Ўзбекистон Қозоғистоннинг йирик сармоялари учун кураш олиб бормоқда

Ўзбекистон Қозоғистоннинг йирик сармоялари учун кураш олиб бормоқда

Friday, 3 August, 2007
1,500 корхоналарнинг кенг кўламда хусусийлаштирилишида қозоғистонлик сармоядорларнинг иштирок этишидан манфаатдор. Бироқ сармояларни жалб қилиш учун Ўзбекистон томон хорижий бизнес учун тўсиқларни йўқ қилиш бўйича чоралар кўриши керак, деб ҳисоблайдилар NBCA шарҳловчилари.



Тошкентга бўлган икки кунлик ташрифи чоғида Қозоғистон бош вазири Карим Масимов 26 июль куни қозоғистонлик тадбиркорларни Ўзбекистон корхоналари ва иқтисодий объектларини хусусийлаштиришда фаол иштирок этишга чақирди ҳамда Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев билан 2016 йилгача бўлган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини имзолади.



“Мен мазкур масала юзасидан Ўзбекистон президентининг розилигини олдим ва Қозоғистон бизнес-ҳамжамиятига Ўзбекистонда қозоғистонлик сармоядорларни кутаётганларини расман маълум қилмоқчиман”, - дея иқтибос келтирадилар Масимовдан Марказий Осиё ахборот агентликлари.



Ислом Каримовнинг 20 июлдаги қарорига мувофиқ, мамлакат ҳукумати сармоялар жалб қилиш мақсадида 2011 йилгача тақрибан 1,500 корхонани хусусийлаштирмоқчи. Мазкур корхоналар рўйхатида “Ўзбекэнерго”нинг тўққизта ИЭМ, “Ўзбекнефтмаҳсулот”, Фарғона кимё толаси заводи, Қўқон текстиль комбинати каби энергия гигантлари бор.



Қозоғистон МДҲ мамлакатлари ичида Россиядан кейинги иккинчи сармоя ётқизувчи давлат бўлиб ҳисобланади.



2006 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро мол айланмаси 700 миллион АҚШ долларидан ошиб кетган. Экспертлар бу йил мазкур кўрсаткичнинг 1 миллиард долларга чиқишини тахмин қилмоқдалар.



Мустақилликка эришилганидан буён ўтган йили биринчи марта бевосита сармояларнинг энг паст даражасига дуч келган Ўзбекистон иқтисодиёти учун хориждан келадиган каттагина молия талаб этилади.



Иқтисодчи тадқиқотчи ва NBCA эксперти Анвар Мўминов Ўзбекистон раҳбарияти иқтисодий ҳамкорлик юзасидан ўзининг яқин қўшниларига таяниши мумкин, деб ҳисоблайди.



Бироқ NBCA шарҳловчилари мамлакатда ўрта муддатли истиқболда йирик чет эл сармоясининг кириб келиши учун мақбул шарт-шароитлар яратилмаганини айтадилар.



Мустақил сиёсатшунос Икром Ҳайитов чет эл валютасини конвертация қилишдаги қийинчиликлар туфайли Ўзбекистонга Қозоғистон сармояларининг кескин ошиши имконияти юзасидан шубҳа билдиради.



Шу ўринда Ҳайитов россиялик сармоядорларни мисол қилиб келтиради - улар учун Ўзбекистон ҳукумати 2005 йилда қулай инвестицион иқлим яратиш бўйича алоҳида кафолатлар берганди.



“Табиийки, Россия ширкатлари мамлакатимизга ёпирилиб келдилар. Аммо ҳозир улар ўзларининг ғарблик салафлари дуч келган муаммога рўбарў келиб турибдилар – улар ўзлари ишлаб топган маблағни олиб чиқиб кетолмаяптилар, чунки Ўзбекистон сўмини АҚШ долларига алмаштириш катта муаммо бўлиб ҳисобланади”, - деди Ҳайитов NBCAга.



Жаҳон Банкининг 2004 йил учун тадқиқотида Ўзбекистонда “бизнес-муҳит иқтисодиётни кичик ва ўрта бизнес орқали ривожлантиришга имкон бермаслиги” ҳамда тадбиркорлик соҳасида мунтазам таназзул кузатилаётганлиги қайд этилади.



Ўшанда тадбиркорлик фаолияти учун асосий тўсиқлар ўлароқ товарлар экспорти ва импортини амалга ошириш учун тўсиқлар, солиқларнинг юқорилиги, нақд пул олишда банклар билан ишлашдаги қийинчиликлар, тадбиркорларнинг ҳисоб рақамлари ҳақидаги маълумотларни учинчи шахсларга бериб юборилиши хавфи, рўйхатга олиш ва лицензия беришдаги бюрократик жараёнлар санаб ўтилганди.



Шунга қарамай, бир қатор экспертлар қозоғистонлик сармоядорларни, уларнинг узоқ ва яқин хориждан бўлган рақибларига қараганда, қулайроқ шарт-шароитлар кутаётганини тахмин қиладилар.



(NBCA бутун минтақадан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини эътиборингизга ҳавола этади)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists