Ўзбекистон: Интернет оммалашувининг ошиши

Ўзбекистон: Интернет оммалашувининг ошиши

2011 йилда Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сонининг шиддат билан ошиши қайд этилди. Виртуал тармоққа эътиборнинг ортиши Интернетга кириш имкониятининг кенгайиши, маҳаллий интернет-платформаларнинг пайдо бўлиши ва техник имкониятларнинг ривожланиши билан боғлиқ.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги маълумотларига кўра, 2011 йил охирида 7,9 миллион юзер (фойдаланувчи) қайд этилган бўлиб, уларнинг бешдан бир қисмини мобил Интернетдан фойдаланувчилар ташкил қилади. 2011 йил бошидан буён эса ҳаммаси бўлиб 28 миллион аҳолиси бўлган мамлакатдан 500 минг киши виртуал тармоққа уланди. Қиёслаш учун: уч йил аввал Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони бундан етти баробар кам эди.

Америка овози, Озодлик радиоси, IWPR ва бошқа кўплаб мустақил ва мухолифат ресурсларини блокировка қилиш давом этаётгани ҳамда Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқларга кириш чекланганига қарамай, Ўзбекистондаги кибер-цензура Интернетнинг жадал ривожланиши ва одамларнинг виртуал ахборотга бўлган қизиқишига монеълик қилолмаяпти. Юзерлар прокси-серверлар ва бошқа айланиб ўтиш йўналишларидан фаол фойдаланмоқдалар.

Ижтимоий тармоқларга қизиқиш ошиб бориши қабатида Ўзбекистоннинг ўз мулоқот майдончалари пайдо бўла бошлади, аммо улар сиёсатдан ҳолидир. Сентябрь ойида Muloqot.uz лойиҳаси ишга туширилди. У, фойдаланувчилар фикрича, аввал-бошдан маҳаллий доирада Facebook ва Twitter тармоқларига рақобатчилик қилишга маҳкум эди, чунки бу тармоқлар ўзбекистонликлар орасида тобора оммалашиб бормоқда. Экспертлар виртуал оламга чиқаётган одамлар фақат кўпроқ маълумот олиш учун эмас, балки ўз мамлакатидаги турмуш ҳақида ҳам гапириб беришга уринаётганларини айтадилар.

“Турли ресурсларда кўплаб блоглар пайдо бўлди, асосан ёш блогерлардан иборат бу кишилар замонавий Ўзбекистон ҳақида ҳикоя қиладилар, мен бу ёш ташаббускорларни биламан, уларда нималарнидир ўзгартириш истаги борлиги кўриниб турибди”, - дейди Infocom интернет-журнали бош муҳаррири тошкентлик Александр Сучков.

Бошқа мамлакатларнинг Интернет-аудиторияси Ўзбекистоннинг туристик жиҳатдан эътиборга сазовор жойлари ва ўзбек ёшларининг турмуши ҳақидаги постларни жон деб ўқийди, дейди у.

Ҳозирги пайтда маҳаллий юзерлар орасида torg.uz, from.uz, olam.uz, itforum.dev.uz, shov-shuv.uz, gotovim.uz, chat.uz, girls.uz сингари асосан кўнгилочар характерга эга бўлган ўнга яқин интернет-платформалар машҳур.

Ўзбекистонликлар маҳаллий форумларда сиёсий масалалар юзасидан ўз мулоҳазаларини айтишдан тийилади, чунки бунинг оқибати улар учун яхши бўлмаслиги мумкин.

13 йил мобайнида фаолият кўрсатиб, ўтган йилнинг декабрь ойида ўз фойдаланувчилари хавфсизлиги андишасида ёпилган arbuz.com форуми маълум бир муддат долзарб муаммоларни муҳокамаси учун майдон бўлиб хизмат қилгани билан фарқланарди. Аrbuz.com Қирғизистон жанубидаги миллатлараро тўқнашувлардан кейин айниқса жуда оммалашиб кетди. Ўша пайтда юзерлар бу воқеаларга алоқадор миллиондан ортиқ хабар қолдирган бўлиб, уларнинг аксариятида Ўзбекистон раҳбариятининг содир бўлган воқеаларга муносабати юзасидан танқидий фикрлар билдирилганди.

Февраль ойи ўрталарида маҳаллий фойдаланувчилар араб дунёсидаги норозилик намойишлари таъсири остида Миср ва Ливиядаги инқилобларни фаол муҳокама қила бошлашгач, Ўзбекистон махсус хизматлари шарҳлар қолдирилган IP-манзиллар орқали шарҳ ёзганларни топиб, бир неча кишини ҳибсга олганди.

Бироқ одамлар тушкунликка тушмаяптилар ва янги интернет-майдончалар очилишини кутаяптилар.

“Ҳозир ахборот йиғадиган жойлар етарли ва истаган киши узнет кенгликларида ҳар доим ўз фикрини айтиб олиш имкониятига эга”, - дейди маҳаллий блогер Марат Қосимов.

Бу йил халқаро канал бўйича Интернетга киришнинг умумий тезлиги Ўзбекистонда икки баробар ошди, аммо у қўшни Қирғизистон ва Қозоғистондаги Интернет тезлиги билан солиштирганда ҳамон пастлигича қолмоқда.

Бундан ташқари, трафик ҳали ҳам анча қиммат, унинг 1 гигабайти ташкилотлар учун тақрибан 30 доллардан 100 долларгача туради. Оддий ўзбекистонлик интернет-кафелар хизматларидан фойдаланиши ёки уйига алоҳида линия ўтказиши мумкин. Интернет-кафеларда глобал тармоқда бир соат ишлаш ўртача уч минг сўмга (тақрибан 1 АҚШ доллари) тушади.

ADSL-провайдерларидан бирининг энг оммабоп тарифи ойига 25 доллар эвазига 128 Кб/с тезликда 3,5 гигабайтлик трафик тақдим этади.

“2011 йилда Ўзбекистонда Интернет сезиларли даражада олға силжиди ва биз ўзбек Интернетининг келажаги ҳақиқатан ҳам яхши эканини кўраяпмиз”, - дея қўшимча қилади Сучков.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
 

Media
Frontline Updates
Support local journalists