Ўзбекистон: Тошкент Россиянинг ҳарбий базаси бўйича вазиятнинг ривожланишини кутмоқда

Ўзбекистон: Тошкент Россиянинг ҳарбий базаси бўйича вазиятнинг ривожланишини кутмоқда

Thursday, 12 November, 2009
, дея қайд этадилар NBCA шарҳловчилари.



Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) норасмий саммитида Қирғизистон жанубида ҳарбий база тузилиши бўйича имзоланган Россия-Қирғизистон Меморандумига нисбатан Тошкентнинг муносабатини Россия ва Марказий Осиёнинг оммавий ахборот воситалари 5 август куни кенгайтириб шарҳлаб бердилар. Ҳужжатга кўра, янги ҳарбий базада битта батальонга тенг бўлган миқдордаги ҳарбий хизматчиларнинг қўшимча контингентини жойлаштириш режаланган.



Ҳарбий коннтингентни жойлаштириш бўйича битимнинг узил-кесил имзоланиши 2009 йил 1 ноябрь куни бўлиб ўтади.



Шартноманинг амал қилиш муддати қирқ тўққиз йилга тенг бўлиб, уни яна 25 йилга тенг даврга автоматик тарзда узайтириш имконияти кўзда тутилган.



Тахмин қилинишича, ҳарбий контингент Қирғизистоннинг Ўзбекистонга чегарадош ва ўз ҳудудида ўзбек анклавларига эга бўлган Ўш вилоятида ёки Марказий Осиёнинг учта республикаси – Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон чегаралари туташган Баткен вилоятида жойлаштирилади.



Янги ҳарбий базанинг стратегик жойлашуви терроризм, экстремизм ва наркотрафикга қарши самарали кураш олиб боришга имконият яратади.



Россиянинг “Независимая газета”си хабар беришича, янги ҳарбий объект [Қирғизистон пойтахти Бишкекдан унча узоқ бўлмаган ерда жойлашган] Кант шаҳридаги авиабаза, Қирғизистоннинг Чуй вилоятида жойлашган ҳарбий-денгиз флотининг “Марево” алоқа тугуни ҳамда Қирғизистоннинг Иссиқкўл кўлида жойлашган ҳарбий-денгиз техникаси синов марказини ўз ичига олувчи Россиянинг бирлашган базасининг узвий қисми бўлиб қолади.



Шу муносабат билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 3 август куни “Қирғизистон жанубида Россия қуролли кучлари қўшимча контингeнтининг жойлаштирилиши борасидаги рeжаларни амалга оширишдан бирон бир зарурият ва мақбуллик кўрмаяпти” деган мазмундаги ўзининг баёнотини ёйинлади.



“Бу каби лойиҳаларнинг мураккаб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган, Ўрта Осиёнинг учта рeспубликаси чeгаралари бeвосита туташган ҳудудда амалга оширилиши, - дейилади баёнотда, - ҳарбийлашув ва миллатчиликка асосланган турли зиддиятларни кeлтириб чиқарувчи жараёнлар, шунингдeк, кeнг минтақадаги вазиятнинг жиддий бeқарорлашувига олиб кeлиши мумкин бўлган радикал экстрeмист кучлар чиқишларининг кучайишига туртки бeриши мумкин”, - дейилади баёнотда.



Марказий Осиёдаги янгиликларни ёритишга ихтисослашган Ferghana.ru Интернет-ресурси бир қатор экспертлар ва сиёсатшунослар фикрларининг шарҳини чоп этди ҳамда улардан баъзилари Ўзбекистон собиқ Совет Иттифоқи майдонида ҳар қандай интеграциявий жараёнларга фаол қаршилик кўрсатиб келаётганини, бошқалари эса Тошкентнинг ҳиссиётга тўлган баёнотларига мутлақо “эътибор бермасликка” маслаҳат бераётганларини қайд этиб ўтди.



Аммо NBCA томонидан сўралган баъзи шарҳловчилар ва таҳлилчилар Тошкентнинг ушбу демаршини чиндан ҳам ташвиш уйғотувчи омиллар билан боғламоқдалар.



Биринчидан, Ўзбекистонга нисбатан террористик таҳдид пайдо бўладиган бўлса, Ўзбекистон чегарасига бевосита яқин ерда жойлашган Россия қўшинлари қуролли можарога аралашиб қолиши мумкин, Тошкент эса бу каби муаммоларни ўзи, мустақил равишда ҳал қилишни истар эди.



“Россиянинг ҳозирги сиёсати, айниқса Грузия ва Жанубий Осетиядаги воқеалардан сўнг Ўзбекистонни қаттиқ хавотирга солмоқда”, - дея тахмин қилади Бишкекдаги “Сиёсат, дин, хавфсизлик” минтақавий марказнинг директори Ўрўзбек Мўлдалиев.



Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар ҳал қилинмаган чегараолди ва сув-энергетик муаммолар билан доим тундлашиб келган. Қирғизистон ҳудудида Россия ҳарбий базасининг жойлаштирилиши Тошкентни ғашига тегадиган навбатдаги баҳона бўлиб қолди.



“Муаммоларнинг муболағалашуви турган гап, аммо қарама-қарши фикрлар учун сабаблар етарли, - дейди комил ишонч билан эксперт. – Шунинг учун ҳам битим [узил-кесил] имзоланаётганда, барча манфаатдор мамлакатларнинг позициялари эътиборга олиниши лозим”.



Мўлдалиев шунингдек, Тошкентнинг собиқ шўролар блокидан – Мустақил Давлатлар Ҳамжамиятидан “чиқиб кетиши” муқаррарлигини башорат қилмоқда. Унга кўра, ғарб дипломатияси ҳамда сўнгги пайтда Тошкентга серқатнов бўлиб қолган АҚШ ва Европанинг юқори мартабали элчилари бу нарсага фаол равишда кўмак бермоқдалар.



Ўзбекистонлик бошқа таҳлилчиларнинг айтишича, Марказий Осиё минтақасида террорчилик таҳдиди ҳозирча унчалик катта эмас. Шунинг учун ҳам янги ҳарбий базанинг очилиши Кремлнинг Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлиги борасидаги қайғуриш каби эзгу ниятидан кўра кўпроқ ўзининг геосиёсий муаммоларни ҳал қилишга уринаётганга ўхшайди.



“Кант шаҳрида битта база борку, иккинчи базани нима кераги бор бизга? – дейди Фарғонадаги номи ошкор бўлишни истамаган NBCA шарҳловчиларидан бири. – Ахир икс дақиқаси етиб келганда ўша база барча кучларини ишга сололмайдими? Ахир уни шунинг учун яратилмаганмиди? Унинг потенциали етарли эмасми?”



Гап 2003 йилда Бишкекдан унчалик узоқ бўлмаган жойда Россияга тарафкаш Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ҳарбий-сиёсий блоги ҳомийлиги остида тузилган ҳарбий ҳаво базаси ҳақида кетмоқда. Унда тўрт мингга яқин ҳарбий хизматчи ҳамда ҳужумкор авиация учоқлари жойлаштирилган.



Минтақа мамлакатлари бир неча бор террористик хуружларни бошидан кечирганлар ва ҳар доим ўзларининг шунга махсус ўргатилган миллий аксилтеррорчилик кучларини ишга солганлар. Бу бўлинмалар ўз олдиларига қўйилган вазифани доим муваффақият ила уддалаб келган, дея қайд этадилар NBCA таҳлилчилари.



Мисол учун, экстремистик жангарилар гуруҳи 1999 ва 2000 йилларда Қирғизистоннинг Баткен вилоятига бостириб кирганида, 1999, 2002 ва 2004 йиллларда Тошкентдаги террорчилик актлари содир этилганида ҳамда 2009 йил май ойида Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзо бўлган жангарилар иштирокида Хонобод ва Андижон шаҳрида портлашлар уюштирганида мазкур давлатлар ўша муаммоларни ўз кучларига таяниб мустақил равишда, ташқи кучлар аралашувисиз ўзлари ҳал қилишга эришгандилар.



“Таҳдидлар кўлами террорчиларга қарши дивизия ёки батальонлар ташлайдиган даражада эмас”, - дея қайд этади тошкентлик сиёсат фанлари номзоди Фарҳод Толипов.



У Москва ва Бишкек ўртасида битим расман имзолангунича кутишни тавсия этмоқда. Негаки, ўша пайтгача амалга оширилиши режаланган нарсаларни яна қайтадан ўйлаб кўриш учун вақт бор.



“Эҳтимол Кремль ва КХШТ доирасида Россия ҳарбий базасини [Қирғизистон] жанубида жойлаштириш тўғрисидаги ишонарли бўлмаган қарори борасида яна бир ўйлаб кўриб, балки ниятларидан воз кечарлар”.



Боз устига, ўтган кузда Қирғизистон расмийлари Бишкекнинг халқаро “Манас” аэропортида жойлашган аксилтеррорчилик коалиция кучларига қарашли авиабазанинг ёпилишини эълон қилингани каби ҳодиса ҳозирча унутилгани йўқ.



“Қирғизистон ҳукумати ўша ноўрин ва бемаврид қарорни Америка Қўшма Штатлари Афғонистондаги вазиятни тартибга солишга ёрдам сўраб Марказий Осиё мамлакатларига мурожаат қилган пайтида қабул қилган эди, - дея эслатади Толипов. – Аммо [қирғизистонлик] расмийлар ўз хатоларини тушундилар ва бошқа қарор қабул қилдилар, шундан кейин база ўз фаолиятини бошқа мақом остида давом этадиган бўлди”.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)
Central Asia
Frontline Updates
Support local journalists