Ўзбекистон: Расмийлар мажбурий коллективизация ўтказмоқдалар
Ўзбекистон: Расмийлар мажбурий коллективизация ўтказмоқдалар
«Мусулмон Ўзбекистон» (Muslimuzbekistan) мустақил интернет сайти 9 ноябрь куни Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг (ЎМҲҲТГ) маълумотларига таянган ҳолда Ўзбекистонда «таҳдид, товлама ва террор йўли билан фермерларнинг ерларини ноқонуний равишда олиб қўйиш бошланди», дея хабар берди.
Фарғона, Андижон, Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳокимлар фермерларни ихтиёрий равишда ижарага олган ерларини давлатга қайтариб топширишга мажбурламоқдалар, дея ёзади интернет нашр.
Бир неча кун олдинроқ бошқа, Uzmetronom интернет нашри «Тошкент туманининг 95 фоиз фермерлари милиция тазйиқи остида ўзларига қарашли ерларини «ихтиёрий» равишда топшириш тўғрисиида ариза ёзганлари» ҳақидаги хабарни ёйинлаган эди.
Мустақил оммавий ахборот воситаларининг қайд этишларича, маҳаллий ҳокимият вакиллари фермерларга қарашли ерларни мусодара қилаётган пайтда мамлакат президентининг нашр этилмаган «фермерлик хўжаликларини кенгайтириш ҳақида»ги фармонига таяниб иш кўрмоқдалар.
Ўзбекистондаги шарҳловчиларга кўра, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 3 октябрь куни мамлакат шимолиғарбий қисмида жойлашган Хоразм вилоятига бориб маҳаллий аграрчилар билан суҳбат давомида фермер хўжаликларини оптималлаштириш эҳтимолини муҳокама қилганидан кейин муҳталам коллективлаштириш ҳақидаги биринчи мишмишлар пайдо бўлган.
«Ўшанда президент Каримов қишлоқ хўжалиги техникасидан самаралироқ фойдаланиш мақсадида ер майдонлари 80 гектардан кам бўлган фермер хўжаликларини бирлаштиришга қарор қилганини айтган эди», - дея эслайди маҳаллий шарҳловчилардан бири.
Президентга кўра, гектари оз бўлган ерга эгалик қилаётган ижарачи кичик ер участкасини механизация воситасида қайта ишлашга эҳтиёжи бўлмагани учун қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олмаяпти. Бундан ташқари, кам даромад олаётган фермерларда қиммат комбайнлар ёки пахта терим машиналарини сотиб олишга маблағ йўқ.
Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 215 мингдан зиёд фермерлик хўжаликлари фаолият юритмоқда. Уларда бир ярим милиондан зиёд деҳқонлар ишлаяптилар.
Ўзбекистондаги шарҳловчилар мажбурий коллективизациядан сўнг фермер хўжаликларининг сони тенг ярмига қисқариши ва охироқибатда кўплаб деҳқонлар ишсиз қолишларидан хавфсирамоқдалар.
«Агар майда фермер хўжаликларида фермер оиласининг барча аъзолари иш билан машғул бўлган бўлсалар, янги бирлаштирилган йирик фермер хўжалигининг раҳбари фақат ўз ишчиларини ишга жалб этади, холос. Ери катта хўжаликка ўтиб кетган ўша фермернинг оиласи эса ишсиз қолади», - дея ишонтиради Фарғона водийсидаги деҳқонлардан бири.
Уларнинг ҳар бири кичкина бўлса ҳам ўзининг шахсий ер участкасига эгалик қилишни истайдилар, дея қўшиб қўйди у.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа экспертларнинг қайд этишларича, мажбурий коллективлаштиришга уринишлар расмийларнинг ерга ҳақиқий эга бўла олмаган ижарачилар устидан назоратни кучайтиришга интилишга ўхшамоқда.
«Мисол учун, юзта фермерлик хўжалигини битта фермерлик хўжалигига йириклаштирилганидан кейин уларни назорат остида ушлаш ҳамда қайси пайтда қандай экин экиш керак, қанча экиш керак, дея кўрсатма бериш осонроқ бўлади», - дея тахмин қилади тошкентлик таҳлилчи.
Ўзбекистонда 1998 йилда қабул қилинган Ер кодексига кўра, мамлакатдаги барча ер давлат мулки саналади, фермерлар эса бу ерларни 49 йилга ижарага олишлари кўзда тутилган, холос.
Ижарачилар ҳар йили маҳалиий ҳокимият вакиллари билан ижарага олинган ер участкасида етиштирилган пахта ва буғдой ҳосилининг бир қисмини паст нархларда давлатга топширишга мажбур қилувчи шартномаларга имзо чекадилар.
Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи ижарачи Маъмуржон Азимов ўзига тегишли тўрт гектар ердан ҳар йили буғдойдан яхши ҳосил йиғиштириб олаётганини сўзлаб берди. Етиштирилган буғдойнинг бир қисмини давлатга топшириб бўлганидан кейин ўз оиласи ва қариндошларининг эҳтиёжи учун беш ярим тоннадан ошиқроқ дон қолар экан.
Янги ҳосил пишгунича бу миқдордаги буғдой қишлоқ жойларда асосий озуқа бўлган нон ёпиш учун ун қилиб тегирмонда тортишга етади.
«Демак, саксон гектардан кам бўлган ерлардан ҳам тузук даромад олса бўлар эканда», - дея хулоса қилади фермер. – «Агар бизни бирлаштирадиган бўлсалар, биз бошқа ижарачиларга ёлланиб мардикорлик қилишимизга тўғри келади, оиламиз эса оч қолади».
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)