Ўзбекистон: пахта эксплуатацияси авж паллада

Ўзбекистон: пахта эксплуатацияси авж паллада

Human rights defender Yelena Urlaeva outside the chief prosecutor’s office in Tashkent, holding up a sign calling for an end to child labour on cotton plantations in Uzbekistan. (Photo: Human Rights Alliance of Uzbekistan)
Human rights defender Yelena Urlaeva outside the chief prosecutor’s office in Tashkent, holding up a sign calling for an end to child labour on cotton plantations in Uzbekistan. (Photo: Human Rights Alliance of Uzbekistan)

2012 йилнинг 9 октябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси пахта теримига юборилган болалар ва талабаларнинг эксплуатация қилинишини бас қилиш талаби билан пикет ўтказди. Болалар меҳнати мониторинги билан шуғулланувчи Альянс маълумотларига кўра, Қорақалпоғистон мухтор республикаси ва мамлакат вилоятларидаги шаҳар ва туман коллежларининг ўқувчилари ўқиш ўрнига 5 сентябрдаёқ далаларга олиб чиқилиб, эксплуатация қилинмоқда.

Айни пайтда расмийлар пахта ҳосилини йиғиб олиш учун аҳолининг бошқа гуруҳларини теримга мажбуран сафарбар қилишни авж олдирмоқда.

“Кўп болалар оғриб қолаяпти, кўп соатли оғир меҳнатдан силласи қуриб кетаяпти, улар тиббий ёрдам, дурустроқ озиқ-овқат ва ётоқ билан таъминланмаган”, - дея хабар қилади Альянс матбуот маркази.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг кўп йиллик танқидларидан кейин расмийлар пахта далаларида болалар меҳнатидан воз кечиш ҳақида расман баёнотлар берганига қарамай, ҳуқуқ фаоллари болалар меҳнати тўла таъқиқланмаганини, шунчаки теримга кичик ёшдаги болалар жалб қилмай қўйилганини таъкидламоқдалар.

“Агар авваллари пахта далаларига 10 ёшдан юқори бўлган болалар олиб чиқилган бўлса, ҳозир 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларни олиб чиқаяптилар, бу асосан маҳаллий лицей ва коллежларнинг ўқувчиларидир, - дея қўшимча қилади Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева. – Расмийлар ёш планкасини кўтардилар, мажбурий меҳнат схемаси эса аввалгидек қолди”.

Мониторинг давомида ҳуқуқ ҳимоячилари мавсумий ишларга Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги 42-мактабнинг катта синф ўқувчилари ҳамда Тошкент радиотехника, Янгийўл тиббиёт ва Бухоро юридика коллежлари талабалари ҳам жалб қилинганини аниқлаганлар. Бу талабаларнинг ҳар бири кунига 60 килограммдан пахта териб, топшириши лозим.

Бу йил давлат терилажак пахта хом ашёси учун ўтган йилдагидан кўра кўпроқ ҳақ тўлаяпти ва ҳар бир теримчи терилган бир килограмм пахта учун 200 сўмдан (тақрибан 8 центдан) пул олаяпти.

Бироқ ўқувчи ҳар иш куни учун 25 минг сўмдан (тақрибан 9 АҚШ доллари) тўлаб, ўзининг ўрнига бошқа бир кишини ёллаган ҳолда, теримдан озод бўлиши мумкин.

Катталарга, айниқса бюджет ташкилотлари ходимларига эса бошқалардан кўра қийинроқ бўлаяпти – улар билан пачакилашиб ўтирмаяптилар. Октябрь ва ноябрь терим фаол олиб бориладиган ойлар бўлиб ҳисобланади ва бу ойларда имкон қадар кўпроқ теримчига эҳтиёж бор, шунинг учун ҳам расмийлар ҳар қандай воситани ишга солган ҳолда одамларни пахта теришга мажбур қилмоқда.

Маҳаллалар раҳбарияти юқорининг буйруғига кўра давлат ижтимоий ёрдамига муҳтож оилалалардан ҳар куни 15-20 кишини пахта теримига сафарбар қилмоқда. Хусусий тадбиркорлар ҳам ўзининг штатдаги ходимларидан 15 фоизини теримга юборишга мажбур.

Маҳаллий нашр журналистининг маълум қилишича, ходимларни пахтага сафарбар қилиш учун разнарядка расмий газеталар таҳририятларига ҳам келган. “Эрталаб автобус келиб, одамларни далага олиб кетаяпти”, - дейди у.

Сирдарёдаги умумтаълим мактабининг ўқитувчиси NBCAга директор ўқитувчиларни чақириб, уларга ё далага чиқиш, ёки теримда иштирок этишдан қутулиш учун бутун мавсумга 400 минг сўмдан (160 АҚШ долларидан) тўлаб қўйишни таклиф қилганини айтиб, шикоят қилди.

“Бу пул бир ойлик маошимдан ҳам кўп, - дейди ўқитувчи норози оҳангда. – Энди пахтага боришга тўғри келади. Мактабда ҳеч ким қолмаган, дарслар барибир ўтилмаяпти”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
 

Uzbekistan
Children
Frontline Updates
Support local journalists