“Берк кўчага кириб қолган темир йўл” Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини қийинлаштириб қўймоқда
“Берк кўчага кириб қолган темир йўл” Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини қийинлаштириб қўймоқда
Тошкент билан Душанбе ўртасида ҳаракати тўхтаб қолган юкларнинг транзити борасидаги ўтаётан музокараларнинг муваффақиятсизликка учраши икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг тартибга солинишидан манфаатдор бўлган воситачи томоннинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. NBCA шарҳловчиларининг тахмин қилишича, Марказий Осиё мамлакатларида ўз иқтисодий манфаатларини кўзлаётган Москва шундай воситачи бўлиб чиқиши мумкин.
Ўзбекистон ва Тожикистон апрель ойининг охирида Ўзбекистон ҳудудида уч ойдан бери ҳаракатсиз қолаётган темир йўл вагонларининг транзити бўйича келиша олмагани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Тожикистонга йўл олган 660 та вагонда ёқилғи-мой материаллари, 230 тасида эса ғалла маҳсулотлари ҳамда цемент ва техника юкланган.
Юкларнинг аксарият қисми Роғун ГЭС қурилиши учун аталган.
Ўзбекистон томони темир йўл полотносининг бир қисмини вайрон қилган сел оқимлари ҳамда темир йўл тармоқларининг вагонларга тўлиб кетганини баҳона қилиб, темир йўл составларининг ҳаракатини февраль ойидаёқ тўхтатиб қўйган эди.
Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссиясининг 27 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган мажлиси юзага келган муаммони ҳал қилиши мумкин дея умид қилинган эди, аммо музокаралар амалда муваффаақиятсизликка учради. Негаки, Ўзбекистон томони расмий Душанбега ультиматум қўйди ҳамда Роғун ГЭС қурилиши бўйича ишлар тўхтатилиши ҳамда гидротехник иншоот лойиҳасининг экспертизаси ўтказилганидан кейин юклар ҳаракатига қайта йўл берилади дея билдирди.
“Транзит муаммоси ортида Тошкентнинг қудратли контррегулятор қурилишига рози эмаслиги турибди, - дейди ўзбекистонлик сиёсий эксперт Дилмурот Холматов. – Объектнинг мустақил халқаро экспертизадан ўтказиш талаби қурилишни тўхтатишга бўлган уринишнинг энг тўғри йўли бўлиб қолмоқда”.
Тожикистоннинг жанубий ҳудудида жойлашган ва Марказий Осиёдаги энг йирик дарё – Амударёнинг энг йирик ирмоғи бўлган Вахш дарёсида қурилиши режаланаётган Роғун ГЭС баландлиги 335 метрга тенг гидроиншоот бўлиб қолади. Вахш дарёси Амударё сув ресурсининг учдан бир қисмини шакллантиради.
Тожикистон расмийлари ГЭС қурилиши ортидан арзон электр энергияси ишлаб чиқаришни, ўзининг ички этиёжини таъминлаб, Афғонистон орқали Покистон ва Эронга электр энергияси экспортини йўлга қўйиш режасини яширмаяптилар.
Бироқ дарёнинг қуйи қисмида жойлашган Ўзбекистон Роғун ГЭС ишга туширилиши билан Душанбе сув оқимини тартибга солиш имкониятига эга бўлишини ва бунинг ортидан суғориш учун сув тақчиллиги юзага келишидан хавотирланмоқда. Бу ҳолат Ўзбекистонда асосий экспорт даромад манбаи бўлган пахтачилик соҳасига таҳдид солмоқда. Шунингдек, Тошкент тўғон қурилиши сейсмик жиҳатдан фаоллиги юқори бўлган ҳудудда олиб борилаётани боис техноген ҳалокатлардан ҳамда сув балансининг муҳтамал бузилиши ортидан юзага келажак экологик ўзгаришлардан хавотир олмоқда.
Ўзбекистон расмийлари қурилаётган иншоотни халқаро экспертизадан ўтказиш зарурлиги борасида бир неча бор баёнот бериб, қўшни давлатлар – Россия ва Туркманистонни ўз томонига оғдиришга уриниб келган эдилар.
Қўшниларга босим кўрсатишга интилган расмий Тошкент турли таъсир воситалардан фойдаланиб келмоқда, негаки бир вақтлар собиқ Совет Иттифоқи таркибига кирган Ўзбекистон ва Тожикистоннинг ҳали-ҳамон ҳал қилинмаган бир қатор чегараолди муаммолар мавжуд ҳамда ушбу муаммолар ортидан икки мамлакат ўртасида мунтазам равишда келишмовчиликлар пайдо бўлиб келмоқда. Боз устига, икки мамлакатнинг транспорт тармоқлари узвий равишда боғланиб кетган.
Тожикистондан Қозоғистон ва Россияга олиб борувчи асосий савдо йўллари икки мамлакат ҳудуди орқали ўтади.
Минтақадаги NBCA экспертларига кўра, Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар энг ёмон даврни бошидан кечирмоқда, бу муносабатларнинг оқибати кейинги ҳамкорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Тожикистон Демократик ўзгаришлар бўйича жамоатчилик қўмитасининг ижроя директори Парвиз Муллажанов икки мамлакат муносабатларидаги тарангликни фақат “воситачи ёрдамида” ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблаяпти.
Ўзбекистонлик эксперт ҳам унинг фикрига қўшилмоқда.
“Томонлар берк кўчага кириб қолди, - дея қайд этади Холматов. – Мунтазам характер тусига кириб қолган келишмовчиликларни бир ёқлама қилиш учун учинчи томоннинг, мисол учун, Россиянинг аралашуви лозим. Айнан у минтақадаги анъанавий мустаҳкам алоқаларга эга бўлгани важидан музокараларда воситачи бўлиб қолиши керак”.
Номи ошкор бўлишни истамаган ўзбекистонлик иқтисодий шарҳловчи ҳам ҳудди шунга ўхшаш фикрни изҳор этди ҳамда Кремль икки мамлакатда ҳам ўз манфаатларини кўзлаётганини эслатди.
Бу манфаатлар қаторидан, жумладан, Тожикистондаги алюминий заводининг модернизацияси, Россиянинг Газпром ва ЛУКОЙЛ компаниялари томонидан амалга оширилаётган Ўзбекистондаги конларни ишлаб чиқариш каби лойиҳалар ўрин олган.
“Агар Москва [Тошкент ва Душанбега] музокараларни бошланг деб айтса, улар музокара ўтказишга мажбур бўладилар, - дейди шарҳловчи. – Музокаралар учун майдонча ҳам тайёр. Булар МДҲ саммитлари ёки бўлмаса, ҳеч бўлмаганда, ЕврОсИҲ майдончаси бўлиши мумкин. Ўзбекистон ушбу ташкилотда ўз аъзолигини тўхтатиб қўйганига қарамай”.
Мисол учун, 8 май куни Москвада МДҲ давлатларининг норасмий саммити бўлиб ўтади. Декабрь ойида эса мамлакатлар етакчилари Россияга яна бир бор келадилар. Бу сафарги учрашув расмий характерга эга бўлади.
Ушбу мақола National Endowment for Democracy фонди томонидан молиялаштириб келинаётган “Марказий Осий янгиликлар маълумотномаси” лойиҳа доирасида тайёрланган.