Ўзбек махфий хизматлари Россияда эркин ҳаракатланмоқдалар

Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институти “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастурининг раҳбари Елена Рябинина билан интервью.

Ўзбек махфий хизматлари Россияда эркин ҳаракатланмоқдалар

Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институти “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастурининг раҳбари Елена Рябинина билан интервью.

Russian human rights defender Yelena Ryabina. (Photo courtesy of Ye. Ryabina)
Russian human rights defender Yelena Ryabina. (Photo courtesy of Ye. Ryabina)

2012 йил декабрь ойида Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати вакиллари Россия ҳудудида судланган ўзбекистонликларни сўроқ қилаётгани ва қийноққа солаётгани ҳақида маълум қилди. Ана шундай сўроқлардан бирининг натижасида 19 ёшли Абдусамат Фазлиддинов ўз жонига қасд қилди. 

Шунингдек, “Мемориал” маълумотларига кўра, 2012 йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Калининград вилоятидаги манзил колонияда жазони ўтаётган Латиф Жалолбоевни дўппослаб, шафқатсиз сўроққа тутганлар, уни Ўзбекистонга экстрадиция қилишлари, шундан сўнг у “қамоқда чириб кетиши”ни айтиб таҳдид қилганлар.

Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институти “Бошпана олиш ҳуқуқи” дастурининг раҳбари Елена Рябинина News Briefing Central Asiaга берган интервьюсида нима учун Россия расмийлари Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари ходимларининг пенитенциар муассасаларга киришлари учун йўл очиб бераётганларини изоҳлайди.

Елена Рябинина: Абдусамат Фазлиддиновнинг фожиали ўлими текширилмай қолиб кетади, деб қўрқаман – ахир у ҳолда Россия расмийлари Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари ходимлари ўзларини Россия ҳудудида ўз уйларида юргандек ҳис қилишларинигина эмас, балки Россия қамоқхоналарига ҳам эркин кириб-чиқаётганларини тан олишларига тўғри келади. Мендаги пессимизм Россияда бошпана изловчиларнинг ўғирланиши ва кейинчалик уларнинг сўраётган давлатга олиб чиқиб кетилиши билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат тегишли тарзда текширилмаганига асослангандир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Маҳмадрўзи Искандаров ва Муроджон Абдулҳақов билан боғлиқ иккита ишда бошпана изловчиларнинг Россия чегарасидан мажбурий равишда олиб ўтилиши Россия Федерацияси расмийларининг бевосита ёки билвосита иштирокисиз содир бўлмаганини аниқлади.

Ўзбекистон махфий хизматларининг Россия ҳудудида эркин ҳаракатланишининг сабаби, ўйлашимча, ўзбек ва рус махфий хизматларининг ноқонуний ҳамкорлиги, уларнинг аксилэкстремистик ва аксилтеррорчилик тадбирлари “имитацияси”да гизланган. Улар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасида тузилган битимларга асосланган бўлиб, бу минтақавий аксилтеррор тузилмаси ходимларига ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳудудларида қарийб назоратсиз ва демакки, жазосиз ҳаракатланиш учун имконият яратади.

Бу қамоқдаги маҳкумларни бориб кўришдагина эмас, балки Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг Россия ҳудудидан ўғирлаб кетилиши ва кейинчалик уларнинг ўз мамлакатларига ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилишида ҳам яққол намоён бўлади. Улар Россия аэропортларидаги чегара, божхона, хавфсизлик назорати кабиларнинг барчасини четлаб, самолётларда олиб кетилаётгани бундай хатти-ҳаракатларнинг таркибига чегара хизмати ҳам кирган Россия Федерал хавфсизлик хизматининг бевосита розилиги билан амалга оширилаётганига шубҳа қолдирмайди.

NBCA: 2012 йилнинг 14 декабрь куни Москва вилоятининг Талдом туманида етти йиллик қамоқ жазосидан сўнг озодликка чиққан Ўзбекистон фуқароси Юсуп Қосимохунов ғойиб бўлди. Ҳуқуқ фаоллари фикрича, уни ўзбек махфий хизматлари ўғирлаб кетишган. Сизнингча, бундай ҳолатлар Россияда тез-тез содир бўлиб турадими?

Рябинина: Бундай одам ўғирлашларнинг тез-тез қайталанишига келсак, афсуски, сўнгги пайтларда улар сони кўпайди. Юсуп Қосимохунов иши эса қарийб бир ойдан бери ҳамкасбларимнинг сусаймаётган оғриғидир.

Мен 2005 йилнинг январь ойидан буён, унинг жиноий иши Россияда кассация тартибида кўриб чиқилиш пайтидан бери, сўнгра бутун 1,5 йиллик экстрадиция жараёни давомида унинг ҳимоячиси бўлганман. Биз адвокатлар Сергей Голубко ва Вадим Панфиловлар билан бирга Россия судларида унинг Ўзбекистонга бериб юборилиши бўйича қарорнинг бекор қилиниши учун қўлдан келган ҳамма ишни қилдик. Аммо бунга ишонч кам қолгач, биз юрист Кирилл Коротеев билан биргаликда Европа судини унинг эстрадициясини тўхтатиш шартлигига ишонтирдик.

Ўтган бир ярим йиллик экстрадиция жараёни давомида биз тергов изоляторида Қосимохунов билан ҳар сафар учрашганмизда озодликка чиққандан сўнг уни ўғирлашга уринишлар бўлишини билиб, бунинг олдини олиш бўйича чораларни муҳокама қилардик. У озодликка чиқадиган пайтига келиб биз ҳаммасини ҳисобга олиб қўйгандик – ҳатто унинг ўз ҳимоячиларисиз тергов ҳибсхонаси ҳудудини тарк этмаслиги тўғрисидаги прокуратурага ёзадиган аризасигача. 14 декабрь куни Қосимохунов ғойиб бўлди.

Шунга қарамай, биз ишлашда давом этаяпмиз –аввалги барча одам ўғирлашлардан сўнг, эртами ё кеч, ҳеч бўлмаганда, ғойиб бўлган одамнинг тақдирини аниқлашга муваффақ бўлардик ва ҳар сафар ўғирлаб кетилган одам уни топширишни талаб қилган давлатдаги қамоқхонада сақланаётган бўларди. Жумладан, Қосимохуновдан бир яримча ойча олдин бизнинг ҳимоямиздаги яна бир киши - Азаматжон Эрмаков Нижний Новгороддаги тергов ҳибсхонасидан озод бўлиш чоғида ғойиб бўлди. Ҳозир у Ўзбекистонда экани бизга маълум бўлди. Сўнгги йилларда ўзбекларни ўғирлаш, жумладан, Россия фуқаролигини олганларни ўғирлаш билан боғлиқ бошқа ҳолатлар ҳам содир бўлган.

NBCA: Сиздаги маълумотларга кўра, ўзбек махфий хизматлари Россиядан бошпана излаётган ўз фуқароларини қўрқитиш учун таҳдиднинг қандай усулларидан фойдаланмоқда?

Рябинина: Улар бошпана излаётган киши ўз хоҳишига кўра қайтишга рози бўлмаса, унинг ўрнига ватанида қолган яқинларига зиён етишини айтиб таҳдид қиладилар.

Европа суди вақтинча чора қўллаган ва аризаси бўйича қарор чиқиши кутилаётган ҳимоямиздаги бир кишига Ўзбекистондан қўнғироқ қилишгани, унинг акаси ҳибсга олинганию, агар у ўзи қайтиб келмаса, акасини қамоққа тиқишлари ҳақида хабар қилишгани маълум.

Ўзбекистоннинг қидирув топшириқлари бўйича Россияда қўлга олинаётган деярли ҳаммани Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари бўлмаган тақдирда, Россия Федерал хавфсизлик хизматидаги ҳамкасблари зиёрат қилишади ва уларга ҳеч қандай адвокату ҳуқуқ фаоллари ёрдам бера олмаслигига ишонтиришга ҳаракат қилишади. Агар киши экстрадициядан қутилиб қолиш учун ҳуқуқий ёрдамдан фаол фойдалана бошласа, кейинчалик ватанида у билан қўшимча “ҳисоб-китоб қилишади”.

Гарчи кўп ҳолатларда биз экстрадицияни бартараф эта олсак-да, одамлар бундай босимга чидай олмай, ҳимоядан воз кечган пайтлар ҳам бўлган. Уларнинг ватанига қайтганидан кейинги тақдири фожиалидир.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

Uzbekistan
Human rights
Frontline Updates
Support local journalists