Ўзбекистон-Туркманистон: Форс кўрфазига олиб чиқувчи транспорт йўлагига яшовчан интеграция етишмаяпти
Ўзбекистон-Туркманистон: Форс кўрфазига олиб чиқувчи транспорт йўлагига яшовчан интеграция етишмаяпти
Марказий Осиёнинг икки мамлакати ва Эрон, Уммон ҳамда Қатар ўртасида халқаро транзит йўлагининг барпо қилиниши Яқин Шарқ давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланишига имконият яратади ва денгизга йўл очиб беради, аммо бунинг учун анчагина сиёсий куч ва либерал трансчегаравий шароит талаб этилади.
Апрель ойи охирида Ашхободда Шимол-Жануб трансмиллий транспорт йўлагининг барпо этилиши тўғрисида шартнома имзолангани ҳақидаги хабар оммавий ахборот воситаларида ривожланаётган ҳудудларни ягона транспорт тизимига бирлаштирадиган истиқболли ҳамкорлик лойиҳаси ўлароқ талқин қилинди.
Йўлак Ўзбекистон, Туркманистон ҳудудлари орқали Марказий Осиё давлатларини ҳамда Эрон ва Яқин Шарқни ўзаро боғлаб, кўп мамлакатларга Форс кўрфази ва Ҳинд океанига чиқишни таъминлаши тахмин қилинмоқда. Лойиҳа қиймати ва донорлари ҳақида ҳозирча аниқ бир гап айтилгани йўқ.
Бир қарашда шартнома анча жозибали кўринади, чунки у аввал бундай шаклда ҳамкорлик қилмаган мамлакатларнинг туташ нуқтаси бўлиб ҳисобланади.
Бу дунёнинг турли бурчакларида бўлган интеграция жараёнлари Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари туташган жойда жойлашган минтақа учун ҳам намунага айланганидан далолат беради. Аммо бу мақсаднинг тез орада амалга оширилиши юзасидан баъзи шубҳалар мавжуд.
Ҳар бир интеграция шартномаси товарлар, хизматлар, капитал ва шахсларнинг чегарадан ўтишини жўнлаштириш йўли билан рағбатлантирилувчи ўзаро манфаатли ҳамкорликни кўзда тутади. Интеграция бир-бири билан рақобатлашадиган эмас, балки иқтисоди бир-бирини тўлдирадиган мамлакатлар ўртасида муваффақиятли жараён ҳисобланади. Аммо айни ҳолатда шартноманинг барча иштирокчи мамлакатлари ўзаро рақиб ҳисобланадилар ва бир-бирига ўхшаш маҳсулотларга – турли энергоресурсларга эгадирлар.
Нефт ва газга бой бўлган Туркманистон ва Ўзбекистоннинг янги халқаро транзит йўлагидаги иштироки дунё бозорида муқобил транспорт йўлларини излаш бўйича навбатдаги урунишдан бошқа нарса эмас ва бу хатарлидир. Ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг қарийб барча газини Россия сотиб олмоқда ва ҳозирча Тошкентда экспорт учун айтарли қўшимча табиий газ йўқ.
Россияга газ экспортини қисқартиргандан сўнг қўшимча транзит йўлакларини қидираётган Туркманистонда бироз ўзгача вазият юзага келган. Аммо, шартномада кўзда тутилганидек, углеводородларни Эрон ҳудуди орқали Форс кўрфазига транспортировка қилиш фойда келтирмайдиган ҳаракатдир. Бундан ташқари, Форс кўрфази ҳудуди энерготашувчилар учун энг яхши бозор ҳисобланмайди: Қатар суюлтирилган газнинг дунёдаги йирик экспортчиси ҳисобланади ва у ўз ёнида рақобатчи кўришни истамаслиги аниқ. Боз устига, Қатар ва Уммоннинг ўзлари интеграциядан йироқлар ва улар йирик қўшниси бўлган Эроннинг таъсири остига тушиб қолишни истамайдилар.
Форс кўрфазининг марказий қисмида жойлашган Жанубий Форс улкан нефть-газ конининг умумий эгалари бўлган Эрон ва Қатар ўртасида мавжуд келишмовчиликлар ҳам ушбу икки мамлакатнинг лойиҳадаги ўзаро иштирокини қийинлаштириб юбориши мумкин. Ҳозирги пайтда Қатар ширкатлари бу кондан газ қазиб олмоқдалар, бу эса ҳозирча бу ерда қазиш ишларини олиб бора олмаётган Теҳроннинг ғашини келтирмоқда.
Шунингдек, транспорт йўлакларининг барпо қилинишини молиялаштиришга ким рози бўлиши ҳам ноаниқлигича қолмоқда. Чунки халқаро санкциялар таъсири остида қолаётган Эронга маблағ ётқизиш истагида бўлган сармоядорларни топиш шу кунда амримаҳол бўлса керак.
Странам потребуются немалые усилия и политическая воля лидеров, чтобы в отдаленной перспективе превратить транснациональную идею в реальность.
Жўғрофий тарқоқлик, Теҳронни халқаро транзит йўлаги локомотиви ролида кўриш истагининг йўқлиги, Марказий Осиёнинг ҳатто икки қўшни мамлакатлари бўлмиш Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида ҳаракатланиш учун қулай тартиб жорий этилмагани лойиҳанинг яшовчанлиги юзасидан шубҳа уйғотади. Мазкур трансмиллий ғояни олис келажакда рўёбга чиқариш учун мамлакатлардан анчагина саъй-ҳаракат, уларнинг лидерларидан эса сиёсий ирода талаб этилади.
Ровшан Иброҳимов, сиёсат фанлари доктори, Озарбайжон энергетика тадқиқотлари маркази директори, айни пайтда Вашингтондаги Жорж Майсон университетининг таклиф қилинган илмий ходими.
Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.