Ўзбекистон тожикистонлик расмийларнинг террорчилик акти ҳақидаги айбловларини жавобсиз қолдирди

Ўзбекистон тожикистонлик расмийларнинг террорчилик акти ҳақидаги айбловларини жавобсиз қолдирди

Wednesday, 23 July, 2008
. Ҳозирча Ўзбекистон бу баёнотга ҳеч қандай жавоб бергани йўқ, аммо шарҳловчиларнинг айтишларича, икки мамлакатнинг ўзаро муносабатлари шунчалик ёмонлашиб кетганки, айбловларга тўла бу каби баёнотлар расмий Тошкент ва расмий Душанбенинг муносабатларига деярли таъсир кўрсатмайди.



Тожикистон Олий судининг раиси Нусратулло Абдуллоев Душанбе шаҳрида 16 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўтган йили Тожикистон Олий суди биноси олдида содир бўлган портлашларга Ўзбекистон махсус хизматларининг алоқаси бор дея билдирди.



Роппа-роса бир йил аввал, 2007 йил 16 июль куни Олий суд биноси ёнида орқама-кетин икки марта портлашлар содир бўлди ва портлаш тўлқини суд биносининг ҳамда бир неча қўшни уйларнинг деразаларидаги ойналарини синдириб юборди. Портлаш оқибатида одамлар орасидан жабрланганлар бўлмади.



Нусратулло Абдуллоев Душанбедаги ўтган йилги террорчилик актининг ижрочиси тожикистонлик Комилжон Эшонқулов шу йил 10 июль куни 22 йил қамоқ жазосига маҳкум бўлганини билдирди. У бу жиноятни беш минг АҚШ долларига тенг бўлган мукофот эвазига содир этганди. Жиноятнинг буюртмачиси сифатида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг вакили чиққанди. У билан Ўзбекистоннинг Денов шаҳрида кўришган Эшонқулов керакли йўл-йўриқ олганди.



Ўзбекистон томони ҳозирча Абдуллоевнинг баёнотини эшитмаганга олиб турибди.



Ўзбекистонлик ва тожикистонлик маҳаллий шарҳловчиларнинг тахмин қилишларича, айбловлар эълон қилинганидан кейин расмий Тошкент кутувчи позицияда туришни афзал кўрмоқда. Аммо, улар икки томонлама муносабатларда кескин ўзгаришлар содир бўлмаса керак, дея тахмин қилишмоқда.



Ўзбекистон ва Тожикистон 2000 йилда абадий дўстлик тўғрисида шартнома имзолаганлари билан, уларнинг ўртасида кўплаб ўзаро нохушликлар мавжуд. Бу нохушликлар икки мамлакат фуқаролари ўртасида ўзаро борди-келдиларида мураккаб виза тартибининг киритилганида, икки мамлакатда ҳам вақти-вақти билан фуқароларни қўшни давлат фойдасига жосусликда айбловлар билан ҳибсга олишликларда ҳамда бир-бирига нисбатан вазиятни издан чиқариш истагидаги айбловларда намоён бўлмоқда.



Шунингдек, чегараолди, божхона ва сув-энергетика сиёсати масалаларида ҳал қилинмаган жиддий зиддиятлар ва қарама-қаршиликлар мавжуд.



Душанбелик сиёсатшунос Рашид Абдуллога кўра, Марказий Осиёдаги ёш мустақил мамлакатларда ўзига тўқ миллий давлатлар шаклланиши жараёни ниҳоясига етмагунча, муаммоли муносабатлар давом этиб бораверади.



“Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги эгаллаган майдонда қаерга назар ташламанг, собиқ Совет Иттифоқи республикаларининг зўр бериб ўзаро душман сиймосини яраётганига дуч келасиз”, - дея таъкидлайди сиёсатшунос.



Номи ошкор бўлишини истамаган бошқа душанбелик сиёсий шарҳловчига кўра, қўшни мамлакат махсус хизматлари фаоллашувининг асосий сабаби – Тожикистон амалга оширмоқчи бўлаётган сув-энергетика лойиҳалари бўлиб, Ўзбекистон уларга қаршилик кўрсатиб келмоқда.



Амударё ва Заравшон каби дарёларининг қуйи қисмида жойлашган Ўзбекистон ушбу дарёларнинг юқори қисмида жойлашган Тожикистоннинг янги гидроэлектростанциялар қурилиши режаларини маъқул кўрмаяпти.



“Икки томондан ҳам ўзаро айбловларни билдиришлар давом этаверади, лекин бу зиддиятларнинг кучайиб кетишидан хавотир олмаса ҳам бўлади, чунки, бу каби ўзаро айбловлар бир неча йиллардан бери давом этиб келмоқда”, - дейди тожикистонлик шарҳловчи ўз сўзининг якунида.



Шу билан бирга, ўзбекистонлик сиёсатшунослардан бирининг таъкидлашича, Душанбенинг расмий баёнотининг мазмуни етарли даражада ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин. Унинг тахмин қилишича, расмий Тошкент “ўз халқига қарши қўллаб келаётган террорчилик сиёсатини қандайдир йўл билан бўлса ҳам оқлашга” уринаётган бўлиши мумкин.



“Балки улар [Тошкентдагилар] жамоатчилик бу портлашларни халқаро террористларнинг террорчилик хуружи каби баҳолашларини кутган бўлишлари ҳам мумкин”, - дейди у.



Халқаро муносабатлар соҳасидаги бошқа экспертлар ҳам ушбу икки республика ўртасидаги сассиз зиддият давом этади, дея тахмин қилишмоқда.



“Ташқаридан қараганда ҳамма нарса яхшига ўхшаб кўрингани билан, аслида ҳамма нарса жуда ҳам бемаъни ва оғриқли”, - дейди Тожикистонда жойлашган “Семурғ” аборот-таҳлилий марказининг директори Искандар Асадуллаев.



Унга кўра, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) шу йилнинг август ойида ўтказилиши кутилаётган Душанбе саммитида Ўзбекистон президенти иштирок этмаслиги ҳам мумкин. Эҳтимол саммитга мамлакат вакили сифатида фақат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири келиши мумкин бўлади, дея тахмин қилади у.



Бишкек шаҳрида жойлашган “Дин, сиёсат, хавфсизлик” дея аталувчи Марказий Осиё марказининг директори Ўрўзбек Мўлдалиевнинг айтишича, икки қўшни мамлакатлар ўртасидаги зиддиятли муносабатлар минтақадаги ҳамкорликнинг умумий манзарасига таъсир этмай қолмайди.



“Бир мамлакат расмийларининг қўшни мамлакат махсус хизматларига қаратилган бундай баланд оҳангдаги баёнотлари ШҲТ, Коллектив хавфсизлик шартнома ташкилоти ва МДҲ каби ташкилотларга аъзо бўлган давлатларнинг интеграциясига ва мустаҳкамланиб боришига ҳисса қўшмайди”, - дея қўшиб қўйди Мўлдалиев.



Бундай ташкилотларнинг иштирокчилари сифатида Тожикистон ва Ўзбекистон ўзаро англашувга эришишлик борасида ҳаракат қилишлари лозим, мазкур ҳолатлар эса умумий муаммоларни ҳал қилишда тўсиқ бўлиб қолади, холос.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists