Ўзбекистон: Расмийлар болаларнинг эксплуатацияси учун жаримага тортмоқчилар
Ўзбекистон: Расмийлар болаларнинг эксплуатацияси учун жаримага тортмоқчилар
Қонун лойиҳаси 3 ноябрь куни Олий Мажлиснинг (мамлакат парламенти) Қонунчилик (қуйи) палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда кўриб маъқуллаш учун Сенатга (юқори палата) жўнатилган.
Қонун “болаларнинг соғлиғига ва хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган ноқулай шароитларда” балоғатга етмаган болаларнинг меҳнатидан фойдаланган иш берувчилар ва ота-оналар жавобгарлигини белгилаб беради.
Ҳозирча маъмурий жавобгарлик даражаси аниқ белгиланмаган, бироқ, NBCA манбаларининг маълум қилишича, қонунни бузган шахсларни йирик миқдорда жаримага тортиш режаланмоқда.
Янги қоидалар сентябрь ойида ратификация қилинган “Болалар эксплуатациясининг энг ёмон шаклларининг илдизини қуритиш тўғрисида” ва “Болаларни ишга қабул қилишнинг минимал ёши тўғрисида” дея номланган халқаро Конвенцияларини ҳаётга татбиқ қилиш бўйича Миллий режага мувофиқ расмийларнинг ташаббуси билан киритилмоқда. АҚШ ва Буюк Британиянинг энг йирик тўқимачилик маҳсулотлари импортчилари томонидан ўзбек пахтасига бойкот эълон қилганларидан сўнг Ўзбекистон мазкур конвенцияларга қўшилишга мажбур бўлган.
Улар 2007 йилда расмий Тошкентни болаларни пахта плантацияларида мажбуран ишлатаётганларига қарши норозилик сифатида ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотларни сотиб олмасликни тавсия қилдилар. Мамлакатда болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш амалиёти кенг кўламда тарқалгани ва пахта терим мавсумида ҳатто 8-9 ёшли болаларнинг далаларга чиқарилиши уларни ғазаблантирди.
Ушбу босим натижасида Ўзбекистон расмийлари 15 ёшгача бўлган болаларни пахта теримига жалб этишни тақиқлагандай ҳам бўлдилар, маҳаллий ҳокимият идораларида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида махсус ишчи гуруҳлари тузилди.
Бироқ, болалар меҳнатидан фойдаланишни тўла кўламда тўхтатиб бўлмаса керак ва кўринишидан, бу нарса яширин тарзда рағбатлантириб келинмоқда, дея қайд этадилар кузатувчилар.
Ўзбекистоннинг шарқий вилоятларида болалар меҳнати муаммоларини ўрганиш билан шуғулланаётган муҳожирликдаги ҳуқуқ ҳимоячи Аҳмаджон Нормирзаев NBCA билан суҳбат давомида қуйидагиларни айтди: “Расмийлар баралла овоз ила болалар меҳнатига қарши курашамиз, дея билдирмоқдалар. Кейин бўлса, ходимларига [пахта терим планини] ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам бажариш керак деб айтадилар”.
Суҳбат давомида эксперт 2008 йил пахта терим кампаниясини эслади. Ўшанда, Ўзбекистон болалар меҳнатини тақиқловчи халқаро конвенцияларни ратификация қилиб бўлиши биланоқ, маҳаллий ҳокимият идоралари буйруғига асосан, мактаб ўқувчилари пахта далаларида пайдо бўлдилар, дейди у.
Болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиёти бу йил ҳам давом этди: май ойида чигит экиш бошланганида мактабларда дарслар тўхтатиб қўйилди ва ўқувчилар далага олиб чиқилди. Мустақил оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ ҳимоячилари сентябрь ойи ўрталарида пахта терим мавсуми бошланиши билан далаларда яна пахта тераётган болалар пайдо бўлгани ҳақида хабар бера бошладилар. Мактаблар учун эса пахта териб топширишга норма белгилана бошланди. (Ўқинг: Ўзбекистон: Пахта далаларида болалар меҳнатидан воз кечиш мумкинми?, 2009 йил 28 сентябрь).
Наманган вилояти Чуст туманидаги ўн беш ёшли мактаб ўқувчисининг онаси Сайёра қуйидагиларни сўзлаб берди: “9-чи синфда ўқийдиган ўғлимнинг бўйраги қаттиқ оғриб қолди. Шунга қарамай, уни пахта тергани чиқишга мажбур қилдилар. Акс ҳолда, мактабда унинг боши муаммолардан чиқмай қолар эди, ўқитувчилар унинг баҳоларини сабабсиз пасайтиришлари мумкин”.
Ҳамма ерда катталар болаларни эксплуатация қиладиган вазият мавжуд экан, янги маъмурий жазо чораларининг жиловловчи омил бўлиб хизмат қилишига умид жуда ҳам кам, дейишади шарҳловчилар. “Пахта тергани қишлоқ мактабларининг ҳатто учинчи синф ўқувчилари ҳам чиқдилар, - дея қайд этади муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик мустақил сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев. – Янги [маъмурий жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги] қонуннинг бажарилишига кафолат борми ўзи?”
Рўйхатга олинмаган Ўзбекистон Ҳуқуқ ҳимоячилари Альянсининг фаол аъзоси тошкентлик Олег Сарапулов болаларнинг пахта даласида ишлашини мониторинги билан шуғулланади. Унга кўра, расмийлар ҳозирча болаларнинг арзон қўл кучидан воз кеча олмайди. Негаки, асосий экспорт даромади келтирувчи пахта ҳосилининг теримида айнан улардан фойдаланадилар.
Аммо, кўринишидан, Тошкент ўз зиммасига олинган мажбуриятларни бажараётганини дунё ҳамжамиятига кўрсатиш учунгина декларатив қонунларни қабул қилмоқда.
“Қонун бошқа мамлакатларга гўёки бизда демократия ривожланаяпти, инсон ҳуқуқлари атрофидаги вазият яхшиланмоқда дейиш учун яратилганга ўхшаяпти, - дейди Сарапулов. - Бироқ, мен ушбу қонуннинг амал қилмаслигига кўпроқ ишонаман”.
NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)