Ўн икки йиллик таълим коррупциянинг ривожланишига олиб келади
Ўн икки йиллик таълим коррупциянинг ривожланишига олиб келади
Uzmetronom.com веб-саҳифасининг хабар қилишича, 2007 йилнинг сентябр ойидан бошлаб Тошкент ва бошқа йирик шаҳарлардаги ўрта мактабларнинг тўққизинчи синф битирувчилари яна уч йил таълим олишлари учун лицей ёки колледжлардан бирини танлашлари керак.
Бундай таълим муддати таълимни ислоҳ қилиш давлат дастурига мувофиқ равишда амалга оширилмоқда. Бу дастурга кўра, 2010 йилга бориб мамлакат ўн икки йиллик таълимга тўла ўтади.
Авваллари мактаб ўқувчилари ўн бир йил таълим олган бўлсалар, эндиликда тўққизинчи синфни битирган ўқувчилар касб-ҳунар колледжлари ёки академик лицейлардан бирини танлашлари керак бўлади. Мамлакатдаги 510 нафардан ортиқ колледжларда таълим олган ўқувчилар бира тўла бирор касбга эга бўлиб, ишлай бошлашлари мумкин. Саксондан ортиқ бўлган академик лицейлар эса олий ўқув юртларига кириб таълимни давом эттиришга тайёрлайди.
Таҳлилчи Турсунбой Эргашевнинг сўзларига кўра, бундай ислоҳот дастури ўзини оқлайди. Чунки колледж талабалари ўзлари қизиққан билимлар кўламини танлашлари ва керакли дипломни олишлари мумкин.
Янги турдаги ишлаб чиқариш йўлга қўйилганда мамлакат ўзига етарли даражадаги техник мутахассисларни тайёрлаш билан чет эллик мутахассисларга бўлган эҳтиёжга барҳам беради. Масалан, Жанубий Корея автомобилларини йиғиш тизимини ишга туширишда хорижлик мутахассисларга эҳтиёж сезилганди.
Мамлакатнинг деярли барча районларида колледжларни барпо қилиш учун давлат катта миқдорда маблағлар сарфлаган. Бироқ шунга қарамай, у колледжларга талаба етишмайди, чунки кўпчилик ота-оналар ўз фарзандларини колледжга беришни хоҳламаяптилар.
“Собиқ касбий-техник ўрта ўқув юртлари ва ҳозирги колледжлар орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Менинг фарзандим бу ерни битиргач, қаерда ишлайди? Шахсан мен фарзандимни колледжда ўқитмоқчи эмасман. Яхшиси у 9-синфни тугатгач, бўм-бўш колледжда умрини ўткизгандан кўра, бозорга пул ишлагани боради”, − дейди муҳандис Ботир Рўзиев.
Ўқитувчи Доно Абдулазизованинг сўзларига кўра, колледжларнинг барча битирувчиларига давлатнинг иш топиб беришига ишониш қийин.
“Ҳар йили минглаб талабалар колледжларни битирмоқдалар. Ҳукумат эса уларга иш топиб бериш имконияти эга эмас. Менимча, аввал ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳолини иш билан таъминлаш масаласини ҳал қилиш керак”, − дейди у.
NBCAнинг Тошкентдаги сиёсий таҳлилчиларидан бирининг фикрича, колледж ва академик лицейларнинг обру-нуфузи ва ўқишга киришнинг қийинлига қараб табақалиниши коррупцияга йўл очиб беради.
“Ҳозирда бирор нафузлироқ академик лицейга фарзандини ўқишга киритиш учун ота-оналар [юқори лавозимдаги амалдорларга ёки лицей маъмуриятига] 600-800 доллар атрофида пора беришлари керак. Ваҳоланки, бу ҳол ўрта таълим мактаблари мавжуд пайтда рўй бермоқда. Вақти келиб, барча ўқувчилар колледж ва лицейларга ўқишга киришга мажбур бўлган пайтда эса бу поранинг миқдори чегараланмаган миқдорда ортиши мумкин”, − дейди сиёсий шарҳловчи.
Бу фикрни ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Хамроев ҳам ёқлайди. Хамроев бунинг асоси ўлароқ?, лицей ва колледжлардаги юқори даражадаги порахўрликни фош қилувчи таълим системасидаги мониторинг маълумотларини келтиради.
“Лицей ва колледжларнинг кириш имтиҳонлари ҳаддан зиёд мураккаб. Пора бера олмаган кўпчилик ўқувчилар эса имтиҳондан “йиқилиб” қоладилар”, − дейди у.
(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади.)