Ўзбекистонлик пахтакорлар Қозоғистон пахта далаларига ошиқмоқдалар

Ўзбекистонлик пахтакорлар Қозоғистон пахта далаларига ошиқмоқдалар

Monday, 28 September, 2009
.



Ўзбекистоннинг эллик уч нафар фуқаролари қўшни Жанубий Қозоғистон вилоятига, Ўзбекистон чегарасидан унча узоқ бўлмаган “Мирзакент” чегара заставаси ҳудуди орқали яёв ўтишга уринганлари Қозоғистон оммавий ахборот воситалари 16 сентябрь куни ҳақида хабар тарқатдилар.



NBCA билан суҳбат давомида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг ходими Лариса Дмитрюк чегарани бузган барча Ўзбекистон фуқаролари қўлга олингани ҳамда текширув ўтказиш учун Жанубий Қозоғистон вилоят Мақтаарал тумани полиция бўлимига олиб борилгани ҳақида маълум қилди.



“Аввалига уларнинг кўпчилиги Қозоғистонда яшаётган қариндошлари олдига меҳмонга кетаётганлари ҳақида гапира бошладилар, - дейди ўша ички ишлар бўлимининг ходими NBCA билан суҳбатда. – Бироқ Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонга аслида иш қидириб келганлари маълум бўлиб қолди”.



Шарҳловчиларнинг қайд этишича, ҳар йили пахта терими мавсуми бошланиши билан Қозоғистонга қараб йўналган ўзбекистонлик нолегал меҳнат муҳожирларининг оқими катталашиб боради.



Жанубий Қозоғистон вилояти мамлакатда пахта-хом ашёси етиштирувчи ягона вилоят саналади. Бу ерда қишлоқ хўжалиги соҳасининг қарийиб ярми ушбу хом ашёни ишлаб чиқариш билан банд бўлиб келган. Пахта териб олиш учун кўп сонли ишчи кучлари керак, улар бу ерда доим етмай келган.



Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишича, 2008 йилда Мақтаарал тумани пахта далаларида Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистондан бу ерга келган ўн мингга яқин Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилган.



“Бу ерга улар нолегал равишда келиб меҳнат қиладилар, - дейди қозоғистонлик журналистлардан бири. – Маҳаллий теримчилар пахта терими учун тўланадиган иш ҳақи пастлиги борасида шикоят қилган бир пайтда [ўзбекистонлик] муҳожирлар терилган пахта учун тўланадиган пул миқдоридан хурсандлар”.



Пахта етиштириш бўйича дунё бўйича бешинчи ва пахта толасининг экспорти бўйича иккинчи ўринни эгаллаётган Ўзбекистонда ишчи кучи ҳаддан зиёд арзон баҳоланади ва шунинг учун ҳам маҳаллий теримчилар кўпроқ пул ишлаш иштиёқи тушунарли ҳол.



Ўзбекистон пахта далаларида фермерлар теримчиларга ҳар бир килограмм учун қирқ сўмдан (0,03 АҚШ доллари) тўлайдилар ва улар бир кунда ўртача 3 АҚШ долларига тенг пул ишлайдилар.



Қозоғистон далаларида теримчилар бунга қараганда уч-тўрт баробар кўпроқ пул ишлашлари мумкин.



“[Пахта терим] мавсумида биз 1500 доллар ва ундан ҳам кўпроқ пул ишлаб келганмиз, - дейди ҳар йили олти кишидан иборат оиласи билан Қозоғистонга пахта тергани келадиган Рустам исмли ўзбекистонлик йигит. – Ҳар куни биз беш юз килограммдан пахта терамиз”.



Маҳаллий иш берувчиларнинг айтишига қараганда, ўзбекистонлик мардикорларни ёллаш улар учун ҳар томонлама қулай. Негаки, улар яхши меҳнат қиладилар ва овқат танлмайдилар.



“Улар ялқов эмас, виждонан, кўп ишлайдилар, уларнинг еб-ичишлари учун ҳам сарф-харажатимиз оз, боз устига, биз уларга ўзимизнинг ёлланма ишчиларга қараганда камроқ пул тўлаймиз. Уларнинг ҳар бири ҳар куни пахта далаларида 150 килограммга яқин пахта терадилар. Бу катта кўрсаткич саналади”, - дея ўз фикрлари билан ўртоқлашади NBCA билан суҳбат давомида қозоғистонлик тадбиркор Серик. У қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини териш учун ўзбекистонлик нолегалларни ёллаш билан шуғулланади.



“Бизга пахта далаларида ишлаш учун бундай одамларни ёллаш фойдали”, - дея таъкидлади у.



Бироқ, ўзбекистонлик муҳожирлар нолегал равишда Қозоғистоннинг пахта далаларида ишлаётган бир пайтда, ўзларининг юртларидаги пахта плантацияларида мактаб ёшидаги болалар ва талабалар мажбурий равишда пахта тердираяптилар.



15 сентябрь куни Андижон вилоятидаги барча мактаб ўқувчилари пахта теримига киришганлари маълум бўлди.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)



Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists