Ўзбекистон: Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ўғринча олиб чиқиб кетилишига қарши кураш самара бермаяпти
Ўзбекистон: Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ўғринча олиб чиқиб кетилишига қарши кураш самара бермаяпти
Жорий йилнинг май ойи охирида қўшни Қирғизистоннинг жанубий чегарасидан унча узоқ бўлмаган ерда жойлашган Андижон вилоятнининг Хонобод шаҳрига кираверишда портлаш янграганидан кейин Ўзбекистон расмийлари давлат чегарасини кучайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошира бошладилар.
Қўшни мамлакатлар ҳудудидан террористларнинг кириб келишидан хавфсираган расмий Тошкент Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси периметри бўйлаб уч метрлик хандақлар қазий бошлади. Шу билан бирга, чегара ўтказиш масканларида назорат кучайтирилди. Бу эса маҳаллий фермерларга мева ва сабзавотларнинг экспортини амалга оширишни сезиларли даражада қийинлаштириб қўйди.
Қўшни мамлакатлар Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг анъанавий ҳаридорлари саналади.
Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили экспортни чеклаш бўйича турли чоралар кўриб келади, аммо бу сафарги чеклашлар айниқса қаттиқ бўлди.
Ўзбекистон Давлат телевидениеси янгиликлар дастури бир неча бор ташқарига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб чиқиб кетаётган фермерларнинг қўлга олиниши тўғрисидаги репортажларни намойиш этди. Расмийлар ўзларининг ушбу ҳаракатларини ички бозорни тўлдиришга ва нарх-навони туширишга қаратилган, дея изоҳлашга уриндилар.
Аммо бундан фақат маҳаллий олиб-сотарлар нафландилар, холос. Улар катта миқдордаги мева ва сабзовотларни деҳқонлардан улгуржисига сотиб олганларидан кейин чакана савдо бозорларида катта нархда сотаяптилар.
“Олиб-сотарлар бизнинг [ўз маҳсулотларимизни] олиб чиқишимиз жуда ҳам қийинлигини биладилар ва нархни тушириб юборадилар”, - дейди мамлакат марказидаги Тошкент вилояти Зангиота туманида истиқомат қилувчи фермер Мирзаюсуф.
Тошкентдаги NBCA шарҳловчиси ҳисоблаб кўрса, бугунги кунда мева ва сабзавотларнинг улгуржи ва чакана нархи ўртасидаги фарқ 70 фоизгача борар экан.
Мисол учун, ўрикнинг ҳар бир килограми фермерлардан 630 сўмдан ($0,35) сотиб олиноқда, бозордаги ҳаридорлар олаётган нарх эса 1500 сўмни ($0,84) ташкил этади.
Деҳқонлар зиёнга кириб кетиб қолишяпти, аммо ёзнинг иссиқ кунида мева-сабзавот маҳсулотининг тезда айниб қолишидан чўчиб ўз молларини олиб-сотарларга ҳар қандай нархда бериб юбормоқдалар.
“Қайси ерга ҳам борар эдик? Ҳаммаси чириб кетганидан кўра, ҳар қандай нархга сотиб юборганимиз яхши эмасми”, - дея қўшиб қўйди 25 гектар мевали боғ ва узумзорга эгалик қилаётган Мирзаюсуф.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг аграр сектори ҳар йили ўн миллион тоннага яқин мева ва сабзавот етиштиради. Ҳосилнинг учдан бир қисми Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинади. Бу мамлакатларда Ўзбекистон мева-сабзавотларига талаб ва эҳтиёж айниқса катта.
Тошкент агросаноат бирлашмасида узоқ вақт давомида ишлаган иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовга кўра, мева-сабзавот экспортини чеклашга қаратилган чоралар фойда олиб келмайди.
“Қонуний йўл бўлиши керак, - дея ишонтиришга уринади иқтисодчи. – Агар мева ва сабзавот ортилган юк машиналари божхоналарни айланиб ўтаётган бўлса, демак экспортнинг мавжуд механизми самарали ишламаяпти”.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)