Ўзбекистон: АҚШ дипломатияси инсон ҳуқуқлари соҳасида кўпроқ ютуқларга эришиши мумкин

Ўзбекистон: АҚШ дипломатияси инсон ҳуқуқлари соҳасида кўпроқ ютуқларга эришиши мумкин

; уларга кўра, расмий Тошкент ҳозирча фақат ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевани озод қилишдек хўжакўрсинга, якка тартибдаги акцияларни ўтказишга тайёр, холос.



АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Ричард Баучер ўзининг Ўзбекистонга бўлиб ўтган ишчи ташрифи ва мамлакат раҳбарияти билан суҳбатлари натижалари бўйича Тошкентда 2 июнь куни ўтказган матбуот анжуманида мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида “прогресс бор” дея билдирди.



У мамлакатда ўлим жазосининг бекор қилинишини ва шу йилнинг бошида қамалган бир неча сиёсий маҳбусларнинг турмалардан чиқарилишини муваффақият деб атади.



Матбуот анжумани ўтказилган куни ўзбекистонлик расмийлар кутилмаганда 2006 йил охирида озодликдан маҳрум этилган Мўътабар Тожибоевага нисбатан қўлланган жазо чорасини шартли муддатга алмаштириб қамоқдан чиқариб юбордилар.



Баучер, шунингдек, ҳуқуқни ҳимоя қилиш мавзуси АҚШ Давлат департаменти ва президент Ислом Каримов ўртасида бундан кейин ҳам мунозара предмети бўлиб қолишини ҳамда Вашингтон Ўзбекистон ҳукуматини демократияни ривожлантириш, фуқаролик жамияти ва матбуот эркинлиги соҳасидаги ўз мажбуриятларини бажаришига ундаб келишга ҳаракат қилишини айтди.



Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришига кўра, Вашингтон Тошкент билан негизини Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги декларация ва 50 та икки томонлама ҳужжатлар ташкил этган 2002 йилги келишувларининг юридик асосида ҳамкорликни ривожлантиришмоқчи.



Расмий Тошкент 2005 йил 13 май кун Андижон воқеаларининг мустақил халқаро текширувини ўтказиш ҳақидаги Ғарбнинг талабларини бажаришдан бош тортганидан кейин АҚШ билан муносабатлар кескин равишда ёмонлашиб кетди. Ўзбекистон расмийлари Хонободдаги АҚШ ҳаво базасини ёпиб қўйдилар ва Афғонистонга ҳарбий парвозлар учун ўзининг ҳаво ҳудудидан фойдаланишни тақиқлаб қўйдилар.



NBCA сўровдан ўтказган шарҳловчилардан бир қисми Баучернинг ташрифи АҚШнинг Ўзбекистонда сиёсий иштирокининг сезиларли даражада янгиланишини ҳамда нодавлат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича эксперт-маслаҳат ташкилотлари фаолиятининг муҳталам фаоллашувини англатишини тахмин қилишмоқда.



Аммо маҳаллий фуқаролик фаолларининг аксарияти ҳозирча бундай оптимистик кайфиятларга қўшилмаяптилар ва радикал ўзгаришларга алоҳида умид боғламаяптилар.



“Каримовнинг авторитар режими яқин ўтмишдаги Ғарб билан яқиндан бўлган муносабатлардан ўзининг шахсий хулосаларини чиқариб бўлган ва эндиликда АҚШ томонидан жорий қилинаётган демократик тенденциялар Ўзбекистон раҳабарининг ички сиёсий режаларига мос келадиган тезлик ва йўналишда бўлишига ҳаракат қилади”, - дейди NBCAнинг Тошкентдаги шарҳловчиси.



АҚШҳукумати расмий Тошкент билан кейинги ҳамкорлигини фақат Афғонистон бўйича муносабатлар ва бошқа геосиёсий манфаатлар контекстида ривожлантиради, дея кўрсатаётган медиа-кузатувчилардан бири ҳам унинг фикрига қўшилмоқда.



Францияда жойлашган Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси президенти Надежда Атаеванинг айтишича, Вашингтон ҳозирча мамлакатдаги вазиятни ва Каримовнинг аҳволини ўрганмоқда. Икки томон ҳам бир-бирларининг позицияларини билишга қизиқаётгани боис Вашингтон ҳозирча ноқулай масалаларни кўтариб чиқмайди.



“Бир нарсани ишонч билан айтиш мумкин: АҚШ 2001 йилдан 2005 йил май ойигача Ўзбекистон ҳукуматига таъсир кучига эга бўлган каби давр қайтиб келмайди”, - дея таъкидлайди Атаева.



Аммо, Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи етакчиси Суръат Икромовга кўра, америка дипломатияси мамлакатда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни яхшилаш борасида Ўзбекистон ҳукуматига таъсир кўрсатиш салоҳиятига эга ва унинг айтишича, амалда диалог бошлайдиган вақт етиб келди.



“Америкалик сиёсатчилар оддийгина қилиб Каримов олдида Ўзбекистонда репрессияларни тўхтатиш тўғрисидаги масалани кўндаланг қўядиган пайт етиб келмадими? Ана ўшанда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларнинг аксарияти ҳал бўлган бўларди”.



У Ўзбекистон турмаларида аввалгидек ўн тўртта ҳуқуқ ҳимоячиси ва сиёсий сохталаштирилган жиноят ишлари бўйича айбдор деб топилган қирққа яқин одам ўтирганини эслатмоқда. Бундан ташқари, бошқа маҳкумлар қариндошларининг қийноқлар ва ноқонуний ҳибсга олишлари тўғрисидаги шикоятлар тингани йўқ, оддий фуқаролар эса ўзгача фикрлагани учун ҳали-ҳамон таъқиблардан қутилмаяптилар.



Унга кўра, Баучернинг Ўзбекистонга ишчи ташрифи пайтида ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг озод қилиниши расмийларнинг “сиёсий манёври”дан бошқа нарса эмас.



“Расмийлар шу каби ҳаракатлари билан гўёки халқаро ҳамжамиятнинг талабларини бажараётганларини намойиш эта бошлайдилар. Бу каби сиёсий чайқовчиликлар ҳозиргача давом этмоқда”, - дейди Икромов.





(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists