Покистон бош вазири Тошкент ва Вашингтон ўртасида ўртамчи

Покистон бош вазири Тошкент ва Вашингтон ўртасида ўртамчи

, Ўзбекистонга келган Покистон бош вазири ўзбек-америка муносабатларини тиклашда воситачилик вазифасини ўтаган бўлиши мумкин, деб тахмин қиладилар NBCAнинг шарҳловчилари.



Ўтган ҳафтада Покистон бош вазири Шавкат Азиз Ўзбекистонда уч кунлик ташриф билан келди. Бунда у президент Каримов билан транспорт ва энергетика соҳасида келишим қабул қилди. Шунингдек, Азиз Покистон ўзбек гази ва электр энергиясини сотиб олишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди ҳамда Ўзбекитонга Хинд океанидаги ўз портларига чиқишни таклиф қилди.



Шунга қарамай, Ўзбекистондаги таҳлилчилар икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг ривожланиб кетишига ишончсизлик билан қарамоқдалар. Иқтисодчи Дмитрий Поваровнинг фикрига кўра, айнан энергетика соҳасида Покистон маълум бир жиддий лойиҳаларни йўлга қўйиши амримаҳол. Чунки электр энергияси тармоқлари Афғонистон орқали олиб ўтилади, у ердаги доимий беқарорлик эса бунга халақит беради.



«Ўзбек иқтисодининг бошқа жабҳаларида ҳам Исломободлик сармоядорларга осон кечмайди, - дейди иқтисодчи. Хорижлик сармоядорлар учун очиқ бўлган ўзбек иқтисодининг асосий қисмини Россия, Хитой ва Жанубий Корея каби давлатларнинг компаниялари эгаллаб турган бир пайтда Покистоннинг жиддийроқ улуш олишга кўзи етмаса керак”.



NBCAнинг бошқа ҳамсуҳбатлари бундай иқтисодий манфаатни кўзлаган ташрифдан кўра сиёсий мақсадни кўзлаган ташриф манфаатлироқ бўларди, дея тахмин қиладилар.



Ўз номини ошкор қилишни истамаган ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчининг тахмин қилишича, Андижон воқеаларидан сўнг ёмон аҳволга келиб қолган ўзбек-америка алоқаларини қайта тиклаш учун Покистон бош вазири Каримов ва Жорж Буш раҳбарияти ўртасидаги ўртамчилик вазифасини ўз зиммасига олган.



2005 йил Андижонда ҳукумат аскарлари маҳаллий аҳолининг намойишини ўққа тутиб, бир неча юзлаб одамлар ҳалок бўлгандан сўнг, бу воқеа юзасидан Вашингтоннинг танқидига жавобан Тошкент АҚШдан ўз ҳарбий базасини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини талаб қилган ва икки томонлама муносабатларни тўхтатиб қўйган эди.



“АҚШ билан алоқада бўлган мусулмон ўлкалари билан Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сиёсий алоқаларининг мустаҳкамланиши мамлакатнинг сиёсий изоляция ҳолатидан чиқиб кетишига билвосита ўз таъсирини кўрсатади”, – дейди шарҳловчи.



Унинг фикрича, сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг Қувайт, Миср ва Покистон каби давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилиши сира ҳам тасодиф эмас. Шу йилнинг январ ойида Каримов Қувайтда бўлиб қайтди ва март ойининг охирида Мисрга сафар қилиш ниятида.



Ўз номини ошкор қилишни истамаган яна бир сиёсий эксперт ҳам шунга яқин фикр билдиради. Унга кўра, бу йил Каримов учун Вашингтон билан аввалги алоқаларини тиклаши ўта муҳим.



“Бу Каримов учун ҳал қилувчи йўл бўлади. Ахир сайлов яқинлашмоқда. Каримов дарҳол Вашингтоннинг қўллаб-қувватлаши ҳақидаги ваъдасини, ҳеч бўлмаганда ҳимоясини олиши зарур. Чунки Москванинг хатти-ҳаракатларидан Каримовнинг кейинги бошқарувчилик муддатида қўллаб-қувватлаши мумкинлиги ҳақида бирор нарса дейиш қийин.”



(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists