Ўзбекистонлик режиссёрлар Қирғизистонда Гран-прига сазовор бўлишди

Ўзбекистонлик режиссёрлар Қирғизистонда Гран-прига сазовор бўлишди

Umida Ahmedova and Oleg Karpov in Bishkek. (Photo: IWPR)
Umida Ahmedova and Oleg Karpov in Bishkek. (Photo: IWPR)

Донор ташкилотлар қўлловида ташкил этилган ва 30 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда поёнига етган Reformat халқаро видеосанъат фестивалида олий мукофот “Фаришта... ва унинг икки эри” фильми учун тошкентлик таниқли режиссёрлар Умида Аҳмедова ва Олег Карповга берилди.

Муҳаббат, қаҳрамонларнинг содир бўлаётган воқеаларга нисбатан конфессионал фарқлар дохил турлича қарашлари чатишиб кетмиш оилавий ҳаётнинг парадокслари тўғрисида ҳикоя қилувчи бу фильм танловга тақдим этилган қирқта ишнинг ичида энг яхшиси, дея эътироф этилди.

Ҳайъат аъзолари фикрича, асар видеоарт ва ҳужжатли кинонинг туташ нуқтасида яратилган бўлиб, у жанрларнинг бир-бирига киришиб кетиши бўйича замонавий тенденцияни бошқалардан кўра кўпроқ акс эттиради.

“Муаллифлар ижоди чинакамига ўзига хослиги билан ажралиб туради”, - деди IWPRга Халқаро фестивал лойиҳасининг раҳбари, бишкеклик Гамал Боконбаев.

Ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи ва ҳужжатли кино устаси Умида Аҳмедова 2010 йили расмийлар томонидан ўзбек халқига бўҳтон қилганлик ва “халқ қадриятлари ва урф-одатларини ерга уришга қаратилган... беадабона изоҳлар” акс этмиш материалларни яратганликда айбланганди. 

Маҳаллий ва халқаро ҳамжамият томонидан кескин танқидга учраш ортидан расмийлар чиқарган шошилинч амнистиядан кейин у ҳамкорликдаги видеолойиҳалар режиссёри ва эри бўлган Олег Карпов билан биргаликда яна ўз ижодига қайтди.

Ижодий жуфтлик таъқиб қилинган пайтда Ўзбекистон расмийлари Карпов томонидан асос солинган Тошкентдаги маданий марказ – “Кино музейи”ни ёпиб ташлаганлар. Бу ерда авваллари Ўзбекистон видеоарти фестивали мунтазам равишда ўтказиб туриларди.

2012 йилнинг июнь ойида Карпов раҳбарлиги остида Тошкентда Марказий Осиё мустақил киносининг биринчи фестивали – CAFIF (Central Asian Festival of Independent Films) ўтказилди, мазкур анжуманнинг мақсади минтақа мамлакатларидаги муаллифларни бир жойга жамлаш бўлганди.

Ҳужжатли кино усталари ўзларини ўраб турган воқеаликдан илҳомланган ҳолда, фильмлар яратишда давом этажакларини айтмоқдалар.

“Кўрсатилаётган босим қаршиликни келтириб чиқаради, - дея ўз мулоҳазаси билан ўртоқлашади Карпов. – Санъат рухсат берилган ҳадларни нари суради ва биз доим бу ҳадларни кенгайтиришга ҳаракат қиламиз. Агар сен санъаткор бўлсанг, азоб-уқубатга тайёр бўлишинг ва сени чормих қилишларига ҳозир бўлишинг лозим”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.


 

Media
Frontline Updates
Support local journalists