Каспий бўйи блогининг тузилиш эҳтимоли мавжудми?

Каспий бўйи блогининг тузилиш эҳтимоли мавжудми?

Tuesday, 6 October, 2009
-қарши фикрларга қарамай, Кремль томонидан илгари сурилаётан минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ташкилотини тузиш ғояси кўринишидан, амалга ошиши эҳтимолдан йироқ эмас, дея тахмин қиладилар NBCA шарҳловчилари.



Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида 11-13 сентябрь кунлари тўртта Каспий бўйи давлатлари – Россия, Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбайжон президентларининг норасмий саммити бўлиб ўтади. Бошқа Каспий бўйи давлати – Эроннинг раҳбари учрашувда иштирок этмайди.



Caspian Energy веб-ресурсининг хабарига кўра, Қозоғистоннинг Озарбайжондаги элчиси Серик Примбетовнинг Бокуда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, тўрт мамлакат президентлари “чегара олди ва минтақавий ҳамкорлик” масалаларини муҳокама қилиб олишмоқчи.



NBCA таҳлилчиларининг тахмин қилишларича, Россия президенти Дмитрий Медведевнинг ўтган йилнинг октябрь ойида эълон қилган Каспий иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (КИҲТ) тузиш тўғрисидаги ташаббуси “галстук тақилмайдиган” учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлиб қолади.



Ушбу ғоя ишитрокчилар ўртасида қизиқиш уйғотган бўлса ҳам бу борада ҳозирча қарор қабул қилингани йўқ.



2009 йилнинг август ойи бошида Каспий масалалари бўйича мажлисда Медведев янги минтақавий ташкилотни тузиш бўйича ҳаракатларни “давом этиш лозим”, дея билдирди.



NBCA экспертларининг айтишича, ўз хом ашёларини материкда ва Каспий денгизи шельфида қазиб чиқарётган йирик углеводородлар ишлаб чиқарувчилари Туркманистон ва Озарбайжон энергия воситаларининг экспортини ғарбий йўналиш бўйича ривожлантириш бўйича истаклари Кремлни безовта қиляпти.



Расмий Боку энергетика соҳасида ўзининг мустақил ташқи сиёсатни олиб бораётганига анча бўлди, Россияга қарашли “Газпром” ширкатининг қувурлари билан чекланиб қолган Туркманистон эса Москвага муқобил лойиҳаларда иштирок этиш истагини фаол равишда изҳор этиб келмоқда.



Аммо кенг кўламли энергетик ниятларнинг амалга оширилишига Каспий денгизининг тартибга солинмаган мақоми ҳалақит қилмоқда.



Озарбайжон, Россия ва Қозоғистон денгизни соҳилдан бошлаб ўрта чизиқ бўйлаб тақсимлашни таклиф этмоқдалар. Бу нарса уларга нефть захираларига эгалик қилиш бўйича анча афзалликларни беради. Эрон денгизни тенг тақсимлаш адолатдан бўлади дея ҳисоблаяпти, Туркманистон Каспийни соҳил бўйидаги нефть қудуқларини ҳисобга олган ҳолда тақсимлашни таклиф этмоқда.



Сув ҳавзаси секторларининг делимитацияси тўғрисидаги баҳслар бошланганига мана ўн икки йил бўлди. Экспертларнинг тахмин қилишича, Москва Каспий блогини тузиш орқали ушбу масалани ҳал қилиш мумкин дея ҳисобламоқда.



“Озарбайжон ва Туркманитон Америка Қўшма Штатлари ва Европа мамлакатлари кўмагида қўққисдан икки томонлама тартибда Каспий денгизнинг юридик мақомини белгилаш тўғрисида келишиб олсалар, нима бўлади? Воқеаларнинг бу йўналишда ривожланиши Россия учун мақбул бўлмайди, - дея тахмин қилади Бокудаги Гафгаз Университети халқаро муносабатлар кафедрасининг мудири Ровшан Иброҳимов. - Минтақавий ташкилотнинг тузилиши бундай вазиятнинг юзага келишига тўсқинлик қилувчи босим воситаларининг ривожланишига олиб келар эди”.



Кафедра мудирига кўра, Каспий иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг барпо бўлиши “назарий жиҳатдан имконияти бор” лойиҳа бўлиб, бу борада Каспий денгизининг келишилган юридик мақоми йўқлиги бу нарсанинг амалга ошишига тўсқинлик қила олмайди.



“Барча мамлакатлар соҳил бўйида жойлашгани етарли факт саналади”.



Бошқа тарафдан қараганда, Россиянинг Озарбайжон ва Туркманистон билан янги муносабатлар ўрнатишга имконияти бор. Ҳолбуки, бу икки мамлакат Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) доирасида истар-истамас ҳамкорлик қилмоқда ва Кремль томонидан тартибга солиб келинаётган минтақавий блоклардан бирортасига ҳам аъзо эмас.



Айни пайтда Болгарияда истиқомат қилаётган туркманистонлик иқтисодий таҳлилчи Аннадурди Хожиевга кўра, Москва ушбу мақсадига етишиш учун “ўзаро манфаатли қарорлар ва уларни бажариш мажбуриятининг” схемасини ишлаб чиқарганида яхши бўлар эди. Мисол учун, Каспий денгизи тубида қувурларни ётқизиш бўйича барча келишув битимлари ушбу масалар барча Каспий бўйи мамлакатлари томонидан маъқулланганидан кейин имзоланиши лозимлигини қонуний йўл билан мустаҳкамлаб қўйиш керак.



Ашхободлик энергетик эксперт Каспий бўйи минтақавий блогини тузиш иштиёқида Кремлнинг Каспий денгизини тақсимлаш масаласи бўйича Туркманистонни ўз томонига оғдириш, бундан кейин бўлса “муомалага юрмайдиган” Эронга қарши “ягона жабҳада” чиқиш истагини кўрмоқда.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)
Central Asia
Frontline Updates
Support local journalists