Ўзбекистон: конституциявий тузатишларнинг маъқулланиши жамиятда акс-садо уйғотмади
Ўзбекистон: конституциявий тузатишларнинг маъқулланиши жамиятда акс-садо уйғотмади
25 март куни Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Конституцияси қатор моддаларининг ўзгартирилиши учун овоз берди. Улар орасида парламент ваколатларини кенгайтириш, сайловларда ғалаба қозонган сиёсий партияга бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқини бериш, ишончсизлик вотуми механизмини жорий қилиш кабилар бор. Амалдаги Конституция бўйича ҳукумат раҳбари номзодини депутатларга президент тақдим қилади.
Шунингдек, агар амалдаги давлат раҳбари соғлиғи туфайли ёки бошқа сабаблар билан ўз вазифасини бажаролмай қолган тақдирда, президентлик ваколатларини топшириш тартиби ҳам ўзгартишлар киритилди. Мабодо шундай вазият юзага келса, давлат раҳбари ваколатлари Олий Мажлис Сенати раисига ўтади. Мавжуд қонунчиликка кўра эса президент вазифасини бажарувчи шахс парламент аъзолари ичидан сайланиши керак эди.
Регламентга мувофиқ, янги қонун парламент томонидан қабул қилинганидан кейин президент томонидан бир ой ичида имзоланиши лозим.
Молия вазирлиги юридик департаменти ходимининг айтишича, конституциянинг ўзгартирилиши президентлик ваколатларини топшириш билан бир қаторда бошқа муҳим бошқарув масалаларини ҳал қилиш учун ҳам зарур эди.
Конституциявий тузатишлар лойиҳаси ўтган йилнинг ноябрь ойида парламентнинг иккала палатаси қўшма йиғинида ҳокимиятни 21 йилдан буён - Ўзбекистон собиқ Совет Иттифоқи таркиби кирган пайтлардан бери бошқариб келаётган президент Ислом Каримов томонидан таклиф қилинганди.
Мамлакат раҳбарияти томонидан ўтказилаётган демократик ислоҳотларнинг янги босқичи ўлароқ тақдим этилган қонунчилик ташаббуси экспертлар орасида турли тахмин ва мунозараларни келтириб чиқарди. (Бу ҳақда “Ўзбекистон раҳбари ислоҳотлардан хавфсиз келажак учун фойдаланмоқда” мақоласида ўқинг)
NBCA томонидан мамлакат ичкарисида ўтказилган сўровлар оддий фуқароларнинг кўпчилиги конституциявий ўзгаришларга пессимистик муносабатда бўлганини кўрсатмоқда.
Кўпчиликда бу сўралувчилар расмийларнинг нияти самимий эканлигига ишонмаганлари туфайли қизиқиш уйғотмаяпти, бошқалар эса бу масала бўйича кенг кўламда ахборот кампанияси ҳамда умумхалқ муҳокамаси ўтказилмаганини ва улар гап нима ҳақида бораётганини билмасликларини айтдилар.
“Маҳаллий оммавий ахборот воситалари изоҳ шаклида кичик мақолалар чоп этишди ва кўрсатувлар намойиш қилишди”, - дея қайд этди тошкентлик медиашарҳловчи.
Чекка жойларда яшовчилардан фарқли ўлароқ пойтахтликлар ахборот олиш имконияти кўпроқ бўлгани учун парламент томонидан Асосий қонунга киритилган ўзгаришлардан кўпроқ хабардор. Бироқ сўров пайтида улар ҳам бефарқ эканларини намойиш қилдилар.
Тошкентлик адвокатлардан бирининг мулоҳазасича, қонунчиликка киритилган шу тахлит ўзгаришлар каби конституциявий ўзгаришларга ҳам эътибор бериш керак эмас, чунки улар мамлакатдаги сиёсий вазиятга ҳечам таъсир қилмайди, бу “хўжакўрсин” учун қабул қилинаяпти.
Тошкентдаги унча катта бўлмаган дўкон соҳиби Исроил учун конституциявий ўзгаришлар қизиқ эмас, чунки бу унга бевосита дахл қилмайди. “Менга барибир”, - деди тадбиркор.
Қарши шаҳрида яшовчи аёл Конституцияга киритилган жорий ўзгаришлар ҳақида кам эшитганини айтади.
Янги конституциявий меъёрларни муҳокама қилишда йирик тадбиркорлар кўпроқ фаоллик кўрсатмоқда.
Тошкентлик тадбиркор фикрича, ҳукумат раҳбарига ишончсизлик вотуми эълон қилиш ҳақидаги қонунчилик меъёри бош вазир Шавкат Мирзиёевни 73 ёшли Каримовга ворис бўлиш имкониятидан маҳрум қилиш учун жорий қилинган. “Каримов ҳокимиятни ворисига топширгунига қадар бош вазир алмаштирилади”, - деди у.
Ўзбекистон расмий доиралари ва мустақил матбуотида бир неча ойдан буён бош вазирнинг президентга ёқмаган амбициялари ҳақида тахминлар айтиб келинади.
Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.