Ўзбекистон-Туркманистон: Матбуотнинг эркин бўлишига ҳеч қандай умид қолмади
Ўзбекистон-Туркманистон: Матбуотнинг эркин бўлишига ҳеч қандай умид қолмади
NBCA шарҳловчилари ўз прогнозларида пессимистик кайфиятда қолмоқдалар ва вазиятнинг яхшиланишига ҳеч қандай умид йўқ дея ҳисобламоқдалар. Халқаро матбуот институти 10 февраль куни ўзининг ҳар йили чоп этадиган матбуот эркинлиги шарҳини эълон қилди. Унда Осиё қитъасидаги аҳволга алоҳида урғу берилган. Дунёнинг бу иқлимида «давлат мутасаддилари мустақил ва танқидий овозларни ўчириш мақсадида журналистларга нисбатан сохталаштирилган айбловлар қўллаб келаётганлари» қайд этилган.
Туркманистонда озодликдан маҳрум этилган журналистлар ҳамон турмада қолмоқдалар, озодликда юрганларини эса таъқиб этиш давом этмоқда.
Мисол учун, 2008 йил июнь ойида RFE/RL (Озодлик Радиоси) штатсиз мухбири Сазақ Дурдимурадов ҳибсга олинган ва икки ҳафта давомида қамоқхона тартибидаги руҳий касалларни даволаш муассасасида бўлган. У ерда журналистга нисбатан қийноқлар қўлланган.
Шундан кейин журналист чет эл оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишдан воз кечиш тўғрисида тилхат ёзиб берди.
Туркманистон ҳукумати мамлакат оммавий ахборот воситалари устидан мутлақ назоратни сақлаб қолмоқда ва президент Сапармурад Ниязов вафотидан сўнг ҳокимият Қурбанқули Бердимухаммедовга ўтганидан кейин ҳам матбуотнинг аҳволи яхшилангани йўқ.
Шарҳнинг Ўзбекистонга бағишланган бўлимида ўтган йили ёзда сохталаштирилган айбловлар билан Солижон Абдураҳмоновнинг ҳибсга олингани эсга олинади. Ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналистга қарши банг моддаларини сотиш ниятида асраш бўйича айблов эълон қилинди ва уни 10 йилга озодликдан маҳрум этдилар.
Бундан ташқари, Халқаро матбуот институти ўнлаб ўзбекистонлик журналистлар таъқиблардан хавфсираб мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганларини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати чет эл оммавий ахборот воситаларининг вакиллари - ВВС, Deutsche Welle, Radio Liberty ва Россиянинг НТВ телеканали журналистларининг аккредитацияларини бекор қилди, уларга сурункали босим ўтказиб, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур қилди, дея қайд этилади шарҳда.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва интернет-нашрларнинг жуда кўп бўлганига қарамай, мамлакатда журналистлар учун ёритилиши маън этилган мавзулар рўйхати мавжуд.
«Қатъий цензура туфайли умуман ёзишга истак қолмади», - дея фикрлари билан ўртоқлашади Фарғона водийсида ишлаётган журналистлардан бири.
Ўзбекистон ва Туркманистондаги медиа-шарҳловчилар журналистика олдида турган асосий вазифа бўлган ўқувчиларга объектив ахборот етказиб бериш бу мамлакатларда амалда йўқ даражада эканлигига, журналистлар ўзларининг касб маҳоратлари ўсишида чекланиб қолганларига, расмийлар уларнинг ижодий салоҳиятлари ривожланишига ҳар қандайига тўсиқ қўяётганларига эътибор қаратмоқдалар.
Тошкентдаги журналистлардан бирининг айтишича, чет элда бўлиб ўтган тренингга бориб келганидан кейин уни Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХХ) ходими батафсил сўроққа тутган ҳамда бундан кейин бу каби тадбирларда иштирок этмасликни тавсия қилган.
«Улар биз истаган нарсаларни ёзишни бошлашимиздан қўрқяпти», - дея тахмин қилади мухбир.
Йўғ-э, дея инкор этади ашхободлик журналистлардан бири, расмийлар барибир матбуотга эркин ҳолда ишлашга ва «истаган ҳолатда» ёзишга имконият бермаслигига ишора қилиб.
Унга кўра, ҳукумат журналистлар ҳақиқатни чет эл оммавий ахборот воситаларига ёзишни бошлашларидан кўпроқ хавотирланмоқда. Негаки, бу ҳолатда расмийлар учун нохуш бўлган қандайдир вазият дунё ҳамжамияти учун ошкор бўлиб қолади.
«Бизда чет эл оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш жосуслик билан тенглаштирилган», - дея қайд этади журналист.
Туркманистондаги NBCA шарҳловчиси ўтган йили кузда содир бўлган бир воқеани эслади. Ўшанда чет эл нашрларидан бирининг вакили маҳаллий радио каналларидан бирининг мухбирига мурожаат қилиб, таълим мавзусига бирор-бир материал ёзиб беришни сўраган эди.
Мухбар даҳшатга тушиб рад жавобини берди.
“Мен турмада ўтиришни истамайман”, - деди у.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).