди.



Ўшанда Ўзбекистон расмийлари бир гуруҳ босқинчилар Андижон вилоятига қўшни Қирғизистон ҳудудидан кириб келди дея расмий баёнот ёйинлаган эдилар.



“Агар қандайдир можаро юзага чиқадиган бўлса, КХШТ ТТКК кучлари унга аралашиши мумкин, - дея фикр юритади Бишкекдаги “Дин, сиёсат, хавфсизлик” марказининг директори Ўрозбек Мўлдалиев. – Аммо Ўзбекистон бундай имкониятдан хавотирга тушган, айниқса Грузия, Абхазия, Жанубий Осетиядаги шароитлар модели такрорланадиган бўлса”.



Сиёсатшуносга кўра, Ислом Каримов КХШТ ҳарбий гуруҳига кириш бўйича ўзининг шарталарини қўйиб прагматик ҳаракат қилаяпти.



Бошқа шарҳловчилар ҳам шунга ўхшаш фикрларни изҳор этмоқдалар.



Францияда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга кўра, расмий Тошкент КХШТ ҳарбий қудратининг кучайиш тўғрисидаги ғоясига тўсқинлик қилмоқда. Негаки, бу ғоя қарама-қаршиликларга эга ҳамда ҳарбий блок аъзолари бўлган бошқа мамлакатлар ўртасида кўп баҳс-мунозараларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.



Масалан, ушбу масала бўйича Арманистон ҳам ўзининг алоҳида фикрини билдирмоқда. Бу мамлакат янги армия бўлинмалари тузилишининг аниқ муддатларини белгилашни ва минтақада ҳарбий ҳаракатлар бошланиб қолса, КХШТ конкрет позицияси қандай бўлишини аниқ билмоқчи.



“Мисол учун, Арманистон Озарбайжон билан уруш ҳолатида. На Қозоғистон ва на Ўзбекистон Арманистонга унинг Озарбайжонга қарши курашида ҳеч қачон ёрдам бермайди, - дея тушунтуради мисол келтириб Роббимов. – Ёки аскарларини ҳеч қаерга юбормаслик тўғрисидаги доктринага эга бўлган Беларусь, [КХШТ мамлакатлари ҳудудларида қуролли можароларни ҳал этишда] ўзининг қўшинлари билан иштирок этмайди”.



Муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат ЙЎлдошевнинг қайд этишича, Ислом Каримов Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги доирасидаги давлатлараро келишувларига олдин ҳам бир неча бор тўсиқ қўйиб келган ва ҳар доимгидек коллектив ҳужжатларни имзолашдан бош тортиб келмоқда.



Бу Ўзбекистон расмийларининг барча муаммоларни мустақил тарзда, ташқаридан туриб аралашувларсиз ҳал қилиб келишга уринаётгани билан боғлиқ. Аммо зарурат туғилганида Ўзбекистон ташқи ҳарбий ёрдамдан воз кечмайди.



“Ўзбекистон КХШТ қуролли кучларини республика ҳудудида жойлаштиришга қарши бўлиб келмоқда, аммо биз ўзимиз сўраганимизда, ўшанда келишингиз мумкин деган имо-ишорани беришни унутаётгани йўқ”, - дея хулоса қилади Йўлдошев.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists