Партияларнинг бирлашуви нимага олиб келади?

Партияларнинг бирлашуви нимага олиб келади?

, дея ҳисобламоқдалар шарҳловчилар.



Шу йилнинг 20-чи июнь куни Тошкентда “Миллий тикланиш” ва “Фидокорлар” партияларининг қўшма қурултойи бўлиб ўтди. Унда икки партиянинг бирлашиш тўғрисидаги қарори эълон қилинди.



Янги бирлашган партия “Миллий тикланиш” деб аталади, “Фидокорлар” етакчиси Ахтам Турсунов унинг раҳбари этиб сайланди.



Юз мингдан зиёд аъзоси борлигини иддао қилаётган бу икки партияларнинг ўз олдига қўйган мақсад-вазифалари ҳам ўхшаш – “ватанпарварлик, фидокорлик туйғуларини шакллантириш, ўзбек миллатига ҳос тарихий анъаналарга эҳтиромни асраб қолиш”, - дея билдирди қурултойда сўзга чиққан партия аъзоларидан бири.



Айни пайтгача Ўзбекистонда бешта сиёсий партиялар фаолият кўрсатиб келган. Уларнинг ҳаммаси мамлакат парламентида ўз фракцияларига эга ва ҳаммалари амалдаги ҳокимиятга тарафдор саналади. Негаки, уларнинг ҳаммаси шахсан Ислом Каримовнинг иштирокида тузилган. Уларнинг мафкуравий негизи ҳам бир-бирига ўхшаш. Бу партиялар сайловлар орасидаги давр давомида фаолликни юзага чиқармайдилар.



Ислом Каримов учинчи бор номзодини кўрсатган ва 2007 йил декабрида ўтган президент сайловларида муқобил партиялардан кўрсатилган номзодлар амалдаги президентнинг сиёсатини фаол равишда қўллаб-қувватлаб келдилар.



Ўзбекистон Халқ демократик партияси бешта сиёсий партиялар орасида энг кекса партия ҳисобланади. Бу партия Ўзбекистон компартиясининг меросхўри сифатида шаклланиб Каримов учун 90-чи йилларда сиёсий восита бўлиб хизмат қилиб келганди. “Адолат” ва “Миллий тикланиш” Социал-демократик партиялари 1995 йилда ХДПнинг парламентдаги миқдор устунлигини суюлтириш ва Каримовга бошқа сиёсий воситаларни тадқиқ этишга имконият бериш мақсадида тузилган бўлиши эҳтимол бор.



1998 йилда тузилган “Фидокорлар” Миллий демократик партияси президент бунёд этган навбатдаги ижод маҳсули бўлиб қолди. Бир-мунча вақт давомида бу партия иқтидорга миниб олгандек бўлди – 2000 йилда бошқа партия билан бирлашиши уни парламентдаги энг йирик фракцияга айлантирди. 2000 йилда айнан “Фидокорлар” Миллий демократик партияси Ислом Каримовнинг номзодини президентликка кўрсатди ва у навбатдаги сайловларда иккинчи муддатга сайланди.



2003 йилда тузилган Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеп) Ўзбекистоннинг энг янги тузилган партияси бўлиб қолди. ЎзЛиДеп 2004 йил декабрь-2005 йил январь парламент сайловларида ғолиб бўлди ва кўпчилик ўринларни эгаллади.



Ўтган йилнинг ноябрида ЎзЛиДеп бир овоздан президентликка Каримовни ўзининг номзоди сифатида кўрсатди.



1990-чи йиллар бошида мамлакатда фаолият кўрсатишни бошлаган мухолифатдаги икки партия - “Эрк” ва “Бирлик” қонундан ташқарида деб эълон қилинди. Мазкур партиялар ўз фаолиятини яширин равишда олиб борадилар, уларнинг етакчилари эса чет эл мамлакатларига чиқиб кетишга мажбур бўлганлар. Мухолифатдаги бошқа партия – “Озод деҳқонлар” шу чоққача рўйхатдан ўта олмаяпти ва расмийлар томонидан мунтазам равишда таъқиб остига олинмоқда.



Ҳукуматга тарафадор икки йирик “Фидокорлар” ва “Миллий тикланиш” партияларининг бирлашуви NBCA шарҳловчиларини ҳайрон қолдиргани йўқ.



Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толиповга кўра, икки партиянинг бирлашуви дунёдаги энг ёпиқ мамлакатларнинг бири бўлган Ўзбекистонда партия қурилиши ишида ва ижтимоий ҳаётида жиддий ўзгаришларга олиб келмайди.



“Ўзбекистондаги партиявий тизимнинг бари сунъий тарзда қурилган конструкцияга ўхшаб кетади, партиялар ўртасида на сиёсий, на маиший ва на бошқа даражада рақобат йўқ”, - деди NBCA га Толипов.



Ўзбекистон расмийларининг танқидчиларидан бири Тошпўлат Йўлдошев Ўзбекистонда тузилган партияларнинг ҳаммасини президент мамлакатга “демократия ниқобини” кийгизиш учун тузганини таъкидламоқда. Шу йўл билан у Ўзбекистонда кўп партиявийлик, сиёсий плюрализм ва турлича фикрлаш мавжудлигини кўрсатмоқчи.



Йўлдошевга кўра, айни пайтдаги партиявий фаолликнинг жонланиши намойишкорона характерга эга ва кўринишидан, партия етакчиларини, уларнинг офис ва нашрларини таъминлаш учун давлат харажатларини қисқартишга қаратилган бўлиши ҳам мумкин.



Ҳудди шу каби йўл билан қолган барча партияларни ҳам бирлаштириш мумкин, аммо бу билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди, дея қўшиб қўяди NBCA суҳбатдоши.



Қозоғистонда жойлашган Марказий Осиё Демократияга кўмак бериш марказининг маслаҳатчиси Олег Сидоров икки ўзбек партияларининг бирлашуви “Қозоғистон партиявий вариантига” ўхшаб кетишини тахмин қилмоқда.



Қозоғистонда 2007 йилда парламент сайловлари арафасида партиялар ва сиёсий жамоат бирлашмалари сонини қисқартириш бошланганди. Пировардида, иқтидордаги “Нур Отан” партияси ўзининг сафига “Асара”, Фуқаролик ва Аграр партияларининг аъзоларини қабул қилганди.



Шундан сўнг Конституцияга ўзгартишлар киритилди ва партияларнинг парламентга ўтиш учун тўсиқ баландроқ кўтарилди. Оқибатда “Нур Отан” парламентдаги депутатлар ўринларининг ҳаммасини эгаллади.



“Кўринишидан Ўзбекистон Қозоғистонда қилинган ишлардан нусха олиб ягона ва йирик партия тузмоқчи. Расмийлар парламент сайловларидан олдин Конституцияга ўзгартишлар киритишини истисно этиб бўлмайди, ахир мамлакатларимиз бир-бирлари билан тажриба алмашадилар”, - дейди Сидоров.



Ўзбекистонда парламент сайловлари 2009 йил кузида ўтказилиши режалаштирилмоқда.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists