Ўзбекистон: Расмийлар диний никоҳларнинг кўпайиб кетаётганидан ташвишланиб қолдилар

Ўзбекистон: Расмийлар диний никоҳларнинг кўпайиб кетаётганидан ташвишланиб қолдилар

Thursday, 15 January, 2009
, мусулмонларнинг диний эътиқодига ҳос бўлган «никоҳ» маросимларини кўпроқ афзал кўрмоқдалар. Аммо юридик ҳужжат олинмай тузилган оилавий ҳаёт мустаҳкамроқ бўлиб қолмаяпти, дея қайд этишмоқда NBCA шарҳловчилари.



Ўзбекистондаги 12. uz Интернет портали 2009 йил 5 январь куни президент Ислом Каримов кўрсатмасига биноан «ажралишларнинг олдини олиш ва никоҳни расмий идораларда қайд этмай диний маросимларга асосан оила тузилишининг олдини олишга» йўналтирилган тушунтириш кампаниясининг бошлангани ҳақида хабар берган эди.



Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг хабар беришларича, расмийлар никоҳларини юридик жиҳатдан расмийлаштирмаган оилалар ўртасида ажралишлар сони кўпайиб бораётганидан ташвишга тушиб қолганлар. Бу вазиятда ажрашган эр-хотинлар, анаиқроғи, кўпроқ аёллар амалда ҳеч вақосиз қолмоқдалар.



NBCA томонидан сўралган баъзи шарҳловчилар ҳам аҳволга бундай баҳо берилишига қўшилмоқдалар. Уларга кўра, оила фақат диний никоҳ асосида тузиладиган бўлса, эр-хотинлар келгусида бир қатор юридик муаммоларга дуч келишлари мумкин.



«Агар оила масжидда ўқитилган никоҳ асосида тузилган бўлса-ю, эр-хотин ажрашадиган бўлсалар, ажрашув ҳуқуқий нуқтаи назардан эътиборга олинмайди ва томонлар ҳеч нарсага даъво қила олмайдилар», - дейди Жаҳонгир исмли 19 ёшли тошкентлик йигит.



Бу йигит тез кунлар ичида уйланмоқчи ва никоҳни расмий равишда қайд этиш учун тегишли идораларга ариза бериб бўлган. Унга кўра, ёш келин-куёвлар ўзларининг муносабатларини юридик жиҳатдан расмийлаштириб олишлари лозим. Келгусида кўзда тутилмаган нохуш вазиятларга дуч келиб қолишни истисно қилмаётган бўлажак келин-куёвлар шу йўл билан ўз ҳуқуқларини белгилаб олмоқчи бўладилар.



«Мисол учун, келин-куёвлар ажрашадиган бўлсалар, эр-хотиннинг ҳар бири умумий мулкни тақсимлашга ва болаларни тарбиялашда иштирок этишга даъво қила оладилар», - дейди у.



Тошкентда истиқомат қилувчи 26 ёшли Чарос ҳам расмий никоҳдан ўтиб эрга теккан. Унга кўра, расмий никоҳ эр-хотиннинг оила ва болалар учун ўзаро масъулиятини белгилаб беради. Диний никоҳ асосида тузилган оила эса кишининг чин сўзига таянган ҳолда мавжуд, холос.



«Фақат масжидда никоҳ ўқитиб ўйланган кўпчилик йигитлар оиладаги ўз вазифаларига масъулиятсизлик ила ёндошадилар. Улар уч марта «талоқ» дейиш билан осонгина кўнглига ўтирмаган аёлдан қутилиб қоламан деб ўйлайдилар”, - дейди Чарос.



Никоҳ расмий идораларида қайд этилган ҳолатларда эса ажрашмоқчи бўлган эр-хотинларга ўйлаб кўриш учун маълум бир муддат берилади. Бу муддат ичида улар ўз қарорларини ўзгартиришлари ва шу йўл билан оилаларини сақлаб қолишлари мумкин, дея қўшиб қўйди аёл.



Аммо бошқа шарҳловчилар иймонли икки инсоннинг Қуръон кўрсатмалари бўйича ва диний никоҳ асосида тузилган оилалари расмий никоҳлар асосида тузилган оилалардан ҳам мустаҳкамроқ бўлиши эҳтимолига ишора қилмоқдалар. Чунки бундай инсонлар оила қуриш учун никоҳ ўқитишдан аввал ўйлаб иш тутадилар ва Аллоҳ ҳузурида онт ичадилар.



Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи Омина эндигина 18 ёшга кирган бўлишига қарамай, турмуш қураётганида куёви билан фуқаролик ҳолатини қайд этиш ва ёзиш бўлимига (ЗАГС) бориб ўтирмади. Негаки, у буни ортиқча деб билди ва мусулмонларга ҳос «никоҳ» маросими билан чекланиб қолди.



«Исломда давлат идораларига бориб никоҳни расман қайд этиш буюрилмаган», - дейди ёш муслима келинчак.



27 миллионлик Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоизини Қуръон томонидан буюрилган амалларнининг барчасига риоя қилувчи мусулмонлар ташкил этса ҳам, никоҳни расман қайд этмай диний ришталар асосида ҳаёт кечириш келин-куёвлар учун қийин кечади, дея қайд этадилар ҳуқуқ ҳимоячилари



Никоҳнинг қайд этилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг йўқлиги важидан ёш оилалар ўз ҳуқуқлари борасида ҳам чекланиб қоладилар. Улар турар-жой сотиб олиш учун ипотека кредитлари ёки хусусий бизнесни ривожлантириш учун банклардан қарз ола олмайдилар,



Бундан ташқари, диний никоҳ асосида тузилган оилада фарзанд туғиладиган бўлса ҳам расмий никоҳ гувоҳномасиз чақалоққа метрика олишда бир қатор қийинчиликлар туғилади.



Шунинг учун ҳам экспертларнинг прогноз қилишларича, диний урф-одатларга кўра никоҳ ўқитиб яшаётган ўзбекистонлик мусулмонлар барибир, пировардида тегишли идораларда расмий равишда никоҳларини қайд этишлари муқаррар.



«Диний урф-одатларга мувофиқ тузилган оила кейинроқ, муносабатларининг мустаҳкамлигига ишонч ҳосил қилганидан кейин албатта ЗАГСда никоҳларини қайд этиб оладилар», - дея ишонтиради Тошкентда жойлашган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларининг ташаббус гуруҳининг раиси Сурат Икромов.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)





Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists