Ўзбекистон: ҳукуматпарвар партияларнинг зерикарли сайлов кампанияси

Ўзбекистон: ҳукуматпарвар партияларнинг зерикарли сайлов кампанияси

Monday, 8 March, 2010
.



Ўзбекистон Олий Мажлиси (парламент) Қонунчилик (қуйи) палатасига депутатларнинг сайлови 27 декабрь куни бўлиб ўтади.



Сайловлар янги сайлов қонунчилиги асосида, пропорционал система бўйича ўтади.



Парламентдаги 150 та ўринга беш юз ўн еттита номзодлар даъвогарлик қилмоқдалар. Улар Адолат Социал-демократик партияси, Миллий Тикланиш Демократик партияси, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси, Тадбиркорлар ҳаракати- Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан ҳамда Ўзбекистон Экология ҳаракатидан рўйхатга олинганлар.



Экологлар учун ўн бешта ўриндан иборат алоҳида квота ажратилган



Овоз бериладиган кунга уч ҳафта қолганига қарамай, номзодларнинг фаоллашиб қолгани сезилмаяпти, кўчаларда олдинги сайловларда қўлланиб келинган кўргазмали ташвиқотнинг кўркам баннер ва реклама плакатлари кўринмаяпти.



“Баъзи-бир, унчалик кўзга ташланмайдиган жойларда А-3 форматдаги қоғоз эълонлари ёпиштирилган, уларда сайлов ўтадиган сана ҳақида айтилган, холос, - дейди тошкентлик одамлардан бири. – Бироқ улар қандайдир, унча кўзга ташланмайдиган, ҳудди ниқобланганга ўхшайдилар. Оқ қабатда, шрифт оқ ёки оч кўк, қорачизиқ билан чекланган. Атайлаб қидирмасангиз, уларни топиш ҳам қийин”.



Номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари ҳам камёб ҳодиса бўлиб қолди.



“Ўзимизнинг маҳалла фуқаролар йиғинида [ўзини-ўзи бошқариш идораси] депутатликка номзодлар билан учрашувлар ўтказилгани ҳақида ҳозирча ҳеч нарса эшитганим йўқ, - дейди маҳаллий журналистлардан бири. – Вилоятларда ҳам бундай учрашувлар ўтказилгани ҳақида маълумотлар йўқ”.



Ўзбекистонда сайловолди ташвиқоти расман 21 ноябрь куни бошланган. Давлат телевидениеси номзодларнинг якка тартибдаги чиқишларини намойиш этаяпти, партиявий газеталар эса уларнинг сайловолди платформаларини чоп этишмоқда. Бироқ сайловчиларнинг айтишларича, бу етарли эмас ва улар номзодларнинг ҳамда уларнинг дастурлари билан яхши таниша олмаяптилар.



“Олдинги, 2004 йил [парламент] сайловлари билан солиштирганда, ҳозиргиси халқ орасида “сокин” ва “зерикарли” деган ном олди”, - дея қайд этади Тошкентдани шарҳловчи.



Мисол учун, беш йил илгари Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеп) анча фаол ташвиқот юритган, иқтисодиётда бозор ислоҳотларини ўтказиш ҳамда фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ваъдалар берувчи баландпарвоз шиорларни кўтариб чиққан эди. Сайловчиларда таассурот қолдириш учун эса, сайловолди ташвиқотига таниқли спортчилар жалб қилинган эди.



“Расмийлар бу сафарги сайловолди кампаниясини энг кам харажатлар билан, ортиқча шовқин-суронсиз ўтказишга қарор қилганга ўхшайдилар”, - дея хулоса қилади суҳбатдош.



Бироқ сайловларни ташкил этишга яқиндан қатнашган Ўзбекистон ҳукумати мутасаддиларидан бирининг тушунтиришича, сайловолди кампаниясида номзодларнинг сусткашлигини давлат томонидан партияларга каттароқ эркинлик беришга уриниши билан боғлиқ экан.



