АҚШда Ўзбекистон фуқароси Обама ҳаётига суиқасд қилишга урингани учун қамалди
АҚШда Ўзбекистон фуқароси Обама ҳаётига суиқасд қилишга урингани учун қамалди
13 июль куни Алабама штатидаги Бирмингем округи федерал суди Ўзбекистон фуқароси бўлган 22 ёшли Улуғбек Қодировни 15 йилга озодликдан маҳрум қилгани маълум бўлди.
Қодиров АҚШ президентини ўлдириш мақсадида жиноий тил бириктирганликда, қурол сақлаганликда ва террорчиларга моддий ёрдам кўрсатганликда айбланганди. 2012 йил февраль ойида у айбловнинг барча моддалари бўйича ўз айбига иқрор бўлганди.
Қодиров 2011 йилнинг 13 июль куни Бирмингем шаҳридаги меҳмонхоналарнинг бирида ўзини қурол сотувчиси дея таништирган ФРБ агентидан ўқотар қурол сотиб олаётган пайтда қўлга олинганди. Ўзбекистон фуқароси ижтимоий тармоқларда президент Барак Обамани ўлдириш ниятида экани ҳақида хабар қолдирганидан сўнг АҚШ махсус хизматлари диққатини жалб этганди.
Қодиров АҚШга 2009 йили талабалик визаси бўйича келган. Аммо унинг визаси ёпилишига йигитнинг дарсларга қатнамагани сабаб бўлган ва кейинги йиллар мобайнида Қодиров Қўшма Штатларда ноқонуний равишда яшаб келган.
Қодировнинг адвокати Ланс Беллнинг билдиришича, унинг ҳимоясидаги одам “ашаддий террорчи эмас”, у фақатгина радикал ислом тарафдорлари, шу жумладан, Ўзбекистон исломий ҳаракати (ЎИҲ) вакилларининг “қурбон”ига айланган.
Шунингдек, Қодиров ЎИҲ вакили деб ҳисоблаган киши билан интернет ёзишмалар олиб боргани ҳам маълум бўлди. Ўз навбатида, йигит унга президент Обамани ўлдириш ҳақидаги ўз режасини маълум қилган.
Улуғбек Қодиров АҚШ ҳудудида террорчиликка алоқадорликда айбланиб қўлга олинган ўзбекистонлик ягона одам эмас.
2012 йилнинг 21 январь куни Чикагонинг О’Ҳара аэропортида Ўзбекистон фуқароси бўлган 35 ёшли Жамшид Мухторов қўлга олинганди.
Ўзбекистонда Жамшид Мухторов “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззахдаги туман бўлимига раҳбарлик қилган. У ўзбек махфий хизматларининг таъқибига учрагач, мамлакатни тарк этган ва 2007 йили Америкадан бошпана топган.
АҚШда қўлга олингандан сўнг ФРБ собиқ ҳуқуқ ҳимоячисини, экспертлар фикрича, фаолияти Ўзбекистондаги расмий ҳокимиятни қулатишга қаратилган Ўзбекистон исломий ҳаракати радикал ташкилотидан ажралиб чиқмиш Ўзбекистон Исломий жиҳод иттифоқига моддий ёрдам кўрсатганлик ва ушбу ташкилот сафига қўшилишга ҳаракат қилганликда айблади.
Мухторовнинг айби судда ўз тасдиғини топган тақдирда, у 15 йилга қамалиши ва 250 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилиши мумкин.
Мухторов ҳибсга олинганидан икки ой ўтгач, март ойи бошида Филаделфия шаҳрида 45 ёшли Бахтиёр Жумаев исмли яна бир ўзбекистонлик қўлга олинди. У ҳам террорчи ташкилотга алоқадорликда, аниқроғи, Ўзбекистон Исломий жиҳод иттифоқига 300 АҚШ доллари миқдорида моддий ёрдам кўрсатганликда айбланмоқда.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.