“Биз эркин, демократик сайлов ўтказяпмиз, - дейди номи ошкор бўлишини истамаган мутасадди. – Шунинг учун ҳам давлат сайлов ишларига ошиқча аралашмаслиги лозим. Президент Каримов партияларга фуқаролик жамияти қурилиши бўйича каттароқ ташаббус билан чиқиш ҳамда сиёсий ҳаётда иштирок этиш имкониятини тақдим этган экан, уларнинг ўзлари фаолроқ ҳаракат қилишлари керак-да. Фуқароларга ҳам шу гап тегишли”.



Бошқа шарҳловчиларнинг сайловолди платформаларини таҳлилига таянган ҳолда тахмин қилишларича, сайловларда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг ҳукуматга тарафкашлик курслари уларнинг реклама ва ташвиқотларини мутлақо кераксиз қилиб қўйди.



Мисол учун, Либерал-демократик партиясининг сайловолди платформасида кўрсатилган мақсадлардан бири - фермерларни қўллаш ва улар учун яхшироқ шароитлар яратиш бўлиб қолган, бироқ буни қандай қилиб амалга оширилиши ҳақида аниқлик киритилмаган.



“Расмийлар мажбурий коллективлаштириш ўтказганларида, ҳозирги Олий Мажлисда энг кўп сонли бўлган гуруҳ [ЎзЛиДеП] ўтган йили фермерларнинг ҳуқуқлари поймол этилишига эътибор ҳам бериб ўтирмади. Энди улар сайловчиларнинг олдига қандай юз билан борадилар?” – дея ғазабланади мамлакат марказидаги Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи шарҳловчи.



“Миллий тикланиш” партиясининг сайловолди платформаси “марказий ва маҳаллий давлат бошқарув идоралари қарорларининг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишни” декларация қилмоқда.



“Бироқ улар буни қандай қилиб бажармоқчилар? Бу ҳақда ҳеч ким изоҳ бермаяпти”, - дея қўшиб қўйди шарҳловчи.



Ушбу партия аъзолари сайловчиларнинг эътиборини жалб этишга уринган ягона бир нарса -партиянинг етакчиси Ахтам Турсунов телевидение орқали чиқиб, “Миллий тикланиш” “тўй ва тантаналарни ортиқча дабдабабозликлар билан ўтказилишига” қарши эканликларини билдиргани бўлди.



“Партиялардан бирортаси ҳам аҳолининг аксарият қисми манфаатига тегишли реал муаммолар ҳақида эслаганлари ҳам йўқ, - дея қайд этади самарқандлик кузатувчи. – Шу вақтнинг ўзида эса [сайловолди] платформалари президент Каримовнинг иқтибослари ва ғоялари билан тўлиб-тошиб кетган”.



Муҳожирликка юз тутган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевга кўра, мамлакатда мавжуд ижтимоий ва иқтисодий муаммоларнинг мавжудлиги боис расмийлар лоқайд сайлов кампанияси давомида “халқни ортиқча жонлантиришни” истамаган.



Бундан ташқари, таҳлилчига кўра, чўнтак партияларининг ғоялари бири-бирига ўхшаганлиги важидан уларга на реклама ва на ташвиқотнинг кераги йўқ.



“Улар сайловчиларнинг эътиборини ўзларига қаратишни истамаяптилар”, - деди у.



Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод этиб кўрсатилган Муҳаммадюсуф Тешабаев эса сиёсатшуноснинг бу фикрига қўшилмаяпти.



“Тўртта сиёсий партияларнинг барчаси ўз кўринишига эга, уларнинг ҳаммаси турлича, - дея эътироз билдиради у. – Ҳар бир партия ўзнинг кўз қарашига эга, уларнинг у ёки бу сиёсий ва иқтисодий масалаларга ўз муносабатлари бор, бундан манфаатлар тўқнашуви келиб чиқиши турган гап”.



Тешабаев интервьюда муқобил фикрлар “фақат фаол демаршларда” изҳор этилмайди, дея қўшиб қўйди.



“Ўзбекистон сиёсий тизимининг алоҳида хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, бу жараёнлар бизда бошқача шаклда кечади”, - дея хулоса қилади номзод.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)





Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists